my5
Sevimli

Алдов йўли билан имзолатилган олди-сотди шартномасини суд орқали бекор қилиш мумкинми?

САВОЛ-ЖАВОБ 09.05.2021, 20:36
Алдов йўли билан имзолатилган олди-сотди шартномасини суд орқали бекор қилиш мумкинми?

Таҳририятга Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро Т.Азизжоновдан мурожаат келиб тушди...  

— 2017 йил март ойида Қозоғистондан қайтиб келганимда хотиним уйни кадастр қилганини айтиб, ҳужжатларга имзо қўйишимни сўради. Ўқимасдан имзо қўйиб юборганман. Кейин билсам, уй олди-сотди шартномасини имзолаган эканман. Лекин уй сотилишига розилик бермаганман. Ҳозирда уй бошқа одамга ўтган. Хотиним билан қонуний никоҳимиз бор. Судга мурожаат қилиб, олди-сотди шартномасини бекор қилдиришим мумкинми? Имзолаган ҳужжатимда 1350 кв. уйдан 800 кв. сотилишига розилик берганим айтилган. Агар шундай бўлса, суд орқали қолган қисмини қайтариб ололаманми?

Мурожаатга жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Шароф МЎМИНОВ билан боғландик:

— Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1. Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2. Фуқаролик кодексининг 382-моддасига асосан агар ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.

Шу билан бирга, алдов йўли билан шартнома имзоланган таєдирда, мазкур шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш лозим.

Фуқаролик кодекси 112-моддасида битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқариши, бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаслиги белгиланган. Уй-жой олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланиши лозим. Бундай ҳолатда олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланмагани, давлат рўйхатидан ўтказилмагани сабабли ўз ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Дилдора НАЗАРОВА 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси