my5
Sevimli

Судда шаръий турмуш қурилганини маълум қилиш ажрим жараёнини тезлаштирадими?

САВОЛ-ЖАВОБ 11.05.2021, 22:59
Судда шаръий турмуш қурилганини маълум қилиш ажрим жараёнини тезлаштирадими?

Таҳририятимизга Тошкент шаҳридан Ирода қуйидагича мурожаат йўллади:

— Шаръий никоҳ асосида иккинчи марта турмуш қурдим. Аммо биринчи турмушимдан расман ажрашмаганман. Суд олти ой ярашув муддати тайинлади. Кейинги суд мажлисида бошқа турмуш қилганимни айтсам, тезроқ ажраштиришадими? 

Саволга жавоб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Шавкат НАЗАРОВ билан боғландик:

— Қонун ҳужжатларига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилишини ва диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини яхши биласиз.

Таъкидлаш жоизки, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Суд оилани сақлаб қолиш ва эр-хотинни яраштиришнинг барча чораларини кўриши асносида, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақлидир. Бироқ турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра, эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек, эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўриш мобайнида суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради. 

Шунингдек, ҳеч қандай далил, яъни эр ёки хотиннинг шаръий никоҳ асосида бошқа турмуш қурганлиги ҳолати суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмаслиги қатъий белгилаб қўйилганлиги инобатга олиниши зарур.

Фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари никоҳдан ажратиш талаби билан судга мурожаат этган эр ёки хотинга ўз талабини исботлаш учун жуда кенг имконият яратиб берганки, булар аввало никоҳдан ажратиш талабини асословчи ҳар қандай маълумотни далил сифатида судга тақдим этиш ҳуқуқини амалга ошириш орқали рўёбга чиқарилади.

Демак, фақат шаръий никоҳ асосида бошқа турмуш қурганлиги ҳолатини қонуний никоҳдан ажрашиш талабини исботловчи далил ҳамда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топиш учун етарли асос бўлади, деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ эмас.

Дилдора НАЗАРОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси