Пойтахтда мавжуд бозорларда нархлар ҳар хил эканлигига кўзимиз тушади. Масалан, “Олой” ва “Фарҳод” бозори, улар орасидаги нархлар анча фарқ қилади. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Умуман, нархлар мўътадиллигини йил бўйи сақлаб туриш учун қандай ишлар олиб борилади?
М.Ҳасанов, Тошкент ш.
Тўлқин ИБРОҲИМОВ, “Тошбозорсавдо” уюшмаси “Савдо, ташкилий ишлар ва бозорлар фаолиятини мувофиқлаштириш” бўлими бошлиғи:
— Тўғри, бозорлардаги нархлар ҳар хил. Айниқса, буни “Олой” деҳқон бозори мисолида кўришимиз мумкин. Айнан шу бозорда уюшмамиз томонидан нархларни арзонлаштириш мақсадида бир неча марта маҳсулотларнинг арзон нархларда сотилишини йўлга қўйиб кўрилди, аммо бу ижобий натижа бермади. Балки, бугунги кунда мазкур бозор нархларига шу ердан харид қилувчилар мослашиб қолгандир. Аммо, бир қатор катта деҳқон бозорларимизда нархларда катта тафовут кузатилмайди. Айниқса, бу йил ўтган мавсумга қараганда нархларда анча пасайиш кузатилди.
Нархлардаги мўътадилликни таъминлаш мақсадида “Тошбозорсавдо” уюшмаси вилоят деҳқонлари билан олдиндан шартномалар тузиш ва маҳсулотлар захираларини бойитишни амалга оширмоқда. Хусусан, уюшма тизимидаги деҳқон бозорлари томонидан Сурхондарё вилояти туманларида деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қўшимча 10 минг тонна сабзи, 3 300 тонна карам ва бошқа маҳсулотларни сақлаб туриш шарти билан шартномалар тузилган.
Деҳқон бозорларининг ўзида эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг мўл-кўлчилигини ва нархларнинг асоссиз кўтарилиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида “Элга хизмат” корхоналари ташкил этилган. Ўтган 2014-2015 йиллар ичида мазкур корхоналар томонидан 41,5 млрд сўмлик маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда аҳолига сотилди. Аҳамиятли томони сотилган маҳсулотларнинг 74% терминаллар орқали банк пластик карточкаларига сотилди.