Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича 30 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинган. Ўтган йили 101 минг гектар, жорий йил биринчи ярим йилликда эса 190 минг гектар қўшимча ер майдонлари ўзлаштирилган. Охирги 3 йилда эса қишлоқ хўжалигига 1,5 триллион сўм субсидия ажратилган. Қишлоқ хўжалигини барча йўналишларида кластер тизими жорий қилиниб (жами 650 та кластер), уларга жорий йилнинг ўзида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар берилган. Бу ҳақда айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай,қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш прогнозга нисбатан паст эканлиги танқид қилинди. Таъкидланишича, Жаҳон банки таҳлилига кўра, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни ўртача 3 фоизга ошириш ҳисобига, қишлоқ аҳолиси учун 900 мингта янги иш ўринлари яратиш мумкин.
“Вилоятлар ҳокимлари бир нарсани яхши тушуниб олишлари керак”, - деди президент, - “Мамлакат аҳолиси ҳар йили 600 мингдан кўп ошмоқда, лекин озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсаётган талабни қондира олмаяпти. Бунинг оқибатида асосий турдаги озиқ-овқатлар импорти ошмоқда”.
Шунингдек, иккинчи ярим йилликда 1,5 миллион тонна гўшт, 6,5 миллион тонна сут, 5 миллиард дона тухум, 364 минг тонна балиқ, 6 минг тонна жун, 262 минг дона қоракўл, 785 тонна пилла ишлаб чиқариш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Мавзуга доир:
Ўтган 6 ойда иқтисодий кўрсаткичларимиз ошган. Қайси тармоқлар ҳисобига?






