Му5
44

Башорат 2019: Ақраб

МУНАЖЖИМЛАР БАШОРАТИ 15.01.2019, 14:39
15590
Башорат 2019: Ақраб

Ўзингиз ҳақингизда қайғуринг! (22 октябрь – 22 ноябрь)

Умумий башорат

“Ақраб”ларни 2019 йил турли соҳаларда ёрқин ўзгаришлар кутмоқда. Бу айниқса, ўқиш, иш, севги-муҳаббат ва ҳатто бошқа шаҳарга кўчиш борасида яққол кўзга ташланади. Агар ўзига ишониб, қатъият билан ҳаракат қилса, йўлларида ҳеч қандай тўсиқлар учрамайди. Юлдузлар 2019 йил баҳорининг охирларига катта режалар тузишни маслаҳат беришмайди. Улар амалга ошмай қолиши эҳтимоли бор.

Ёзда “Ақраб”лар куч-қувватга тўла бўлишади. Ана шундай қизғин паллада иш ва оиладаги кўпгина масалаларни ҳал этиш мумкин.

Севги борасида ҳавас қиларли ўзгаришларни “Тўнғиз йили” ваъда бермайди. Бироқ “Тўнғиз йили”да бўйдоқларнинг оила қуриши кутилмоқда. Шунингдек, ўзлари кўпдан бери кутган иш жойига эга бўладилар. Молиявий аҳволингиз ҳам тубдан ўзгаради.Ҳамкасбларингиз орасида обрў-эътиборга эга бўласиз.Юлдузлар “Тўнғиз йили”да атрофдагиларга камроқ ёрдам қўлини чўзиб, кўпроқ ўзлари ҳақида ғамхўрлик қилишни ҳам тавсия этишмоқда.

“Ақраб”лар “Ит йили”да катта даромадга эга бўлмаган эдилар, бироқ “Тўнғиз йили” уларнинг кармонларини тўлдиради. Фақат уларни режага кўра сарфланг. Акс ҳолда кўп нарсани қўлдан бой берасиз.

Тадбиркорлар учун февраль ойи оғир кечади. Аммо айтилган жойга ўз вақтида етиб боришга ўргансангиз, фойдали шартномалар тузиш ва эътиборли ҳамда тажрибали кишилар билан танишиш имконига эга бўласиз.

2019 йилда кичкинагина дўкон очиш ҳам, даромад олиб келади. Ижод йўналишида ҳам муваффақиятларга эришиш мумкин. Барча нарсани ипидан игнасигача ўйлаб иш кўрадиган бурж эгалари баҳорга келиб барча муаммоларни ҳал қиладилар ва анчадан бери амалга ошмаётган режаларга йўл очилади. 2019 йилда катта ёшдаги яқинларингиз ва раҳбарият билан тортишиш яхшиликка олиб келмайди. Қандайдир масалаларда сиз ҳақ бўлишингиз мумкин, бироқ муроса қилиш — бу борада энг тўғри йўлдир.

Режали иш юритишга ҳаракат қилинг, акс ҳолда февралда қилган режаларингиз ҳам амалга ошмай қолади.Ҳар бир ойга харажатлар рўйхатини тузишга одатлансангиз моддий жиҳатдан фойда беради. Уйнинг таъмирлаш ишлари ҳам 2019 йилги режага киритилган. Хўжалик ишларидаги ҳеч бир муаммони кўздан қочирманг.

Юлдузлар 2019 йилда ёзги мавсум ажойиб ўтишини башорат қилишмоқда. Кўпдан бери боришни истаган мамлакатга саёҳат уюштирасиз. Саёҳат учун маблағни қаердан оламан, дея бош қотирманг.Юлдузларнинг айтишича, ойлик маошингизга қў­шим­ча мукофот пуллари ҳам сизни кутмоқда. Баъзилар саёҳатдан ташқари йил давомида хизмат сафарларига ҳам чиқадилар.

Кузда бу бурж вакиллари бироз ҳордиқ чиқа­риш­лари керак. Таътил пайти оила даврасида тоғли жойларда дам олишга ҳаракат қилинг. Ҳордиқ телефон қўнғироқларисиз ва ортиқча безовталиксиз мукаммал бўлсин.

Декабрь ойи ҳам сермазмун ўтади. Йил давомида амалга оширган ишларингизни сарҳисоб қилиб, қу­вонасиз. Яқинларингизга совғалар тайёрлаб қўйишни ва арча олдида ният қилишни унутманг. Зеро, ушбу ўйлаган ниятингиз, албатта, амалга ошади.

ШАХСИЙ ҲАЁТ

2019 йилда шахсий ҳаётда кўплаб яхши ўзгаришлар содир бўлади. Ҳатто сизнинг оилавий бахтингизни кўриб, атрофдагилар ҳавас билан қарашади.

Юлдузлар оилалиларга кўпроқ табиат қўйнида оила аъзолари билан ҳордиқ чиқаришни ва яқин­лар иштирокида байрамлар ўтказишни тавсия қил­моқда. Байрам учун бирор сабаб бўлмаса-да, фарзандларингиз билан қизиқарли тадбирлар ташкиллаштиринг.

Нафақат хўжалик ишлари ва даромад излаш, балки болалар тарбияси билан ҳам шуғулланишни унутмаслик керак. Уй-жойни кенгайтириш вақти келди. Уй борасида иккиланманг — таваккал баъзида яхши натижаларга олиб келади.

“Тўнғиз йили”да маиший муаммоларни ҳал этиш борасида сизга олтин медаль берса ҳам арзийди. Унутманг, агар ўзингиз истасангиз, барча масалалар ечимини топади.

Турмуш ўртоғингиз билан ҳеч қандай муаммолар юзага келмайди. 2019 йил бир-бирингизни тушуниб, аҳил ва иноқ ҳаёт кечирасиз.

Оила қуриш истагида юрганлар эса куз ойларида кимнидир қаттиқ севиб қоладилар.

САЛОМАТЛИК

Бу бурж вакилларининг саломатлиги мустаҳкам. Бироқ унга беэътибор бўлиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Агар тўғри овқатлансангиз, сузиш билан шуғуллансангиз, ҳар куни маълум масофага югурсангиз ва кулиб юрсангиз, соғлиқ билан боғлиқ кўпгина муаммоларни четлаб ўтган бўласиз.

Музлатгични дарҳол “текширув”дан ўтказинг. У ерда фақат сабзавот ва меваларни ҳамда сут маҳсулотларинигина қолдиринг. Дам олиш кунлари фарзандларингиз билан фаол ўйинлар ўйнаш ҳам фойдадан холи эмас.

Юлдузлар 2019 йилда сизга жигар ва терингизни тозалашни маслаҳат беришмоқда. “Тўнғиз йили”да аллергия ҳам хавф солиши мумкин. Оғир касалликка чалиниб қолмадиммикан, деган хавотирни бас қилинг. Ҳаётга ишонч ва умид билан боқинг.

КАРЬЕРА

2019 йилда карьера борасида сизни обрўли ва эътиборли кишилар қўллаб-қувватлайди. Молиявий жиҳатдан “Тўнғиз йили”да муаммолар юзага келмайди. Таваккал билан бошланган ишга маблағ сарфламанг. Аввал сизни алдаган кишилардан ўзин­гизни четда тутсангиз, муаммолар юзага келмайди.

Ҳужжатларни имзолашда ва пул ўтказмаларини амалга оширишда эҳтиёткор бўлинг. Ишга ва даромадга тааллуқли маълумотларни бошқаларга “гуллаб” юрманг.Юлдузлар сизга ҳар ой ютуқли чипта олишни маслаҳат беришмоқда. Зеро, катта миқдордаги пул ютуғи ёки уй-жой ютиб олишингиз эҳтимолдан холи эмас.

АЁЛ "АҚРАБ"ЛАР

2019 йил аёллар учун осон кечмайди. Оилада рўзғор ташвишлари сизнинг бўйнингизга тушади. Иш ва рўзғор ташвишлари оиладаги муносабатларга ҳам, саломатлигингизга ҳам салбий таъсир ўтказади. Оғир юк кўтариш, дарахт экиш сизнинг вазифангиз эмас. Эркаклар қилиши керак бўлган ишларни бажармасликка ҳаракат қилинг. Бундай қаҳрамонликни турмуш ўртоғингизга қолдиринг. Ўзингиз эса ошхонада ширин таомлар билан яқинларингизни хушнуд этинг. Фарзандларингиз билан очиқ суҳбатлашишга ўрганинг.Оила аъзолари билан муносабат қилишда ишонч ва самимийликка таянинг. 2019 йилда ташқи кўринишингизга янада аҳамиятли бўлишингизни тавсия қиламиз. Чунки сиз табиатан мафтункор аёлсиз. “Тўнғиз йили”да гўзаллик салони, косметология, юз учун ниқоблар ва замонавий либосларга кўпроқ урғу беринг.

Ёзнинг охири ва куз, айниқса, омадли кечади. Йил сўнггида эса эски қадрдонларни учратасиз.

ЭРКАК "АҚРАБ"ЛАР

Эркакларда 2019 йил хизмат сафарлари жуда кўп бўлади. Бироқ уларни рад этиш ярамайди. Чунки улар туфайли яхшигина даромад топишингиз мумкин. Ҳа, айтганча, сафарга от­ла­ниш чоғида дори-дармонларни “ғамлаб” олишни унутманг. Доимий йўл ташвишлари саломатлигингизга таъсир қилиш эҳтимоли бор.

“Тўнғиз йили”да дўстларингиз ёки оила аъзоларингиздан бирини маънавий қўллаб-қувватлаб туришингизга тўғри келади. Ота-онангизни тез-тез йўқлаб туришни ҳам ёддан чиқарманг.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+6° дымка
Валюта курси
rightuz