1

Муҳокамаларга сабаб бўлаётган Бош вазир иштирокида ўтказилган йиғилишда қандай масалалар кўрилгани маълум қилинди

ЖАМИЯТ 13.10.2020, 20:01
Муҳокамаларга сабаб бўлаётган Бош вазир иштирокида ўтказилган йиғилишда қандай масалалар кўрилгани маълум қилинди

12 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда АОКА хабар берди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда ахборот хизматлари фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Президентимизнинг юқоридаги қарори қабул қилингунга қадар танқидий материалларга давлат идоралари томонидан жавоб қайтариш амалиёти 12 фоиз бўлиб, 2019 йил декабрь ойида ушбу кўрсаткич 83 фоизга кўтарилган. Бироқ, пандемия оқибатида ахборот маконида катта баҳс-мунозаларга сабаб бўлаётган мавзулардаги чиқишларга муносабат билдириш даражаси 2020 йил апрель ойида 62, май ойида 67, июль ойида 70, август ойида 64 фоизга тушиб қолди. Сентябрь ойида эса бу кўрсаткич 73 фоизни ташкил этди.

Тадбирда матбуот хизматлари фаолиятини доимий ўрганиб бориш, мавжуд камчиликларни аниқлаш, давлат органлари томонидан ахборот маконидаги турли таҳдидларга ўз вақтида, малакали жавоб бериш механизмини йўлга қўйиш бўйича айрим таҳлилий маълумотлар тақдим этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси  ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарияти томонидан ҳозирги кунга қадар 113 та давлат органи ва ташкилоти ахборот хизматлари фаолияти ўрганилгани, улардан 12 таси (11%)нинг иш самарадорлиги юқори, 55 таси (47%) ўрта ва 20 таси (18%)нинг иши қониқарли деб баҳоланган бўлса, 26 та (23%) ахборот хизматининг натижалари паст даражада экани маълум қилинди.

Хусусан, Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Кадастр агентлиги, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ахборот хизматлари фаолияти алоҳида эътироф этилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Интеллектуал мулк агентлиги каби бир қатор ташкилотларнинг ахборот хизматлари ишини фаоллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Матбуотда, турли ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда эълон қилинаётган таҳлилий-танқидий материаллар доимий равишда мониторинг қилиниб, материалларга давлат органлари мутасаддиларининг тезкорлик билан муносабат билдиришини таъминлаш мақсадида Агентлик 90 дан ортиқ вазирлик, идоралар ҳамда тегишли ҳокимликларнинг ахборот хизматлари ва ижтимоий тармоқлардаги каналлари билан мессенжерлар орқали коммуникацияни йўлга қўйгани қайд этилди.

Бугунги шиддатли ахборот алмашиш шароитида 30 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг “Телеграм” мессенжеридаги каналлари аъзолари сони 500 тага ҳам етмаслиги айтилди. Хусусан, Когон туманида 172 та, Фориш туманида 200 та, Бувайда туманида 208 та, Қўштепа туманида 215 та, Томди ва Улуғнор туманларида 265 тадан, Жондор туманида 295 та, Хива туманида 296 та аъзо бор холос. 20 дан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимликларининг эса “Facebook” ижтимоий тармоғида саҳифаси очилмаган. Бу эса давлат органлари ва ташкилотларининг расмий манбалари орқали тезкор ва асосли муносабат билдириб бориш имконини чеклайди.

Йиғилишда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликларнинг мамлакат ҳаётида кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги материалларни ўз ахборот каналлари орқали энг узоқ ва чекка ҳудудларгача етказиб бериш имкониятлари таҳлил қилинди.

Матбуот хизматларининг ахборот маконидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, фуқароларни қизиқтирган саволларга ойдинлик киритувчи тегишли маълумотларни ташкилот веб-сайтида доимий ёритиб бориш, муаммо ва камчиликлар юзасидан онлайн-мулоқотлар ўтказиш яхши самара бераётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, йиғилишда ахборот хизматлари учун штат бирликларини қайта кўриб, кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида топшириқлар берилди. Давлат органлари раҳбарлари ҳамда матбуот котиблари учун ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини ошириш ҳамда зиддиятли вазиятларга тайёргарлик, очиқликни таъминлаш, ижтимоий тармоқлар билан тизимли ишлаш, ташкилотнинг PR-стратегиясини ишлаб чиқиш ва ахборот маконида ижобий имижни яратиш каби йўналишларда махсус ўқув-курсларини ташкил этишга келишиб олинди.

Йиғилиш якунида ахборот хизматлари фаолиятига эътиборсизликнинг салбий оқибатлари ва аҳолини етарлича ахборот билан таъминлаш масаласи юзасидан таҳлилий-танқидий маълумотлар атрофлича муҳокама этилди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1