1

Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақирди

ЖАМИЯТ 22.02.2016, 20:28
Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақирди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи Аъзам Ибодуллаев ЎзА мухбирига Мамлакатимизда грипп вирусининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоялаш бўйича санитария назорати ва тиббий профилактика йўналишда олиб борилаётган тадбирлар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Грипп ва ўткир респиратор инфекцияли хасталиклар об-ҳавонинг ўзгариши билан қўзғалиш ва тез тарқалиш хусусиятига эга. Бу касалликларга қарши эмлаш, ниқоб тақиш, аҳоли орасида тиббий профилактика тадбирларини ташкил этиш орқали самарали курашиш мумкин. Мамлакатимизда бундай ишлар эрта кузда бошланган. Аҳолининг муайян гуруҳи касалликка қарши эмланди. Санитария-эпидемиология соҳаси ходимлари ва шифокорлар томонидан маҳаллалар, таълим масканлари, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Грипп билан хасталанган беморларга хонадон шароитида тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича барча имконият яратилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар врачлари, патронаж ҳамширалар, тез тиббий ёрдам шифокорлари аҳолига ўз вақтида кўмак бермоқда. Дорихоналарда мавсумий грипп касаллигини даволаш бўйича дори-дармон захираси яратилди. Тиббиёт ва таълим муассасаларида белгиланган тартибда дезинфекция тадбирлари ўтказилаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Грипп маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган касалликка қарши курашнинг самарали усуллари аҳоли орасида кенг тарғиб этилмоқда. Аввало, қўлни тез-тез, айниқса, аксириш ва йўталгандан кейин совунлаб ювиш, болаларни ҳам бунга одатлантириш, аксириш ва йўталиш пайтида оғизни рўмолча, салфетка ёки бошқа буюмлар билан бекитиш, хонадонда тозаликни сақлаш, уйнинг ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, исириқ тутатиш ана шундай муҳим қоидалардан ҳисобланади. Жамоат транспорти ва аҳоли кўп йиғиладиган жойларда юзга оқ докадан тикилган ниқоб тутиш, уни кунига уч-тўрт марта алмаштириш керак. 

Қиш мавсумида ва эрта баҳорда организмда витаминлар танқислиги юзага келиши мумкин. Бу грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликларга қарши организмнинг курашиш қобилиятини пасайтиради. Бунинг олдини олиш учун С витаминига бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, пиёз ва саримсоқ истеъмолини кундалик рационда кўпайтириш, рационал овқатланишни йўлга қўйиш, жисмонан фаол бўлиш, тоза ҳавода сайр қилиш, болаларга пахтали матодан ички кийимлар кийдириш ва мавсумга мос иссиқ кийинтириш лозим. 

Бугунги кунда жаҳон оммавий ахборот воситаларида зика вируси келтириб чиқарадиган касаллик ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бу касаллик бугунги кунда ўттизга яқин мамлакатда қайд этилган. Касаллик вируси 1947 йилда Угандадаги Зика ўрмонида аниқлангани боис шу ном билан аталади. Ушбу вирус ташувчиси бўлган Аэдес туркумига мансуб чивинлар Африка ва Лотин Америкаси ҳудудларидаги ўрмонларда учрайди. Мазкур ҳашаротлар мамлакатимиз табиий иқлим шароитида яшай олмайди. Шу боис бу касалликнинг юртимизда тарқалиши эҳтимоли йўқ. 

Кунлар исиши билан грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликлар камаяди. Бошқача айтганда, “мавсум” якунига етади. Бироқ ҳар бир инсон нафақат эпидемик мавсумларда, балки ҳар доим ўзи ва яқинлари саломатлиги ҳақида қайғуриши, тиббий-профилактика тадбирларига қатъий амал қилиши, огоҳ ва ҳушёр бўлиши зарур.

Касалликка чалинмасликнинг энг зарур ва ишончли йўли ҳар кимнинг ўз соғлиғига эътибори ва масъулиятидир. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1