1

Гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинади

ЖАМИЯТ 25.05.2021, 20:36
Гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинади

25 май куни Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. бу ҳақда  Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Унда Сенат аъзолари, Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзолари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлис давомида Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар, хусусан, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг якуний лойиҳаси дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Сенат Раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилиши Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига катта эътибор қаратилаётганини ифодалайди.

Давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро экспертлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилди. Эътиборли жиҳатига шундан иборатки, мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислохотларнинг иқтисодий ўсишини жадаллаштириш ва меҳнат бозорига кириб келаётган хотин-қизларни иқтисодий фаоллик билан қамраб олиш учун ишбилармонлик, инвестицион муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Асосан, хотин-қизларнинг иқтисодий ресурслардан, шу жумладан, кўчмас мулк, ер, молиявий кредитлар, жамоатчилик жамғармалари, шунингдек, эркин танланган тадбиркорлик фаолияти турларидан тенг фойдаланиш ҳуқуқи қўллаб-қувватланади.

Тадбирда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг даражада давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда иштирокини кенгайтиришни таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу стратегияни амалга ошириш натижасида юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгаяди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади. Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Шунингдек Гендер стратегиясини амалга ошириш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги стратегик мақсадлар контекстида қабул қилинган миллий ва халқаро мажбуриятлар (Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқалар) ни бажаришга кўмаклашади.

Экспертлар томонидан жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалалар биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмаслиги, бу борада барчанинг фаол иштирокини кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1