1

UzIMEI тизимига нисбатан эътирозларга "тишсиз" парламент вакили ўз муносабатини билдирди

ЖАМИЯТ 12.07.2021, 12:55
UzIMEI тизимига нисбатан эътирозларга "тишсиз" парламент вакили ўз муносабатини билдирди

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг телеграм каналида эълон қилган "UzIMEI: “Жаллод чойчақаси” ва “тишсиз” Парламент" ҳақидаги пости   ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Унда UzIMEI тизимига нисбатан эътирозлар, бунга парламентнинг “тишсиз” муносабати танқид остига олинган эди. 

Ушбу постга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр МАНИЯЗОВ ўз муносабатини билдирди.  

" – Танқид қилиш ёки эътироз билдиришга албатта ҳаққимиз бор, бу осон ҳам. Лекин масалага чуқурроқ киришсак, кўп саволларга ўз-ўзидан жавоб топилган бўларди?

Мутахассис сифатида шуларни аниқ айта оламан. Мобиль алоқанинг ривожланиши замонавий сервис хизматларини жорий этиш ва интерактив давлат хизматлари ҳамда электрон тижоратдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига амалга ошади. Қолаверса, халқаро стандартларга мос мобиль телефонлар ва алоқа қурилмаларини кенг ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳам бизда давлат сиёсати даражасидаги масалага айланган.

Соҳани тушунган одам сифатида муаммолар гувоҳиман. Кўпчилик қатори ўзимдаям савол туғилар эди: “Одамлар ишлатаётган мобиль қурилмаларнинг сифати, техник кафолати, хавфсизлиги ва уларнинг ичида жойлаштирилган дастурларга кафолат борми?” Йўқ!

Ачинарлиси, яқин йилларгача бу ҳеч кимни қизиқтирмади ва муаммонинг ечими ҳам назардан четда қолиб келмоқда.   Уяли ускуналарнинг сифати ва хавфсизлигига кафолат берадиган бозорни шакллантириш вақти эса аллақачон эшик қоқиб турибди. Аниқроғи, 2019 йил ноябрь ойигача республикамизга олиб кирилган смартфонлар-у, бошқа мобиль қурилмалар аксарияти ушбу йўналишдаги бизнес сифатида хуфёна иқтисодиётнинг бир йўналиши ҳисобланган. Эркин савдода бўлган бу каби ашёларнинг деярли 87 фоизи давлат ҳудудига яширин равишда олиб кирилган.

Аслида, бундай қурилмалар миллионлаб бўлсада, ўша давргача расман “республика бўйича йилига 50-60 мингта телефонлар олиб кирилмоқда”, деган ҳисобот юритилар эди.

Мобиль қурилмалар кундалик ҳаётимиз, айниқса, пандемия даврида турмуш тарзимизнинг ажралмас ҳамроҳига айланди. Энди, одамлар ўз электрон ҳамёни ҳавфсизлигини кафолатланмаган мобиль қурилмага қандай қилиб ишониб топшириши мумкин? Бу ҳам майли, биринчи ўринда қиммат телефонни арзонроқ сотиб олиш муаммоси туради. Бунақа вазиятда носоғлом рақобат тарафдорлари бўлган ноқонуний телефонларни олиб кирувчи шахслар фойдаланиб қолади. Албатта, бундай “ёғли бозор”ни биров ўз-ўзидан бериб қўйгиси келармиди...? Балки, ҳар хил қарашлар ва эътирозларни, аслида, уларнинг ўзлари ўйлаб топиб, илгари суришаётгандек туюляпти десам, ҳайрон бўлмассиз," - дейди депутат.

 

Шунингдек, депутат UzIMEI тизимини жорий қилиш натижасида халқимизга сифати ва хавфсизлиги кафолатланган мобиль қурилмалар етиб келишини исботловчи қуйидаги жавобларни санаб ўтди:

Унга кўра,

1. Истеъмолчилар учун сифатли мобиль қурилмалардан фойдаланиш имконияти яратилди, сифати кафолатланган, ҳалқаро талабларга жавоб берадиган маҳсулот кириб келмоқда. Халқаро GSM талаби бўйича стандартларга жавоб бермаган қурилмалар рўйхатдан ўтказилмаяпти.

2. Ички бозорда контрафакт маҳсулотлар айланиши чекланмоқда, телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.

3. Мобиль алоқа қурилмаларини ишлаб чиқарувчи йирик компанияларнинг ваколатхоналари очилмоқда. Булар кафолатланган соғлом рақобат муҳити бор бўлсагина ваколатхона очишади. Бугунги кунга қадар бундай соғлом муҳит бўлмаган.

4. Расмий олиб кирилган қурилмаларни савдо мажмуалари харидорларга муддатли тўлов ёки кредит асосида сотмоқда. Бундай хизмат норасмий олиб кирилган қурилмаларга кўрсатилмайди.

5. Халқаро стандартларга мос мобиль телефонлар ва мобиль алоқа модулига эга қурилмаларни маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш қўллаб-қувватланмоқда.

6. Тизимнинг жорий этилиши фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга замин яратади. Яъни, бу нафақат мобиль қурилмаларни ўғрилаш билан боғлиқ жиноятларни камайтирмоқда, балки давлат ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаб берувчи чораларининг самарадорлигини оширди. Қолаверса, мазкур тизим бозордаги шаффофлигини янада ошириб, қалбаки маҳсулотларни республика ҳудудига олиб келиш ҳажмини камайтирган.

" - Энди, масалани тўлиқ ўрганмасдан ва бир томонлама фикрларга ишониб “ушбу тўловларни истеъмолчи тўлайди” деган нотўғри тушунчалар ҳақида икки оғиз.

Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида” 2019 йил 17 сентябрдаги қарорида аниқ қилиб ёзиб қўйилган, яъни мобиль қурилмани импортёр республика ҳудудига олиб кирган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан бериладиган давлат божхона декларацияси асосида IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинган мобиль қурилмаларнинг eSim IMEI-кодлари сотувга чиқаргунга қадар рўйхатдан ўтказилиши ва шундан сўнг истеъмолчига етиб бориши таъминланмоқда. Яъни, оддий сўз билан айтганда истеъмолчи ҳеч қандай тўлов амалга оширмаяпти, Sim слотга ҳам eSimга ҳам. Истеъмолчи мобиль қурилмани республика ҳудудида сотиб олгандан сўнг, уни IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов амалга оширилиши назарда тутилмаган.

Ҳанузгача айрим фуқароларнинг (асосан четга чиқиб келган) паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, республика ҳудудига ноқонуний (контрабанда) йўллар билан олиб кирилган мобиль қурилмаларни он-лайн равишда (расмий сайтдан, SMS ёки USSD код орқали) рўйхатдан ўтказишмоқда. Бундай тартибда ўтказишда, паспортни ҳақиқий эгаси ёки бегона шахс томонидан ҳаракат амалга оширилаётганлиги тизимга номаълум бўлади. Бироқ он-лайн хизматини ҳам ўчириб бўлмайди. Бундай ҳолат юзага келиши фақатгина сохта тадбиркорларнинг виждонига ҳавола", - дейди қуйи палата вакили.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1