1

"Бойчечак айтиб келдик уйингизга..." Ёхуд баҳор мавсуми билан боғлиқ қандай одат ва иримларимиз бор?

ЖАМИЯТ 21.03.2022, 11:28
"Бойчечак айтиб келдик уйингизга..." Ёхуд баҳор мавсуми билан боғлиқ қандай одат ва иримларимиз бор?

Халқимиз орасида бир-биридан қизиқ, баъзан кулгили, баъзан эса жуда ҳайратланарли бўлган одатлар ёхуд ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, сафар ойида сафар қилинмайди, шанба куни касал кўрилмайди, ҳавода учиб юрган мезонга қараб фаслларни ёки қушлар парвозига қараб об-ҳавони башорат қилиш каби одатларни кунда учратиб турамиз. 

Аслида ой ва кунларнинг ҳаммаси бир хилдир. Уларда турли фазилатлар бор, аммо ҳеч бирида ёмонлик йўқ. Дарҳақиқат, мавсумлар билан боғлиқ одатларимиз ҳам йўқ эмас. Ҳозир уларнинг айримларига тўхталамиз. Сиз эса бу одатларни ўз кундалик ҳаётингизда қанчалик қўллайсиз ёки дуч келгансиз, ўқиб билишингиз мумкин. 

ЛОЙ ТУТИШ ОДАТИ — НИМА У?

Баҳорги мавсумда лой тутиш, шох мойлаш, ёмғир чақириш, дарвишона каби маросим ва одатларимиз бор.

Масалан, лой тутиш маросимида муайян ҳудудда яшайдиган аҳоли ариқларни тозалаш, далага сув чиқаришни осонлаштириш учун ҳашарга чиқади. 

МЎЛ ҲОСИЛ БЎЛИШИНИ ИСТАБ...

Шох мойлар маросими баҳорги деҳқончилик ишлари билан боғлиқ бўлган. Деҳқонлар йил давомида экин-тикин мўл-ҳосил беришига умид қилиб биринчи қўш ҳайдайдиган ҳўкиз шохига зиғир мойи сурганлар. Маросимда деҳқончилик пири – бободеҳқондан мўл ҳосил бўлишини тилаб ният қилишган.

ЁМҒИР ЁҒМАСА...

Ёмғир чақириш маросими бу, асосан, баҳорда ёмғир ёғмаган йилларда “Суст хотин” қўшиғини айтиб ўтказилган.

“БОЙЧЕЧАК” АЙТИБ ҚИШНИ ҲАЙДАЙМИЗ...

“Бойчечак” қўшиғини айтиш одати туркий халқларда кўклам келиб, бойчечак чиққанда, баҳорнинг илк гулига бағишлаб ўтказиладиган анъанавий одатлардан бири. Баҳор билан боғлиқ “Лола”, “Гул” каби кўплаб сайлларнинг ибтидоси “Бойчечак” маросими ҳисобланади.

Бойчечак тутган болалар уйма-уй юриб, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Бу одатлар қанчалик тантанали ўтса, унда кўкламни улуғловчи қўшиқлар қанчалик баланд овозда куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этишига ишора қилинган. Кўклам чечаги бойчечак эса хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади, деб тасаввур қилинган. Хонадон эгалари бойчечак келтирган болаларга қишни қувиб ҳайдаб, уйига кўкламни олиб келгани учун совға-салом улашган. Келаётган кўкламнинг бу курашда қишни енгиши табиатга таъсир қилади, деб тушунилган.

ҚАРИЯЛАР ТИЛЛАРИДАН МАВСУМ ИРИМЛАРИ

✅ Данакли меваларни Наврўз ўтгандан сўнг еб бўлмайди, уларнинг данагидан зарарли газ чиқиши илмий асосланган;

✅ Агар баҳор мавсумида ёмғир ёғиши кечикса, сумалак учун кўкартирилган буғдойдан бир қисми ариққа оқизилади;

✅ Ҳаддан ташқари ёғингарчилик кўп бўлса, кўкартирилган буғдой парчаси томга отилади;

✅ Қалдирғоч паст учса, тез орада ёмғир ёғади;

✅ Қизалоқларнинг қулоқларига биринчи марта сирға қалдирғочлар учиб келгунга қадар тақилиши лозим, шунда у яра ҳосил қилмайди;

✅ Кузда момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақса, қиш ёғингарчилик­ларсиз, агар қишда бўлса, баҳор ёғингарчиликларсиз кузатилади;

✅ Ёмғир ёғиб турган пайтда момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақса, 40 кун ёмғир ёғади;

✅ Агар қуруқ ҳавода момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақса, 40 кун ёғингарчиликларсиз ҳаво бўлади;

✅ Баҳорда ер одам кучини олади ва ундан кўклам унади, шунинг учун турли кўкатлар ушбу мавсумда куч берувчи озуқа сифатида истеъмол қилинади.

 

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1