1

"Бизнинг кучли томонларимиз бу – ЮНЕСКО рўйхатига кирган тарихий шаҳарларимиздир"

ЖАМИЯТ 24.03.2022, 18:15
"Бизнинг кучли томонларимиз бу – ЮНЕСКО рўйхатига кирган тарихий шаҳарларимиздир"

Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз майдонида 1,5 мингдан ортиқ йирик инвестор ва 56 мамлакатдан олий даражадаги меҳмонларни бирлаштирган бундай кенг миқёсдаги илк тадбир ҳисобланади. 

Форумнинг устувор вазифаларидан бири — жаҳон ишбилармонлар жамиятига миллий сайёҳлик секторининг таъсирчан истиқболлари ва имкониятларини хориж инвесторлари учун устувор йўналиш сифатида очиб беришдан иборат. 

  Спикерлар Ўзбекистон —  8 мингдан ортиқ маданий мерос объектини ўзида жамлаган ва шундан 200 дан ортиғи – тўртта шаҳар-музей таркибида ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига кирувчи улкан сайёҳлик-рекреацион потенциалга эга мамлакат эканлигини таъкидлади. Туризм соҳасидаги давлат сиёсати ушбу соҳани ҳудудлар ва уларнинг инфраструктурасини тезкор комплекс ривожлантириш локомотивларидан бири сифатида такомиллаштиришга йўналтирилган. Бу муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш, иш ўринларини кўпайтириш, мамлакат имижи ва инвестицион жозибадорлигини оширишга имкон беради. 
         — Бизда регуляторлар, аэропортлар, меҳмонхоналар бор. Менимча, инвестиция ва маблағсиз улар кўп нарсага қодир эмас. Туризм – бу одамларни бирлаштирувчи соҳа. Бу йўналиш инвестициялар учун жозибали — таъкидлади Тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори Улуғбек Қосимхўжаев. — 90та мамлакат фуқароси Ўзбекистонга визасиз ташриф буюра олади, яна 60 давлат уни интернет орқали олиш имкониятига эга, шунинг учун, уларнинг талабларига эътибор қаратишимиз керак, деб ҳисоблайман. «Меҳмон отангдан улуғ», деган нақл бор. Хорижий инвесторларни нима ўзига жалб қилиши мумкин? Ўзбекистон бизнес учун очиқ, туризм эса жуда тез ривожланмоқда. 

         2014 - 2019 йилларда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони 1,9 миллиондан 6,9 миллионга етди.2019 йилда мамлакатда глобал ўзгаришларни бошлаб берган таянч ҳужжатлардан бири – 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди ва унда ишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди: туризм фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро меъёр ва стандартлар имплементацияси, инфраструктурани ривожлантириш ва Ўзбекистон меҳмонлари учун қулай муҳитни шакллантириш, туристик маҳсулот ва хизматлар диверсификацияси, мамлакат имижини саёҳат қилиш ва дам олиш учун хавфсиз жой сифатида мустаҳкамлаш. 
         — Туризм нафақат даромад келтиради, балки одамларни иш билан таъминлайди. Бу соҳага аёлларни жалб қилиш муҳим. Асосий мақсад – бюрократик чекловларни олиб ташлаш, деди Boeing минтақавий директори Марио Ебсим. — Ўзбекистон — Осиёда ўз дримлайнерлари – йўналишларни очувчи самолётларига эга бўлган биринчи мамлакат. 2017 йилдан бошлаб Нью-Йорклик йўловчилар уларда тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширмоқда. 
         Экспертларнинг баҳолашича, туристик хизматлар учун тўғридан-тўғри сарфланган ҳар бир доллар турдош соҳаларда тахминан қўшимча уч долларни келтиради. Кўплаб хорижлик сайёҳлар учун бирданига Осиёдаги бир нечта мамлакатга ташрифни кўзда тутувчи турлар қизиқ бўлар эди. 


         — Агар одамлар саёҳат қилмаса, меҳмонхоналар аҳмиятини, одамлар эса иш жойларини йўқотади. Шахсан мен Ўзбекистонда туризм трансформациясини кузатиб, барча ўзгаришларни ижобий баҳолайман. Бу ерда туризмнинг ривожланиши учун ҳамма нарса бор, шунинг учун 2022-2023 йилларда биз Бухорода меҳмонхона очишни режалаштирмоқдамиз, — айтиб ўтди Hyatt минтақавий вице-президенти Пунит Тандон. — Валюта билан боғлиқ чекловлар олиб ташланганидан сўнг туризм динамик ривожланиш йўлига ўтди. Қўшнилар билан муносабатларнинг яхшиланиши – жуда катта ва фойдали иш. Бундан ташқари, сизда Ўзбекистонни бошқа мамлакатлар билан бирлаштирувчи кўплаб авиалиниялар бор ва бу инвесторларда қизиқиш уйғотади. 
         Соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 майдан туризм соҳасида ёшлар ташаббуслари учун грантлар жорий қилинмоқда — ёш тадбиркорлар ўз фаолиятини ривожлантириш учун 50 млн сўмгача маблағга эга бўлиши мумкин. Бу ерга энг камида 5 кунлик муддатга келган ҳар бир сайёҳ учун давлат бюджетидан $10, қиш мавсумида — $25 ажратилади. 


         — Ушбу форум — мамлакат тараққиёти учун оламшумул воқеа. Аэропортлар ҳар бир ҳудудда бор, уларнинг яхши фаолият юритиши туристик соҳани ривожлантириш учун жуда муҳим, — таъкидлади Uzbekistan Airports бошқарма раиси Рано Жўраева. — Ҳозирда мамлакатда мавжуд авиақатновларга талабни қўллаб-қувватлаш учун биз ўтган йили ҳудудий авиакомпания ташкил этиш ташаббусини илгари сурдик. Ҳудудий қатновлар кам, уларни ривожлантириш керак, шу боис биз 40га яқин йўналишларни очишни режалаштиряпмиз. Ҳозир одамлар автотранспорт, поездлар орқали ҳаракатланиб, билетлар тақчиллиги сингари ноқулайликларга дуч келишмоқда. Миллионга яқин одам ўтган йили миллий авиакомпания хизматларидан фойдаланди, бироқ амалда бу кўрсаткич бундан анча юқори ва уни қондириш керак. Яқинда биз Самарқандда аэропорт қурдик ва давлат ушбу лойиҳани хусусий ҳамкорлар инвестицияларидан фойдаланиб амалга оширди. 
         — Бизнинг кучли томонларимиз бу – ЮНЕСКО рўйхатига кирган тарихий шаҳарлар. Ўзбекистон — сайёҳлар учун хавфсиз мамлакат, — деди Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов. — Биз дам олиш ва туризм учун масканларни ривожлантиряпмиз ва инвесторлар учун очиқмиз. Ўзбекистон хабга айланиб бормоқда, биз кўплаб хизматларни кўрсатамиз, бунга эса муносиб инфраструктура керак. Агар турист Хивада сайр қилиб, коктейл ичишни хоҳласа, унга бу имкониятни бериш лозим. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1