1

​Фурқат Файзиев: “Фильмлар, спектакллар...Бари унутилади"

ШОУ-БИЗНЕС 06.04.2017, 15:25
Теглар: Актёр
​Фурқат Файзиев: “Фильмлар, спектакллар...Бари унутилади"

Устозода актёр ва режиссёр Фурқат Файзиев ҳақида сўз кетганда файласуф Цицероннинг “Бажарилган иш ўзи учун ўзи гапиради, сўзларга не ҳожат”, деган гапи ёдимга тушаверади. Биргина нигоҳи, ҳатто сукути ҳам “гапирадиган”, ҳар бир ролида юрагининг бир бўлагини кўриш мумкин бўлган чин маънодаги актёр Фурқат Файзиев ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...

"Ростгўй ва меҳнатсевар қилиб тарбиялаган"

— “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмайди. Боиси, ҳар бир инсон ҳаёт йўлини оиладаги муҳитга қараб бошлайди. Ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш ҳукмронлик қилган оилада дунёга келганман. Отам, кинорежиссёр Латиф Файзиев ростгўй ва меҳнатсевар қилиб тарбиялаган. Тўғри, доим ҳам бизга вақт ажратишга имкони бўлмаган. Бироқ онам ва оила, ишга бўлган эътибор орқали бизга доим ўрнак бўлган. Шу маънода ота-онам берган тарбия, таълим учун улардан бениҳоя миннатдорман. Онам Светлана Файзиева мутахассислиги бўйича педиатр­- шифокор, бироқ оилавий шароитга кўра севимли касбидан воз кечиб, уй бекалигини танлаган. Биз фарзандлар улғайгач эса отамнинг ёнида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Бунга асосий сабаб, отам бошдан кечирган илк миокард инфаркти эди...

Катта экрандаги илк "роль"

— 70-йилларнинг бошида отам Латиф Файзиев “Тожикфильм” киностудиясида “Ганг узра тонг” (“Восход над Гангом”) фильми устида иш бошлади. Ўрта Осиёдаги ҳинд кинематографистлари билан ҳамкорликда ишланаётган мазкур илк фильмнинг суратга олиш ишлари Тожикистондаги тоғли қишлоқлардан бирида ўтаётганди. Онам билан отам­ни кўргани бордик. Фильм қаҳрамонларидан бири уйга қайтаётган, қишлоқдагилар хурсанд, болакайлар қий-чув қилаётган саҳна тасвирга олинаётган экан. Суратга олиш майдончасида югуриб, шамолдек елардим. Отлар, тарихий либосдаги актёрлар, қисқаси бари қизиқ, “нега?” деган саволнинг кети узилмайди. Онам отамдан “Эсдалик учун ўғлимизни ҳам шу фильмда суратга олсангиз”, дея илтимос қилди. Ё отамни саволлар билан шу даражада чарчатдимми, хуллас рози бўлди ва менга йўл-йўл кўйлак, беўхшов шалвар ва думалоқ дўппи кийдиришди. Ва отам менга вазифа юклади, унга кўра уй томига чиқиб, бош қаҳрамон ёнимдан ўтиши билан “Мирсаид қайтди!” деб бақиришим керак эди. Айтилган вазифани бажардим. Кечаси отам ишдан қайтганида илк гонораримни — ўйинчоқ самосвал берган. Узоқ кутган дақиқаларим — Тошкентдаги тақдимот куни келди. “Киночилар уйи”да санъаткорлар ва албатта, фильмда суратга тушганимни билган қариндошлар, танишлар йиғилган. Бош қаҳрамон қишлоққа яқинлашди, аёллар унга термилиб туришибди, эркаклар сўрашишяпти. Бир пайт нотаниш овоз эшитилди: “Мирсаид қайтди!”. Экранда эса қишлоқнинг умумий кўриниши, уй томларидан бирида кичкина сариқ нуқтача кўринди, у мен эдим (мириқиб кулади). Бу катта экрандаги илк “рол”им бўлган.

"Фильмдаги иккинчи "доғ"

— Орадан йиллар ўтди ва отамнинг суратга олиш майдончасига тез-тез ташриф буюрадиган меҳмонга айландим. Менга бўлган ишончи эса орта борди. Аввалига чой солинган термос, сўнг қоғоз тўла портфелини менга ишона бошлади. Бора-бора ўнг қўлига айландим, суратга олиш майдончасида шамолдек елиб, отамнинг гапини ишчиларга етказардим. Бир неча йиллар аввалги Абу Ҳасаннинг “ғор”и бўлган киностудиянинг катта павильонида “Ватанга хизмат” (“Служба Отечеству”) фильми учун афғон қароқчилари қароргоҳи қурилганди. Инглиз айғоқчиси қароқчилар бошлиғи билан тил бириктирадиган саҳна суратга олинаётганди. Айғоқчи ролида молдавиялик актёр Виктор Соцки. Тасвирга олиш учун нимадир етишмаётганди. Нималигини ҳозир англайман, кадрдаги композицияни тўлдириш учун “доғ” етишмаган (кулади). Отам­нинг кўзи беихтиёр менга тушди ва либосимни алмаштиришимни буюрди. Ўтовга кириб, гўшт қовура бошладим, обдастадан бош қаҳрамон қўлига сув қуйдим. Бу фильмдаги иккинчи иштироким эди.

"Энг оғриқли нуқта – ролга тасдиқлашмагани"

— Кинорежиссёрлик борасидаги устозим, албатта, отам — Латиф Файзиев. Ижодкор сифатидаги бахтим ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият инс­титутида ўз ишининг устаси — марҳум режиссёр Анатолий Кабулов, Россия Давлат кинематография институтида эса Владимир Наумов ва Петр Тодоровс­кийдан дарс олганим. Тан олишим керак, кинорежиссёрлик соҳаси бўйича ҳар куни ўқиб, изланаман. Боиси Владимир Наумовнинг илк дарсидаги “Режиссёрликни ўргатолмайман, бор-йўғи йўналтиришим мумкин, холос. Сабоқ олиш учун эса бутун умрингни сарфлашингга тўғри келади”, деган гапи бир умрлик сабоқ бўлган. Киноактёр сифатидаги “ота”ларим — Элёр Ишмуҳамедов ва Али Ҳамроев. Айнан шу буюк режиссёрлар сабаб, илк ролларимни ижро этганман.

1980 йил мени ре­жиссёр Элёр Иш­му­ҳа­ме­довнинг “Да­ҳо­нинг ёшлиги” (“Юность гения”) фильми киносиновига таклиф қилишган. Тайёргарлик кўриш учун Ибн Сино ҳақидаги барча маълумотларни ўрганиб чиққандим. Киносиновда ўзим учун актёрлик ишини кашф қилганман. Тан оламан, қийинчиликлар бўлган, лекин шу фильмда роль ўйнаш истагим жуда кучли эди. Уйда бўлган муҳокамада “Даҳонинг ёшлиги” фильмида суратга тушиш ёки роль ўйнамаслигим борасида бир тўхтамга келиш қийин бўлган-да. Боиси ижодий жамоа Самарқанд, Хивага жўнаш арафасида эди. Отам эса ижодий сафарга кетсам, ўқишдан қолиб кетишимдан қўрққан. Шунда жарроҳ бўлиб ишлайдиган бувим Моҳинур Ишонова ишидан воз кечиб, ўз ҳисобидан таътил олиб, мен билан суратга олишга жўнаган. Доим соғлигим, иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб, қаттиқ назоратда тутарди. Икки йил ўтгач эса режиссёр Али Ҳамроевнинг “Водиллик келин” фильмида ҳам худди шундай вазият кузатилган. Бу галги манзил Чуст шаҳри эди. Орадан кўп йиллар ўтиб, бир ҳақиқатни англадим: ўз вақтида бувим қурбонлик қилмаганида, бугун актёр Фурқат Файзиев бўлмас эди!

“Даҳонинг ёшлиги” фильмида улар ҳа­қида соатлаб гапириш мумкин бўлган, юзлаб буюк, афсонавий ижодкорлар билан танишишга муяссар бўлганман. Оила, фамилиям борасидаги масъулият ҳиссини ҳам айнан шу фильмда суратга тушаётганимда англай бошлаганман. Ўшанда устоз санъат­кор Ҳамза Умаров билан ҳам­суҳ­бат бўлиш бахти насиб этган. Ҳануз ёдимда, Самарқанддаги шохлаган чинор соясидаги ўриндиқда ўтирганмиз. Суратга тушаётган фильмимга тааллуқли барча нарса қизиқ туюларди. Ҳамза ака ишимни четдан кузатиб ёки биргаликдаги ижроимизни эринмай таҳлил қилиб берарди. Ўшанда айтган гапи чуқур ўйга толдирган. “Кинода хато қилишга ёки ёмон ишчи бўлишга ҳаққинг йўқ. Чунки отанг сенга қўйган марра аниқ” деган маънодаги гап айтганди. Бу масъулият юки ўта оғир, қийин бўлгани учун эмас, балки фамилияга доғ тушириб қўймаслик ўйи тинчлик бермаган. Ахир бу фамилияни сулоламиз: катта бувам, бувам, отам менгача муносиб сақлай билишган-да.

“Даҳонинг ёшлиги” фильмининг тақ­ди­мо­ти­ ҳам бўлди. Ана энди фильмларда суратга тушиш учун таклифлар “ёмғир”и остида қоламан, деб ўйлагандим. Бироқ йиллар йилларни қувиб ўтаверди… Шундай кунларнинг бирида узоқ кутилган телефон қўнғироғи бўлди. Киностудияга бориб, хонага кирдим. Не кўз билан кўрайки, комедиядаги бош роль учун номзод фақат ўзим (кулади)! Режиссёри эса болалигимдан фильмларини кўриб катта бўлганим — Али Ҳамроев. Партнёрларим эса Бахтиёр Ихтиёров, Ҳусан Шарипов, Марям Ихтиёрова, Ойбарчин Бакирова, Марям Ёқубова, Эргаш Каримов. Ахир уларнинг ҳар бири афсона-ку! Бош партнёрим истеъдодли актриса Раъно Зокирова.

Юқорида тилга олган иккита фильмим худди биринчи муҳаббатдек сира ёддан чиқмайди. Мазкур фильм­лардан сўнг кўпгина ижодий “йўл”ни босиб ўтдим, ҳам омадли, ёрқин, ҳам ўткинчи, муваффақиятсиз роллар бўлди… Гоҳида “Қанчалик кўп омадсизликка юз тутдим?” деган савол ўйлантиради. Ўйлаб қарасам, хатоларимдан кераклича хулоса чиқариб, олға интилишга чорлашга етарли имкон бўлган экан. Лекин сира ҳафсалам пир бўлмаган, тўғриси, алам қилган. Лекин энг оғири — баъзи фильм­лардаги ролга тасдиқлашмагани бўлган. У кинокартиналарни номма-ном айтишни истамайман, боиси у катта экранларга чиқиб, ўз мухлисини топиб бўлган.

"Салбий қаҳрамоним ҳам томошабинга ёқишини истайман"

— Илк салбий ролим екатеринбурглик режиссёр Алек­сей­ Меньшиковнинг “Юравер ва ортингга ўгирилма” (“Иди и не оглядывайся”) фильмидаги ижроим эди. Кейинроқ режиссёр Фарид Давлетшиннинг “Юлдузингни бер, осмон” (“Верни мою звезду”) фильмида ҳам салбий роль ўйнадим. Одатда “Фурқат Файзиев фақат салбий роль ижро этадиган актёр”, дейишади. Аслида эса бугунги кунгача суратга тушган 83 та фильмимдан 48 таси ижобий роллар. Балки салбий қаҳрамоннинг феълидаги аниқ нуқтани топганим учун томошабинда шундай таассурот уйғонгандир. Ҳақиқатда ҳам ролларимга масъулият билан ёндашаман. Салбий қаҳрамоним ҳам томошабинга ёқишини истайман. Бироқ салбий ролни ўйнаш оғирроқ. Бу билан ижобий ролларни ижро этиш осон, дейиш фикридан йироқман. Мен учун ҳар бир роль – кимнингдир ҳаёти, тақдири, шундай экан актёрда жавобгарлик ҳисси юқори бўлиши шарт!

Орзуим бўлган ва энди ўйнолмайдиган ролим бу — “Ўткан кунлар”даги Отабек. Бу асар қалбим торини чертган, боиси Отабекнинг қарорларини юракдан ҳис қила олганман. Бироқ вақт ўз “сўз”ини айтишга улгурган. Отабек 26 ёшда эди, мен эса…

Актёрлик ва режиссёрлик соҳаси маблағ, сценарийнинг тасдиқланиши каби кўпгина омилларга бориб тақалади. Гоҳида ойлаб ишсиз уйда ўтиришга тўғри келади. Баъзида эса сермаҳсул йил бўлиб, бирданига бир неча фильмларда суратга тушаман. Фильмлардан таклиф тушганида биринчи навбатда режиссёрнинг кимлиги, сўнг сценарийни ўқиб, асосий роль ё сюжет қизиқроқ эканини билишга уринаман. Қаҳрамонимнинг феъл-атвори ҳамда суратга олиш ишлари қанча муддат давом этишини олдиндан келишиб оламан. Шартларим тўғри келса, таклифга розилик билдираман. Эпизод роль ўйнашга қисқа муддат кетади ва иш сўнггида хайрлашиш осон кечади. Бироқ асосий роль бўлса, иш сўнгги жуда қайғули бўлади. Боиси, 6 ё 9 ой давомида ижодий жамоа билан худди бир оиладек бўлиб кетасан-да. Балки бу туйғу фақат менда кузатилар, яна ким билсин… Шундай дамда биргина таскин бу – оила! Уйга қадам қўя туриб, барча ташвишларни остонанинг у тарафида қолдираман. Отам ҳам шундай йўл тутарди...

"Энг муҳими, одамийликни йўқотмаслик"

— Оила даврасида ҳамма қатори яхши ва ёмон жиҳатларим билан оддий одамман. Ҳаёт юксалиш учун имконият беради. Ҳар бир инсон йиллар ўтиб ё яхши ёки ёмон томонга ўзгаради. Қадр-қиммат тушунчаси ҳам ўзгача мазмун касб этиб, майда-чуйда нарсалар ўз-ўзидан иккинчи планга тушиб қолавераркан. Бу жараёнда манзара аввал хиралашади, бироқ йиллар ўтиб, равшанлашиб боради. Мен ҳам атрофимдагиларнинг хатоларига нисбатан сабрли, ҳиссиётларим жиловланган, бу — ҳаётий ва профессионал тажрибам яхшигина ортганидан дарак (кулади). Феъл-атвор жиҳатдан “интроверт”ман, ёлғизликда ўзимни қулай ҳис қиламан, зерикмайман. Чунки албатта, бажаришга бирор иш топа оламан. Дўст­ла­рим­ни яхши кўраман, меҳмонга келишлари ёқади.

Биласизми, “юлдуз”ларнинг бири ёрқинроқ нур сочади, бошқаси ёнишга улгурмай ўчади, аксарияти узоқ вақт порлаб туради. Бироқ кун келиб, албатта, бари ўчади. Бу жараёнда энг муҳими, одамийликни йўқотмаслик. Фильм­лар, роллар, спектакллар… бари унутилади. Фақатгина хотиралар сақланиб қолади. Мен учун муҳими, аввало “Яхши одам эди!” деган эътироф. Майли, кейинги навбатда актёрлигимни тилга ола қолишсин (кулади).

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

тайёрлади.

Шарҳлар

Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

26.07.2017, 15:43

Шундай актёрлар борки, уларни экранда кўп кўрмасак-да, ижро этган роллари билан ёдимизда сақланиб қолишади. Бахтиёр Ғафуров. Ўзбек томошабинлари уни кўпроқ Борис Ғафуров сифатида танишади. Спектакль,...
​“ИШДАГИ ИШҚ” ФИЛЬМИ ҚАҲРАМОНЛАРИ БУГУНГИ КУНДА(ФОТО)

11.07.2017, 15:07

Барчамиз бирдек севиб томоша қиладиган “Ишдаги ишқ” фильмининг суратга олинганига 40 йилдан ошди. Бироқ, мазкур фильм ҳамон севимли, ундаги қаҳрамонлар қадрли...Севимли кинокартинамизда роль ижро этган...
​ЁҚУБ АҲМЕДОВ. АКТЁР БЎЛИШНИ ИСТАГАН ФУТБОЛЧИ

11.07.2017, 14:10

Учрашувимиз меҳмонини кинодаги катта-кичик роллари орқали яхши танийсиз. Санъатга кириб келгунига қадар эса у спортчи бўлган. Сўзимиз чин. Жароҳат олмаганида эҳтимол бугун актёр эмас, футболчи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1