АсосийShou-biznes

​ЁҚУБ АҲМЕДОВ. АКТЁР БЎЛИШНИ ИСТАГАН ФУТБОЛЧИ

'​ЁҚУБ АҲМЕДОВ. АКТЁР БЎЛИШНИ ИСТАГАН ФУТБОЛЧИ'ning rasmi

Учрашувимиз меҳмонини кинодаги катта-кичик роллари орқали яхши танийсиз. Санъатга кириб келгунига қадар эса у спортчи бўлган. Сўзимиз чин. Жароҳат олмаганида эҳтимол бугун актёр эмас, футболчи билан суҳбатлашаётган бўлармидик, тағин ким билади, дейсиз.

– Қаршимдаги суҳбатдошим аслида ким, актёр, тадбиркор ёки футболчи?

– Асосий ишим тадбиркорлик, аммо бу санъатимга халақит қилмайди. Актёрлик — болалигимдаги орзум! Энди етишдим деганимгами, бутун бор диққат-эътиборим санъатга қаратилган. Бизнесда эса ишонган ёрдамчиларим бор.

– Укаларингиз Одил ва Азимжон сизга эргашиб футболга кириб келишгани ростми?

– Маҳалламизда стадион бўлар эди. У ерда футбол машғулотлари олиб борилишидан хабар топиб, мураббий билан учрашдим. Бу 1993 йиллар эди чамамда. Машғулотларга қатнай бошлаганимдан сўнг Одил ҳам қизиқиб қолди. Биздан кейин Азим спорт билан шуғулланиш истаги борлигини билдирди. Уч ака-ука футбол жамоасида тўп сурардик.

– Қозоғистоннинг «Ясси Сайрам» футбол жамоасида тўп сурганингизни кўпчилик билмайди?..

– Очиғи, бу маълумотни сир тутгандим. «Ясси Сайрам» жамоасига чақиришганида, «Қишки таътил вақти шуғулланасан, иқтидорингни кўрамиз, синов муддатидан ўтолсанг, жамоамиздасан», дейишган. Астойдил тайёрланиб, жамоага қабул қилинганман. Бир йилча «Ясси Сайрам»да тўп сурдим, аммо жароҳат олганимдан сўнг мен учун футбол билан боғлиқ карьера эшиклари ёпилди. Бунга қадар «Навбаҳор» жамоаси ўйинчиси эдим, асли. Қозоғистондан таклиф тушгач, ўз устимда янада кўпроқ ишлайман, деб рози бўлгандим.

– Ҳар нарсанинг ҳикмати бор дейишганидек, жароҳатдан сўнг кинога кириб келдингиз, тўғрими?

– Ҳа! Кичиклигимдан санъатга меҳрим бўлакча эди. Қайси фильмни томоша қилмай, ундаги қаҳрамон ўрнида ўзимни тасаввур қилаверардим ва «Мен ҳам шундай роллар ижро қилсам», дердим ўзимча. Жароҳат олиб уйга қайтганимдан сўнг ижтимоий тармоқ орқали режиссёр Акбар Бектурдиев билан танишиб қолдим. Унинг актёрлар билан тушган расмларини томоша қилиб, ўзимдаги ҳавас тўғрисида сўзлаб бердим. Акбар мени эшитди ва кичик ролга таклиф қилди. «Салом, севги, хайр, севги» картинаси эди бу.

– Ростини айтинг, футболдан кетганингизга афсусланмайсизми?

– Сира ҳам! Ҳеч қайси спортчи жароҳат олишни истамайди. Аксинча, бу ҳолатдан эҳтиёт бўлишга уринамиз. Лекин фалокат оёқ остида деганларидек, бир тарафдан ўзим ҳам кескин ҳаракат қилгандим ўшанда. Мендаги жароҳат билан футболни давом эттириш мумкин эмасди. Шунча йиллик меҳнатим, уринишларим, албатта, ачинганман, алам қилган пайтлари ҳам бўлган. Чуқурроқ таҳлил қилинса, бир эшикнинг ёпилиши бошқасининг очилиши учун хизмат қиларкан. Буни кейин англаб етдим.

– Очиқроқ гапиринг.

– Футбол жамоасига қабул қилинганимда энди спортчиман, кино мен учун армон бўлиб қоларкан-да, эҳ орзум, эди-я, дегандим. Кинога таклиф қилишганида эса... ўша пайтдаги ҳолатимни тушунтириб беролмайман.

– Сиз кутган онлар ҳам келди, суратга олиш майдончасидасиз, хўш, бу қандай бўлди?

– Фақат экран орқали кўрган актёр-актрисаларингиз билан бир майдончада ишлаш, кутилмаган, аллақандай тушунарсиз ҳолат бўларкан. Адиз Ражабов, Асал Шодиева, Зарина Низомиддиноваларнинг ёнида қаттиқ хаяжонланганман, қўрқув бўлгани ҳам рост. «Ўзингни қўлга ол, ахир шуни кутмаганмидинг», дея такрорлайверди ички овозим, эпизод саҳнани суратга олиш пайти етганида, машинадан тушиб, ҳаракатланишим кераклигини айтишди. Шунчалик ҳаяжон босганки, автомобиль эшигининг ушлагичини тополмай қолганман. Режиссёр тушунтиргач, лавҳа иккинчи дублда суратга олинди. Эртаси куни аввалгисидан каттароқ эди ролим, тасвирга олиш ишлари тугагач, Акбар Бектурдиев ёнимга келиб, «Ёқуб ака, ростини айтинг, актёрликка ўқиганмисиз?» дея саволга тутди. Фақат спорт мактабини тамомлаганимни айтганимда, биринчи роль учун ижром жуда яхши кўрсаткичлигини таъкидлади-ю, гўё қанотларим пайдо бўлди. Ўзимга нисбатан ишончим ортди. Эпизодик ролдан сўнг бош қаҳрамонларни ижро этишга таклиф қилишди.

– Бу ҳам омад! Негаки, айрим актёрлар эпизодик роль билан бошлашдими, кейингиларининг тақдири ҳам шу чизиқда кетаверади.

– Эҳтимол санъатга қизиқишим кучлилигидандир тезда тилга тушганим, яна ким билади, дейсиз. Шу пайтгача ҳам ролимдаги диалогларни ёд олиб, кечаси билан кўзгу олдида тайёрланиб, съёмкага тахт бўлиб бораман. Ҳозир режиссёрларни қийнамаяпман, бир-иккита дублда суратга олинаяпти.

– Сизни Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов билан адаштирганлар кўп эди, аввалида. Устоз санъаткор билан қанчалик танишсиз?

– Мен дунёга келганимда, бобом Ёқуб Аҳмедовга ўхшаган инсон бўлсин, халқнинг назарига тушсин, дея ният қилиб, исм қўйган эканлар. Актёрлик фаолиятини бошлаганимдан сўнг устознинг ёнларига бордим, ўзимни таништирдим, исмим Ёқуб деганимда, «яхши» дедилар, кейин фамилиямни айтдим-у, бир неча дақиқалик жим-житлик чўмди орага. Мен ҳам Наманганданман дея паспортимни кўрсатдим, сўнг у кишига бобомнинг нияти ҳақида сўзлаб бердим. Устоз чуқур хўрсиниб, «Яратганга шукр, исмим йўқолиб кетмас экан», дея дуо қилдилар. Лекин ҳали ҳам иккимизни адаштирадиганлар йўқ эмас. Куни кеча ижодий сафарга борганимизда ҳам шундай бўлди, устоз санъаткор келадилар деб ўйлашибди-да, исм-шарифимни ўқиб. Бундай воқеаларга ўрганиб қолдим, анча.

– Бугун санъат соҳасида қизғин ижод қилаяпсиз, аммо нега хусусий фильмлар билан чекланиб қолгансиз?

– Яқинда «Ўзтелефильм» томонидан суратга олинган «Дугонажонлар» номли сериалда иштирок этдим. Бу менинг давлат буюртмаси асосида ишланган сериалдаги илк ишим бўлса-да, менга манзур бўлди. Ҳозир яна таклиф тушаяпти, насиб қилса, янги сериалда кўрасиз мени. Давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган фильмларга чақиришади-ю, аммо салбий ролларга-да. Юз-кўзимда жиддийлик бўлгани билан, ўзим салбий образларга тайёр эмасман! Фикримча, ҳали уддалай олмасам керак. Комедия жанрига ҳам тишим ўтмайди.

– Актёрликка қизиқишингиз шу қадар кучли бўлса, хойнаҳой бу борада сабоқ олишга ҳам улгургандирсиз? Ёки...

– Ният қилгандим, актёрлик бўйича таълим оламан, дея. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мунавара Абдуллаева билан боғланиб, сизда сабоқ оламан ҳам дегандим, аммо бизнес ишларини деб фурсат бўлмади. Наманганда тиббиёт клиникаси ташкил этдик. Бу беш йиллик катта лойиҳа. Англаганингиздек, анча куч ва вақт талаб қилинди. Бу билан саволдан қочаяпти ёки сабоқ олмас экан-да энди, деб ўйламанг. Клиникамиз шу ойнинг охирларида расман ишга тушади. Шундан сўнг, албатта, актёрлик бўйича курсларда ўқийман.

– Нега айнан клиника?

– Наманганда кўп инсонларни кўрдим, оғир хасталик операцияси учун Ҳиндистон ёки бошқа мамлакатларга боришаяпти. Нега энди бизнинг одамларимиз бошқа юртларда даволанишлари керак, ахир бу яхшигина ҳаражат дегани-ку. Укам Одил билан шу томонларини ўйлаб, тиббиёт клиникаси ташкил этилса, наманганликлар учун фойдасига тегади, деган қарор келдик. Ҳиндистонга бориб, у ердаги тиббиёт марказ шифокорлари билан шартнома имзоладик, ой охирларида мутахассислар жамоаси барча керакли асбоб-ускуналари билан Наманганга келишади.


– Катта лойиҳага қўл урибсиз, аммо бу сизни кинодан чалғитиб қўйса-чи?

– Ундай бўлмайди. Клиникадан ташқари ресторан ва автосалон ҳам очганмиз. Уларнинг бошқаруви ўзим ишонган инсонларга топширилган. Шукр, шу кунгача улар юзимни ерга қаратишгани йўқ, охиригача аҳилчилигимиз йўқолмасин. Ёрдамчиларим бўлгани учун ижоддан чалғимаслигимни айтоламан.

– Укангиз ҳақида сўз очдингиз, агар саволим сизни ранжитса, мазур тутинг. Одамлар орасида «Одил акаси суратга тушаётган фильмларга ҳомийлик қилади» деган гап чиққанди. Келинг, шу мавзуга ойдинлик киритсак?..

– Бу гапларни ўзимга ҳам айтишган, аниқроғи, ижтимоий тармоқларга қандай сурат жойламай «Одил бор-да» деган мазмундаги изоҳлар ёзилади. Ҳатто, уст-бошимгача гапирганлар бўлди. Оилада тўрт ака-укамиз, ота-онам ҳалол луқма билан катта қилишган. Ота-онамнинг бизга берган энг катта бойлиги ака-укаларнинг аҳил-иноқлигимиздир. Бир мен эмас, ҳар биримизнинг бу даражага етишишимиз осон бўлмаган. Ота-онамиз минг машаққат билан вояга етказишди бизни, агар ўзига тўқ оилада катта бўлган деб ўйласангиз адашасиз. Улар бизга ҳалол бўлинглар дейишди ва ўзлари ҳам шундай йўл тутишди. Ҳалолликда гап кўп-да, бугун оёққа тура олганимизнинг асоси ҳам шу, фикримча. Илк бор продюссер сифатида фильм суратга олганимда Одил бундан бехабар эди, картина тайёр бўлгачгина укамга айтдим. Ўзингиз ўйланг, мен акаман, қандай қилиб укадан пул сўрайман. Қайтанга мен кўз-қулоқ бўлишим керак-ку унга. Тўрт ака-уканинг «қозонимиз» бир. Топганимизни ўртага ташлаймиз, ота-онамиз тақсимлаб беришади. «Сеники-меники» деган нарса йўқ. 2001 йилдан буён ака-укаларнинг анъанамиз бор, суратга тушамиз. Ҳозир ёдимга тушиб қолди, бир сафар шундай изоҳ қолдиришибди: «Пулинг бўлса, актёр бўлиш иш эмас», деб. Етарли маблағи борлар оз дейсизми, кўп! Қани ўшалар камера қаршисига келиб, ишлаб кўришсин-чи, ҳар кимга ҳам эмас актёр бўлиш. «Укасининг пулига юрибди-да» деган гаплар оғринтиради, лекин шундай фикрлайдиганларга ачинаман, негаки бу калтабинликдан далолат беради.

– Саволим ранжитган бўлса...

– Ташвишланманг, мавзуга нуқта қўйиш керак дедингиз, айтдим. Одил билан кўп суҳбатлашамиз, уйга келганида, ҳатто қаттиқ гаплашишим ҳам мумкин. У футболчи, фикру хаёли фақат ўйин билан банд. Аммо спортдаги фаолияти ҳам тугайди бир куни, хўш, ундан кейин-чи? Мен ана шу томонларини тушунтираман, эртанги кунингга бирор нима қилиб қўй, дейман. Укам сўзимни икки қилмайди, кимдир унга таклиф билан чиқса ҳам акам билан гаплашинг, дейди. Ўз навбатида у ҳам ака, укаларимиз учун.

– Қаршимда турган инсон чинданам тўнғич фарзанд эканлигига ишондим!

– Бир Одил эмас, Азимга ҳам кўп гапираман. У ҳозир «Навбаҳор» футбол жамоасида тўп сураяпти. «Ортимда акаларим бор деб ишонма, ўзинг ҳаракат қил», дейман. Одил истаса мураббийига айтиб, Азимни ёнига олиши мумкин, бироқ биз буни истамаймиз. «Акаларим бор-ку» деб ишониб қолади бўлмаса. Ака-укалар йиғилсак, битта хонага кириб, узоқ суҳбатлашамиз, мақтанишга йўйманг-у, ҳеч қайси укам қандай мавқеда бўлишидан қатъи назар кўзимга тик боқмайди. Ота-онамнинг тарбиясига раҳмат! Чет элда бўладими ёки ўзимизда укаларим менинг юзим, уларнинг биргина хатоси учун мен жавоб бераман. Ана шуларни кўп айтаман уларга, шукр сўзимни икки қилишмайди.

– Аҳилчилигингизга кўз тегмасин!

– Айтганингиз келсин!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар