1

БЕГОНАЛАРНИНГ МУСИБАТИГА БЕФАРҚ БЎЛМАГАН ИНСОНЛАР

ДУНЁ 15.07.2017, 11:42
БЕГОНАЛАРНИНГ МУСИБАТИГА БЕФАРҚ БЎЛМАГАН ИНСОНЛАР

Ҳамма нарсадан ҳафсалангиз пир бўлиб, дунё таназзулга юз тутган деган таасурот уйғонса, унутмангки, ҳали оламда сизга ёрдам қўлини чўзадиган инсонлар талайгина, деб ёзади Adme.ru нашри.

Қуйида бировларнинг кулфатига беэътибор бўлмаган, уларга қўлидан келганча кўмаклашган одамлар ҳақида маълумот берамиз.

Ўқитувчи ўқувчисини қўллаб-қувватлаш мақсадида сочини олдирди

11 ёшли Жексон Жонстон (Jackson Johnston) саратон билан курашаётган бувасини қўллаб-қувватлаш мақсадида сочини олдирди. Аммо унинг бу ҳаракатини синфдошлари тушунмай, Жексоннинг устидан кулишди. Боланинг ноқулай аҳволга тушганини кўрган ўқитувчиси уни қўллаб-қувватлаш мақсадида синфдошларининг кўз ўнгида сочини олиб ташлашни сўради. Ўқитувчи ўзининг бу хатти-ҳаракати билан барчага ўрнак бўлди.


Сартарош қийналганига қарамай, аутизмга чалинган боланинг сочини охиригача олди


16 ёшли, аутизм касаллигидан азият чекувчи Эван О’Двайер (Evan O’Dwyer) сартарошхонада ўзини ноқулай ҳис қилиб, шартта ўрнидан турганча, оилавий микроавтобус томон чопди. У автомашина ичидагина ўзини бехавотир ҳис қиларди.

Сартарош Дончи О’Коннелла (Donncha O’Connell)нинг шундан кейинги хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида катта таассурот қолдирди. У барча асбоб-анжомини кўтарганча, Эван ўтирган автомобиль томон йўл олди. Сартарош Эваннинг акаси ёрдамида автомашина ичида ўз ишини якунлаб, хотиржам равишда уйига йўл олди.

Омади чопган дастурчи қари ва касал итларни қутқарди

Ҳиндистондаги IT-компания асосчиси бўлган Ракеш Шукла (Rakesh Shukla) дабдабали ҳаёт кечиришига қарамай, ўзини жуда бахтсиз ҳис қиларди. 2009 йилда уйига ярадор итни олиб келгандан кейин ҳаёти тубдан ўзгарди. Шундан кейин у кўчада учраган ҳар бир дайди итни уйига олиб келишни одат қилди. Итларнинг сони кўпайиб кетгач, дастурчи итлар бемалол сайр қилишлари учун ер ва ферма сотиб олди. Айни пайтда унинг 700 дан ортиқ ити бор. Фермада 10 нафар ишчи ишлайди. Ракешга эса “Итларнинг отаси”, деган ном берилди. “Итлар қариб, касал бўлгандан кейин мендан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Уларнинг озгина бўлса-да, азобларини енгиллаштириш мақсадида итларнинг сўнгги бошпанасини яратишга қарор қилдим”, дейди Ракеш.

Ахлат ташувчи ташландиқ китоблардан кутубхона яратди

Кимдир ҳайвонларни, яна кимдир бошига мусибат тушган инсонларни қутқарса, Колумбияда яшайдиган, ахлат ташувчи Хосе Альберто Гутиеррез китобларни қутқаради. Бундан 20 йил илгари у ахлат қутидан Лев Тольстойнинг “Анна Каренина” асарини топиб олиб, сақлаб қўйди. Унинг ахлат қутилардан йиққан китоблари сони 25 мингтага етгач, Гутиеррез бепул кутубхона ташкил қилди. У шаҳарда “Китоблар ҳукмдори” деб ном қозонган.

Бола дўстига парик ясаш учун 2 йил мобайнида соч ўстирди

Габби алопеция (соч тўкилиши) касаллигига чалинганда 4 ёшда эди. Шундан бери қизалоқ бош кийимида юришга мажбур бўлиб, ўзининг аҳволидан жуда ҳам уяларди. Габби Тайлер билан танишгач, янги дўсти унинг онасидан қандай ёрдам бера олиши ҳақида сўради. Онанинг жавобидан сўнг Тайлер ҳеч қачон Габбининг сочи ўсмаслигини тушунди ва унинг ўрнига ўзининг сочини ўстиришга қарор қилди. Парик учун зарур бўлган 25 сантиметр сочнинг ўсиши учун 2 йил вақт кетди. Оиланинг катталари кичкина боланинг бу улкан ишидан ҳайратга тушди.

Аёл дўстига бир буйрагини бериш учун 18 килограммга озди

32 ёшли Ребекка Сейдро (Rebekah Ceidro) дўсти ва собиқ ҳамкасбига буйрак кўчириб ўтқазиш кераклигини эшитганда 90 килограмм вазнга эга эди. Дўстига буйрак зарурлигини эшитган Ребекка ўйланиб ўтирмай, унга бир буйрагини беришга қарор қилди. У донорлик учун мос келса-да, камида 8 килограммга озиши лозим бўлди. Шундан кейин Ребекка ҳаёт тарзини ўзгартириб, ҳар куни югурадиган, жисмоний машқларни бажарадиган бўлди. Орадан бир йил ўтгач, у 8 килограмм эмас, балки 18 килограммга озди. Буйрак кўчириб ўтказиш операцияси 2017 йилнинг куз ойларига белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1