1

Халқаро жиноят суди ниҳоят уйғондими?

ДУНЁ 06.05.2024, 19:52
Халқаро жиноят суди ниҳоят уйғондими?

Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва Бошштаб раҳбари Херци Ха-Левни қамоққа олиш ҳақида ордер бериш арафасида турибди.

The New York Times’нинг маълум қилишича, яҳудий давлати мулозимларини Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳарбий операция баҳонасида инсониятга қарши жиноятларда айблашлари мумкин. Шунингдек, Исроил ҳукуматининг Ғазо секторига жўнатилган инсонпарварлик юкларини киритишга тўсқинлик қилгани ҳам ордер учун асос бўлиб хизмат қила олади. 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

ХЖС – Халқаро жиноят суди (International Criminal Court) геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши ҳамда агрессия билан боғлиқ жиноятларга алоқадор шахсларни таъқиб қилиш ваколатига эга. 

Агар Исроил ҳукумати мулозимларини ҳибсга олиш ҳақида бундай ордер берилса, ХЖСга аъзо мамлакатлар уларни қамоққа олишлари керак бўлади. 

Чунки ХЖСга аъзо бўладиган мамлакатлар Рим статутини имзолаб, парламентда ратификация қилишгач, ХЖС ордерларини ижро этиш мажбуриятини ўз зиммаларига олишади.

Айни пайтда Канада, Австралия, деярли барча Европа ҳамда Лотин Америкаси давлатлари ҳамда айрим Африка давлатлари ХЖС аъзоси ҳисобланади. АҚШ эса Рим статутини имзоласа-да, кейин уни қайтариб олган.

Постсовет давлатларидан Тожикистон, Арманистон ва Грузия ХЖС аъзоси ҳисобланади. Россия эса Рим статутини имзолаган, аммо ратификация қилмасдан, кейин уни қайтариб олган. Беларус, Қозоғистон ва Туркманистон, Рим статутини имзоламаган ва ратификация қилмаган. Қирғизистон ва Ўзбекистон эса статутни имзоласа-да, ратификация қилмаган ва табиийки, ҳозирча ХЖС аъзоси ҳисобланмайди.

 Исроил  - дахлсиз давлат эмас!

Маълумки, Исроил Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлардан кўрган (эҳтимол ўта бўрттирилган) азиятлари эвазига ҳар қандай қилмишлари учун жазосиз қолишига ишониб келаётган эди. Бироқ охирги ярим йилда Фаластин аҳолисига нисбатан амалга ошираётган ўта ваҳшиёна хунрезликлари жаҳон ҳамжамиятининг кўзини очмоқда. Дунёнинг турли чеккаларида, турли тоифаларга ва ёшга мансуб мансуб ҳурфикр ҳамда инсонийлигини йўқотмаган аҳоли қатламлари оммавий намойишлар ўтказиб, Исроилдан фаластинликларга қарши зулми ва геноцидини тўхтатишни талаб қилмоқда. Албатта Исроил бундай муносабатга ўрганмагани боис, доимгидек уларни ҲАМАС шотирлари ва ҳамкорлари дея айблашдан чарчагани йўқ. Бироқ ХЖС каби умумэътироф этилган тизимнинг Исроил етакчиларини Фаластиндаги инсониятга қарши жиноятлари учун ҳибсга олиш ҳақида ордер беришга шайланаётгани яҳудий давлатининг тўдабошиларини том маънода ташвишга солиб қўйди. Ҳар ҳолда, Исроилнинг Maariv газетаси аноним манбаларга таянган ҳолда шундай маълумот тарқатган. 

Газетанинг билдиришича, айни кунларда Нетаняҳу ва унинг гумашталари ХЖС беришга шайланаётган ордернинг ҳақиқатга айланишига қарши амалий ҳаракатларини авжига чиқарган. Нетаняҳу тинмасдан АҚШ сенаторлари ва шахсан АҚШ Президенти Жо Байденга қўнғироқ қиилиб, уларга билвосита босим ўтказишга ҳаракат қиляпти.

Бир ёлғонни яшириш учун 40 ёлғон тўқилади, дейишади. Исроил ҳам ҳозиргача жиноятларини “ёпди-ёпди” қилиш учун яна бошқа ҳуқуқий-сиёсий жиноятларга қўл урмоқда. Axios нашрининг очиқлашича, яҳудий давлати раҳбарлари ўз қудратли “ҳомийлари”дан бевосита ХЖС прокурорларига босим ўтказишни сўрагани фош бўлиб қолди. Бу эса ҳар қандай қонунчиликда номақбул ва жиноий ҳаракат ҳисобланади. Қолаверса, ХЖСнинг маълум қилишича, суд раҳбарияти ҳамда прокурорларининг ҳаёти ва карьерасига зарар бериш борасидаги билвосита таҳдидлар пайдо бўлган.

Европа Иттифоқи Исроил ҳукуматидан норози

Исроил томонининг ХЖС ходимларига бевосита ва билвосита таҳдидларига жавобан Европа Иттифоқи (ЕИ) кескин баёнот билан чиқди. ЕИнинг ташқи сиёсат идораси вакили Петер Стано ХЖС ва унинг мулозимларига қарши қандай шаклдаги таҳдидлар номақбул экани ва ЕИ буни маъқулламаслигини билдирди. Тўғри, баёнотда айнан Исроил номи тилга олинмаган бўлса-да, гап яҳудий давлати ҳақидаги кетаётгани баёнот матнининг моҳиятидан осон англашилади. 

“Европа Иттифоқи ХЖС ва Рим статутнинг мустақил ва тўлақонли фаолият юритишини ҳимоя қилиш мақсадида собит. Мазкур суд ва унинг мулозимларига таҳдидлар номақбул иш” дея ижтимоий тармоқда ёзган Петер Стано. 

Стано ўз “твит”ига ХЖСнинг унга таҳдидлар ва мулозимларига босим орқали таъсир қилишга уриниш фактлари ҳақидаги баёнотини илова қилган. 

Феврал ойида ХЖС прокурори Карим Хон суд Ғазо секторида содир этилган барча жиноятларнифаол текширишда давом этаётганини билдирган эди. У бир неча марта томонларни Ғазода уруш қонунлари ва одатларига риоя этишга чақирганига қарамасдан, ҳозиргача бу борада бирор ижобий ўзгариш рўй бермаганини таъкидлаган эди. Бундан ташқари, Карим Хон барча гаровга олинганларни дарҳол озод қилишга чақирган.

 АҚШ рухсат бермайдими?

Америкалик мулозимлар ХЖСнинг бундай ордер беришни режалаштираётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган. Лекин Оқ Уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Вашингтоннинг бу борадаги позициясини очиқлаган. Вашингтон ХЖСнинг юрисдикцияси Фаластиндаги можарога татбиқ этилмаслигини билдирган. АҚШ томонининг тахмин қилишича, Рим статутини имзолаган “айрим” давлатлар ҳамда нодавлат ташкилотлар ХЖСни Исроилга қарши қарор қабул қилишга мажбурлаётган бўлиши мумкин. 

Бундан аввалроқ эса АҚШнинг Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)даги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ХЖС ордери масаласига изоҳ берар экан, расмий Вашингтон ХЖС фаолиятига аралашмаслиги ва унинг қарорига таъсир қилишга уринмаслигини маълум қилган эди.

Кези келганда таъкидлаш лозим, гарчи Исроил ХЖС аъзоси бўлмаса-да, унинг юрисдикциясини тан олмаса-да, Фаластин 2015 йилда ушбу ташкилотга қабул қилинган. Шу боис, аксарият холис экспертларнинг фикрига кўра,  ХЖС Фаластин ҳудудида, қандай томон содир этганидан қатъи назар, тегишли жиноятларга нисбатан етарлича юрисдикцияга эга. 

“Асосий қаҳрамон” Нетаняҳу эса шу йилнинг 26 апрел куни биринчи марта ХЖСнинг ордер бериши эҳтимоли ҳақида баёнот бериб, суднинг бунга “журъат қилишига йўл қўймаслиги” ҳақида дағдаға қилиб, суднинг бундай қадами “Исроилнинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига путур етказиши”ни билдирган эди. Нетаняҳунинг субъектив фикрича, “Яқин Шарқдаги ягона демократик давлат бўлмиш Исроил”нинг ҳарбий ҳамда маъмурий мулозимларини ҳибсга олиш “жаҳон миқёсида хавфли прецедент” яратиши мумкин. 

 Масала қандай якун топади?

Нетаньяхуга қарши ХЖС ордери имзоланиши вақт масаласи, холос. Шу билан бирга, Исроил армиясининг Ғазо секторида давом эттираётган қилмишларидан келиб чиққан ҳолда ХЖС Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва Бош штаб раҳбари Херци Ха-Левни ҳам қидирувга бериши мумкин. Бироқ АҚШ томони масалага жиддий аралашса, ХЖСнинг эҳтимолий қарори қабул қилинмаслиги ёки бундай ордер берилган тақдирда ҳам ушбу масала “фарс”, яъни “кичик ҳажвий пьеса”га айлантирилиб, унинг қадрини туширишга уриниш каби сиёсий технология усуллари ишга солиниши мумкин.

Гарчи Исроил бу масалага беписанд ва “димоғдорлик” билан қараётган бўлса-да (ёки шундай кўринишга уринаётган бўлсада), масаланинг улар зарарига ҳал қилинишидан қаттиқ хавотирланмоқда. Фаластин анклавида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда Исроил позициясининг бироз юмшагани ҳам бу фикрни қувватлайди. 

ХЖСнинг Исроил бошида турган раҳбарларни қамоққа олиш ҳақида ордер берса, бу Исроилнинг халқаро майдондаги имиджи ва сиёсий обрўсига катта путур етказади, унинг сиёсий ва жўғрофий мобиллигини жиддий чеклаб қўяди. Энг асосийси, Нетаняҳу ХЖСга аъзо давлатларга боришдан қўрқиб қолади, чунки бу давлатлар Нетаняҳуни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Агар бу тамойилга амал қилинмаса, шундоқ ҳам обрўси тушиб кетаётган ва дунё миқёсидаги можароларни самарали ва ижобий ҳал қилишда сиёсий ожизлигини тобора кенгроқ кўламда намоён этаётган БМТ ва умуман барча халқаро ташкилотларнинг имиджига жиддий ва ўнгланмас зарба бўлиб тушади. 

                                          Абдуллоҳ САЙЙИД

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1