1

МАРМАРАК ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА БЕПУШТЛИКНИ ДАВОЛАЙДИ

САЛОМАТЛИК 24.08.2017, 09:55
 МАРМАРАК  ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА БЕПУШТЛИКНИ ДАВОЛАЙДИ

Мармарак қадим замонлардан бери қўлланиб келинадиган доривор гиёҳлардан биридир. Қадимги Мисрда эса уни аёллар бепуштлигида тавсия қилишган.

ТИББИЁТДА ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Тиббиётда мармаракнинг уч тури ишлатилади. Доривор мармарак баргининг дамламаси буриштирувчи, дезинфекцияловчи ва яллиғланишга қарши таъсир этувчи восита сифатида юқори нафас йўллари яллиғланишида, томоқ, оғиз ва милк шиллиқ пардалари яллиғланишида оғизни чайиш учун қўлланилади. Хушбўй мармарак – бўйи 50-100 сантиметрга етадиган кўп йиллик ўт бўлиб, боғларда ўсади. Тиббиётда ер устки қисми ишлатилади.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Мармарак халқ табобатида юрак тез урганда, дармонсизликда, безгак, буйрак касалликларини давошлашда ҳамда овқат ҳазм бўлишини яхшилаш учун қўлланилади. Экстрактидан тайёрланган суртмаси ва экстрактининг концентрати – салмус тери касалликларини (масалан, псориаз)ни даволашда яхши натижалар беради. Шунинг учун бу препаратлар илмий тиббиётда ишлатишга тавсия этилган. Эфир мойидан доришунослик амалиётида суюқ дори шаклларининг ҳиди ва таъмини яхшилашда фойдаланилади.

Халқ табобатида мармаракнинг яна икки тури – тиканли мармарак ва чўл мармараги ер устки қисмининг дамламаси юқорида кўрсатилган касалликларда ҳамда томоқ оғриганда чайиш, иштақа очиш ва иситмада ташналикни қондириш учун ичилади. Ер устки таркибида эфир мойи, ошловчи ва бошқа моддалар бор.

МАРМАРАКЛИ МУОЛАЖАЛАР

  • Мармарак баргларидан тайёрланган дамлама гастрит ва колит, ошқозон яраси, метеоризм, жигар ва ўт пуфаги яллиғланишини даволашда фойдаланилади. Дамлама қуйидаги тартибда тайёрланади: майдаланган ўсимлик баргидан 2 ош қошиқ олиб, 400 мл қайнаган сув қуйилади, 4-6 соат дамлаб қўйилади, ҳар 3-4 соатда 20-30 мл.дан ичиб турилади.
  • Австрияда ошқозон ва ичак касалликлари, ҳалқум шиллиқ пардаси яллиғланиши, ангинани даволашда мармарак дамламасидан фойдаланилар экан.
  • Хитойда мармаракни дамлаб ичишни хуш кўришади, АҚШда эса салатлар, шўрвалар, сабзавот, гўшт, балиққа қўшиб истеъмол қилинади.
  • Бодомча безлар яллиғланганда, шишганда мармаракнинг ер устки қисми ва гулидан тайёрланган дамлама ишлатилади. Дамламани тайёрлаш учун бир ош қошиқ солиб, устига 2 стакан қайнаб турган сув қуйилиб, 2 соатга дамлаб қўйилади. Кейин уни докада сузиб, кунига 6-8 марта оғиз чайилади, ғарғара қилинади.
  • Кариесни даволаш учун 1 ош қошиқ қуруқ мармарак ва игир ўсимлиги устига 1 стакан қайноқ сув солиб дамланг. Дамлама 1 соат турсин, сўнг у билан оғзингизни чайқанг. Агар бирон тишингиз оғриб қолса, шу дамламага бироз пахта ивитиб олиб, уни оғриётган тишга қўйинг. Ушбу муолажани бир неча ой давомида, токи кариес йўқ бўлгунича такрорлаб туриш лозим.

ДИҚҚАТ!

Мармаракдан тайёрланган дориларни шифокор кўрсатмасисиз, узоқ ва ортиқча миқдорда қабул қилиш ярамайди. Акс ҳолда заҳарланиб қолиш мумкин. Ҳомиладорларга мармаракдан тайёрланган дорилар мумкин эмас.

Интернет материаллари асосида Севара Нишонова тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1