1

Олий суд пленумининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 26.05.2014, 10:35
Олий суд пленумининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий суд судьялари, жиноят ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Олий суд раиси Б.Мустафоев бошқарган мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш самарадорлиги ортиб, жамиятда адолат барқарорлиги таъминланмоқда.

Бу жараёнда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш,  судья кадрларни танлаш ва лавозимга тавсия этишнинг энг демократик тамойилларга мос бўлган мукаммал тизимини яратиш, шунингдек, суд кадрларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилгани ҳам алоҳида аҳамият касб этди. 

Давлатимиз раҳбарининг кейинги йилларда айнан шу мақсадларга қаратилган фармон ва фармойишлари қабул қилингани суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мутлақо янги даврини бошлаб берди. Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонунга мувофиқ, “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низом амалга жорий этилгани ҳам бу борада ўтказилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Табиийки, кўрилаётган амалий чора-тадбирлар, энг аввало, судья ва суд ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилаётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлаш, одамларнинг ишончини қозониш, бир сўз билан айтганда, судья кадрларнинг салоҳияти, билими ва уларнинг зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этишига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Йиғилишда муҳокама этилган “Суд ҳукми тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги пленум қарори лойиҳалари ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.

Зеро, суд ҳукми одил судловнинг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган муҳим процессуал ҳужжатидир. Суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариш орқали шахснинг Конституцияда белгиланган муайян ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёхуд бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳақида ўз хулосасини баён қилади. Шу сабабли, суд ҳукмининг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши биринчи навбатда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишига боғлиқдир. 

Айтиш керакки, судлар томонидан жиноят учун жазонинг тўғри ва одилона тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим кафолати саналади. Чунки адолатли жазо тайинлаш  нафақат маҳкумни ахлоқан тузатиш, янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади, балки суриштирув ва тергов органи ходимлари ҳамда судьяларнинг салоҳияти, билими ва зиммасидаги вазифага нечоғлик масъулият билан ёндошганини ҳам кўрсатади.

Шу боис қонуний ва адолатли суд ҳукми суд ҳокимияти нуфузини ва судьяларнинг обрў-эътиборини оширадиган, одамларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайдиган асосий мезондир.

Олий суднинг 2014 йилга мўлжалланган иш режасига асосан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан жиноят ишларини кўришда ва суд қарорлари чиқаришда юзага келаётган айрим муаммолар, тушунмовчиликларнинг қонуний ечимини топиш, ҳуқуқни қўллаш жараёнида суриштирув ва тергов органи ҳамда судлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Олий суд пленумининг 1997 йил 2 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарорининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ишчи гуруҳи томонидан ушбу пленум қарори лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 476 шахсга нисбатан 406 та жиноят иши ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди.

Мазкур Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад – судлар томонидан қонунларни бир хилда қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришдан иборатдир.

Пленумда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Қодиров иштирок этди.

 

                                                                                    

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1