1

Дунёдаги ғаройиб бекатлар (фото)

ДУНЁ 23.06.2018, 13:10
Дунёдаги ғаройиб бекатлар (фото)

Халқимизда “Яхшилик қил дарёга ташла” деган мақол бор. Бу мақолни бошқа халқлар “Яхшилик қил-у, кўринма” дея талқин қилишади. Буюк Британиянинг чекка бир қишлоғида номаълум шахс мана шу мақолга амал қилди. У қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилиш мақсадида ноодатий автобус бекати қурди. Бу каби савоб ишдан қишлоқликларнинг боши осмонга етди. Чунки бекат кўп йиллар мобайнида ташландиқ ҳолда эди. Эндиликда Англия жанубий- ғарбида жойлашган Девон графлигидаги Уэлхэмптон қишлоғи аҳолиси ҳақли равишда фахрланмоқда. Девон бир қатор аньана ва урф- одатларнинг ватани ҳисобланади. Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмсга бағишланган асарлари туркумига кирувчи “Баскервиллар ити” асаридаги воқеалар Девон графлигида бўлиб ўтади.

Эндиликда айнан мана шу бекат орқали қишлоқнинг номи дунёга машҳур бўлди. Тошдан қурилган мўъжазгина автобус бекати худди турар-жой биносидаги хоналарни эслатади. Бекат худди қадимги Англиядаги уйларни ёдга солади. Бу ерда кресло, тувакларга экилган гуллар бор. Хонадаги ўриндиқларга ёстиқлар қўйилган. Деворга эса картиналар осиб қўйилган. Автобусларнинг бекатга қачон келиши ҳақидаги маълумот қадимий усулда ишланган ёғоч рамкага жойлаштирилган.

a99992_140808_EYE_6.jpg.CROP.original-original.jpg


Мухбирларнинг айтишича, шу тариқа жаҳондаги энг шинам автобус бекати пайдо бўлди. Ҳозирча бу ноёб бекат ким томонидан қурилгани аниқ эмас. Қишлоқ аҳли номаълум дизайнерни “маҳаллий Бэнкси” деб атамоқда ва ўзларига чексиз яхши кайфият совға қилгани учун унга миннатдорчилик билдиришмоқда. Бу ҳақда The Daily Mail газетаси маълум қилди.

busstop01.jpg

Маълумки, дунё шаҳарларидаги автобус бекатлари кўриниши турлича бўлгани билан деярли бир хил вазифани бажаради. Бекатлар йўловчиларга хизмат кўрсатади.


АҚШнинг Балтимор шаҳрида мактаб автобусидан ҳайкалтарош Кристофер Феннелл ғаройиб бекат яратди. Бекат ўриндиқлари ҳам автобусникидир. Лондоннинг Риджент-Стрит туманида ЛЕГО ўйинчоғига ўхшаш бекат қурилган. Бунинг учун 100 мингта детал ишлатилди.

school-bus-shelter_6QpyY_69.jpg


Япониянинг Конагаи шаҳридаги автобус бекатлари жаҳонда тенгсиз экани тан олинади. Бу шаҳарда бекатлар мева ва сабзавотлар кўринишида қурилган. Бекатлар аввалига сайёҳларни жалб қилиш мақсадида 1990 йилда ўтказилган Трэвел Экспо (Garden and Greenery Exposition) кўргазмаси учун қурилган эди. Орадан кўп ўтмай бу бекатлар шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари қаторидан ўрин олди. “Мевали бекатлар” номи эса дунёга достон бўлди. Трэвел Экспо кўргазмаси бошланишидан олти ой муқаддам Осака шаҳрига 23 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрди. Шу сабабли Япония бўйлаб шу каби ярмаркалар ўтказишга қарор қилинди. Конагаи шаҳридаги кўргазма “Нагасакига саёҳат” деб номланди ва 16 та мевага ўхшаш бекат қурилди. “Мевали бекат”лар 2005 йилда Осака тўртта шаҳар билан қўшилганидан сўнг янада машҳур бўлди.

Fruit 3.jpeg


Кўргазма якунланганига қарамай маҳаллий аҳоли бекатларни асл ҳолича қолдиришга қарор қилди. Чунки мева ва сабзавотларга аҳоли ўрганиб қолди. Танишингиз сизнинг қаердалигингизни билмоқчи бўлса, “Тарвуз ёки Қовун бекатидаман” дея жавоб бериш шаҳарликларга ёқиб тушган эди. Иккинчидан сайёҳлар ҳам бекатларга қизиқиб қолишди. Дўконларда бекатлар тасвири туширилган ёки бекатлар кўринишдаги сувенирлар пайдо бўлди.

konagai-isahaya-fruit-bus-stops-9[2].jpg


Тошкентимиз йилдан йилга гўзаллашиб бормоқда. Сўнгги вақтларда нафақат жамоат транспортидан фойдаланувчилар, балки хусусий автомобил эгалари ҳам пойтахтимиздаги автобус бекатларига эътибор қаратишмоқда. Бунга бекатларга кондиционерлар ўрнатилаётгани, автобусларнинг қачон келиши ва қачон кетишини билдирувчи телевизорлар билан жиҳозланаётгани, шаҳримизнинг меъморий кўриниши гўзаллашаётгани сабаб бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, йўловчиларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида барча чоралар кўрилмоқда.

9-s.jpg

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1