1

Тўйларни ихчамлаштириш кимнинг қўлида? Тарғибот туга(май)ди?!

ЖАМИЯТ 30.06.2018, 11:47
Тўйларни ихчамлаштириш кимнинг қўлида?  Тарғибот туга(май)ди?!

Тўйларни ихчамлаштириш ҳақида биринчи минбардан айтилган фикр худди ҳозиргидек ижтимоий тармоқларнинг кун мавзусига айланганди. Оммавий ахборот воситалари ҳам янада кўпроқ бу мавзуни ёритишда давом этишди(!). Айнан давом этишди, бонг уришни бошлашди эмас! Босма нашрдаги 7 йиллик фаолиятим давомида тўйларнинг сарф-харажатини камайтириш, сарпо можораларига чек қўйиш, орзу-ҳавасларнинг эмас, аниқ ва самарали мақсадларнинг этагини тутиш ҳақида кўплаб, керак бўлса, тизимли мақолалар бериб борганмиз. Бугун шунча тарғибот ҳавога совурилдими, деяётганларни тушунмаяпман.

Биринчидан, сенатнинг қарорида тўйларни дабдаба билан ўтказишда давом этинг ёхуд маросимлар қисқармайдиган бўлди деган маъно йўқ.

Иккинчидан, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари давом этиши шарт. Қон-қонимизга сингиб кетган тўй масаласини, у билан боғлиқ орзу-ҳавасларни биттада, илдизи билан суғуриб ололмаймиз. Бу ҳаммамизга кундек равшан. Беҳуда сарф-харажатларни исботлаб бериш, орзу-ҳавасларни тўғри йўналтиришни ўргатиш, тўй ҳақидаги гап-сўзларга қарши иммунитет ҳосил қилиш, кўрпага қараб оёқ узатиш — кимнидир камситиб, кимнидир юксалтирувчи эмас, фойдамизга иш берувчи нақл эканлигини англаш учун қайта-қайта уқтиришда давом этишимиз керак. Шунда сенатнинг қарори билан ўзгариб қолмайдиган натижага эришишимиз мумкин. Агар истасак, албатта!

Муҳрсиз қарор

Агар қарорлар, қонунлар билан тўй, оила қуриш, унинг мустаҳкамлиги масаласига муҳр урилганда — яъни биз уларга сўзсиз риоя қилганимизда эди, газета-ю телевиденияга, ижтимоий тармоқлар, сайтларга минглаб аёллар қонуний никоҳдан ўтмагани учун оғзи куйиб қолгани, боласига алимент ундира олмаётгани, 2, 3, 4 нафар фарзанди бўлса ҳам, 10, 20 йилдан буён қайнонасининг хизматини қилса ҳам, турмуш ўртоғининг уйига на ўзи, на болаларини рўйхатга қўйилмаётганидан куйиниб мурожаат қилмасди!

Сенатнинг қарорини аҳмоқона дея кимни алдамоқчимиз? Шу йўл билан масъулиятдан қочмаяпмизми? Ўзимиз ўзимиз учун бу борада қарор чиқаришимиз керакмасми?

Нимадан воз кечамиз?

Тўй тараддудидаги ҳар бир оила ўзига шу саволни бериб кўрса, анча ҳовуримиз босилади. Масалан, мени катта ёшлилар тўй тантаналарида иштирок этмайди деган фикр ўйлантирганди.

Февраль ойида маҳалламиздаги тўйда меҳмон бўлдим. Онам, қўшни аёллар (50–60 ёшлар атрофидаги) чиройли давра бўлиб ўтиришгани, узоқ-яқин танишларни кўриб суюнишгани, “Муҳаббат видеони кўрса, хурсанд бўлади” дея камерага тилаклар билдириб, ўтирган жойларида рақсга тушишгани кўзимни қувнатганди.

Дастурхон оддийгина эди, икки хил салат, 4 та пишириқ, мева-чева, битта ош. Қўшиқчи ҳам маҳалланики. Тўғри, одамлар сони 100, 200 эмас, икки баробар кўпроқ. Ўйлаб қолдим, агар тўйларда ёши катталарнинг қатнашиши чекланса, улар яна қаерда бундай яйраб-қувнаб ўтиришади? Вилоятларда концертлар онда-сонда бўлади, гап-гаштаклар тор доирада. Тўйнинг эса завқи бошқача! Албатта, бу менинг фикрим. Эҳтимол айрим катта ёшлилар шовқин-суронли тантаналарни хушламас? Бу ҳам уларнинг танлови.

Харажатларни қисқартириш масаласи эса оддий. Масалан, асосан хоразмликларга хос бўлган “қиз базми” деган маросимни ўтказмаслик тарафдориман. Вилоятимизда бу бўйича ташвиқот ишлари, адашмасам, қарийб ўн йиллардан бери олиб борилади. Ҳатто никоҳ тўйидан олдинги бу тадбирни ўтказмасликни маҳалла, ҳокимият назоратига олган. Лекин афсуски, “Биргина қизим”, “Кенжа қизим”, “Эрка қизим”, “Хафа бўляпти”, “Одамлар нима дейди?” дея “қиз базми”га таклифномалар тарқатишади.

Гап шундаки, “қиз базми”нинг никоҳ тўйидан фарқи атиги 3 тагина:
1. Куёв иштирок этмайди, келин ёлғиз ўзи давра тўрида ўтиради.
2. Куёв томондан 50 нафарча меҳмон келади, асосан келин томон ўйнаб-кулади.
3. Ичкилик камроқ тортилади, чунки эркаклар сони нисбатан кам бўлади.
Бошқа ҳамма-ҳаммаси бир хил.

Дастурхоннинг асосий харажатлари, санъаткорлар куёв томон зиммасида.
Келин бу кун учун алоҳида либосни ижарага олади. Аксар ҳолларда “қиз базми” ҳам, никоҳ тўйи ҳам битта тўйхонада ўтказилади. Меҳмонлар салгина фарқланиши мумкин. Мабодо келин узоқроқдан бўлса. Одатда, икки кун давомида бир хил тўйхонада, бир хил даврада, бир хил дастурхон атрофида кечаги санъаткорнинг репертуарини худди ўша тартибда эшитиб ўтирасиз. Тан олиш керак, ортиқча исрофгарчилик ва шахсан мен учун зерикарли.

Ҳарқалай охирги пайтларда аксар оилалар “қиз базми” шарт эмаслигини англаяпти. Янаям, тўғрироғи, инсон ўз қадрига етяпти. “Ўзаро келишиб қиз базми қилмайдиган бўлдик, ўрнига кир ювадиган машина олдик” дея ўзларини ҳам, қизларини ҳам, меҳмонларни ҳам овора қилмасликка қарор қилишяпти. Мана буни тўғри танлов деб биламан.

Хулоса

Ёзувчи Эркин Аъзамнинг бир ибораси бор: “Бу дунёда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси нимани танлаб, нимада воз кечишимизга боғлиқ”. Сенат “Тўйларни ихчамлаштириш шарт” дея қарор чиқармагани бу имконсиз иш дегани эмас! Ҳаммаси ўзимизнинг танловимизга боғлиқ.

Шоира Вафоева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1