1

“Сўзда сеҳр бор…”

ЖАМИЯТ 23.07.2018, 16:21
“Сўзда сеҳр бор…”

Олим ТОШБОЕВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари номзоди


Болалигимизда бирорта бўйинсамиз айтган гапга ишонқирамасак уни дарров қасамга таяр эдик: “Воллоҳ де қани!”

Рост гапига ишонтиролмай қийналиб кетган жўрамиз ҳам ҳеч иккиланиб ўтирмасдан “Воллоҳ, агар…” дер эди. Ёки бўлмаса “Чор китоб урсин!..” дея энтикиб гап бошларди. Табиийки, ўн-ўн икки ёш болалар Чор китоб (Қуръон, Инжил, Таврот, Забур) нелигини билмас, лекин мана шу тахлит қасам ичилганидан кейин аксарият ҳолларда айтилган гапга чиппа-чин ишониларди.

Бу – одамнинг янгиликка бўлган илк эҳтиёжини англатишдан ташқари, хабарнинг тўғри ёки нотўғрилигини текширишнинг ибтидоий, аммо ишончли бир усули эди.

Бугун ҳаётнинг, тирикликнинг белгиларидан бири бўлган информация оқими энг улуғ наҳрлардан-да улуғдир. Тасаввур қилинг, шиша-оптик қувур орқали уммон ортидан нур тезлигида тарқалаётган хабар нафақат одамларнинг ҳаёт тарзига, балки дунёнинг борлигига далолат бўлиб қолди. Энди сиз кимни “Воллоҳ де…” дея қасамга тирайсиз. Йўқ, у хабарни бир мол-товар каби сотди-ю кетди. Сиз – харидор бўлиб молнинг айбини билиб-билмай сотиб оласиз. Лекин бир ҳақиқат ўзгарган эмас. Журналист суҳбатдоши ҳузурига диктофон билан борадими, телефон ёки телекамера кўтариб оладими, балки ҳикоя қаҳрамони айтган фикрларни қўйин дафтарига ёзиб олар, нима бўлганда ҳам, у сўз билан ишлайди. Мухбирнинг қуроли – сўз. Ҳамма гап мана шунда. Худди мана шу жиҳат дунёдаги барча қаламкашу мухбирларни бирлаштириб турибди. У биргина сўз орқали дунёни англашга, ҳаётни билишга ҳисса қўшади. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) “Сўзда сеҳр бор, шеърда ҳикмат” ҳадисидан ошириб СЎЗни тавсифлаш мумкинми? Ҳа, раҳмат! Биргина сўз билан боши эгик одамни тип-тик қилиш ёки битта калом билан бир одамнинг ҳаётига нуқта қўйиш мумкин!

Йиллар ой, ойлар ҳафта каби ўтаётган бизнинг кунларда жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси билиб-билмай мухбирга айланиб қолди. Ҳозир ҳамма журналист! Қўлидаги смартфон орқали “ўргимчак тўри”га илинган кас борки, хабар тарқатади. Ўзингиз ўйланг, шундай мураккаб бир шароитда у ёки бу таҳририятда ишлайдиган дипломли журналистга қанчалар қийин. Унинг бутун фаолияти, саъй-ҳаракати одамлар назаридакўзгуда акс этган мисол кўриниб туради. Халқимиз ҳам анойи эмас. Миллатдоши тарқатаётган хабарни дарҳол бошқа бир хорижий манбага солиштиради, тўғри-нотўғри жойларини таҳлил қилади. Ёқса – ҳузур, ёқмаса – нишон. Танқид ўқлари ғизиллаб учади…

Бундан ўн-ўн беш йил аввал одамлар эрталабки чойдан сўнг кунни газета варақлаш билан бошлаган бўлса, бугунга келиб кўпчилик уйқу аралаш кўзини йириб очиб, носнинг хумори тутгандай, шоша-пиша Интернет кавлайди. Ҳатто шу даражага келдикки, ёр-ёр билан чимилдиққа кирган келин-куёв ҳам иккови икки томонга қараганча,қўлидаги телефон билан овора! “Эй, лодон! Ота-бобонг чимилдиқда телефон ўйнаганми”, дейдиган мард йўқ. Замонавий ёшларни бу эрмакдан ажратиб кўринг-чи. Она кўкракдан ажратган болани у - бу қилиб овутиши мумкиндир, аммо дунёни бармоғи билан кезиб юрган йигит-қизни овутолмайсиз.

Ахборот макони кўз ўнгимизда шитоб билан ўзгариб бормоқда, унга қўшилиб ўзимиз ҳам. Лекин рост сўзга бўлган эҳтиёж ўзгариб қолгани йўқ. Рост сўз ҳамиша ўз мавқеида собит турибди. Бир-икки соатда миси чиқадиган ўтриклар, ёлғон–яшиқ гаплар, бўҳтон-уйдирмалар ҳам яшашнинг бир усулига айланиб қолди, афсус…

МУСТАҚИЛ ФИКР МИНБАРИ

У нима бўлиши мумкин, деган савол барчани қизиқтиради. Бу саволга жавоб беришдан олдин “Мустақил фикр ўзи нима?!” деган масалани ўрганиб чиқайлик. Абдурауф Фитрат “Нажот йўли” асарининг “Фикр тарбияси” бобида “Фикр тарбияси одамнинг ақлини камолга етказиш ва бахт-саодатга етишиши учун қобилиятли қилиб тарбиялашдир. Одам ақли тўғри ва яхши муҳокама эта олсагина камолга етган ҳисобланади» деб ёзади. Фитрат замонидан сўнг бу ўгитга қанчалик амал қилдик билмайман, аммо жадид юртдошимиз панд-насиҳатини узоқ-узоқлардаги мусулмонлар қулоққа зиракдек тақиб олишгани ҳақиқат.

Заҳматкаш олим Бойбўта Дўстқораев “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” дарслигида миллий матбуотимиз тарихи 1870 йилдан бошланишини айтиб ўтади. Салкам бир ярим аср муқаддам пайдо бўлган журналистикамиз қандай тузумлару даврларни, сиёсат ва мафкураларни бошдан ўтказмади дейсиз. Гап бунда эмас. Туркистонда илк газеталар пайдо бўлганда бугунги айрим мамлакатларда бу ҳали бир туш каби эди. Аммо даврлар алмашиниб, улар бизга бугун матбуот ва сўз эркинлиги, ахборот олиш кафолати, журналистнинг касб этикаси-ю маҳорати ҳақида фалсафа сўқадиган бўлиб қолди. Наҳотки биз мана шундай даражага тушган бўлсак? Наҳотки биз шу қадар ғариб, малакасиз, нўноқ бир матбуотга меросхўр бўлдик?!

Чор истилочилари ўлкада ўз сиёсатини тарғиб этиш мақсадида матбуотни йўлга қўйган бўлса, совет даврида шўро мафкураси журналистиканинг қибласи эди. Истиқлол дунёга дарча очиб, жаҳон журналистикаси тамойилларини ўзлаштиришга имконият яратди. Аммо бирибир биз ахборот маконида пешқадам эмасмиз. Асосан истеъмолчи мақомидамизки, бу кўп ҳолларда панд бериб қўймоқда. Аслида, бу мақомнинг мақтанарли жойи каму, аммо наилож?!

Ҳақрост, “Бўрини оёғи боқади” деган мақолни шиор қилиб оёғи олти, қўли саккиз бўлиб чор атрофга зир югурган билан одам журналист бўлиб қолмайди. Ҳамма гап салоҳиятда, худо юқтирган истеъдодда! Биз мана шу жиҳатни унутиб қўймоқдамиз. Президентимиз қарори билан ташкил этилган янги университет барча талаб ва эҳтиёжларимизни қондирадиган, кўнгилларга сурур бағишлайдиган авлодни тарбиялашидан умидвормиз.

Таҳририятни моддий-техник жиҳатдан бадастир қилиш мумкин, телерадиони энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳам айтайлик катта муаммо эмас. Энг катта муаммо – одам! Иймонли, халқпарвар, интеллектуал мутахассис ноёб ҳодисага айланиб бораяпти. Журналистнинг жамиятдаги мавқеига соя ташлайдиган, унга турли шубҳа-гумонлар билан қарашга мажбур қиладиган омил ҳам худди мана шу масалага боғлиқ. Нафсиламрини айтганда, кучли журналистика кучли давлатнинг маҳсули. Биз куч деганда ҳарбий салоҳиятни назарда тутаётганимиз йўқ. Қаердаки сўзнинг қадри баланд бўлса, матбуотнинг ҳам мавқеи баланд бўлади.

Очиқ жамият тамойиллари сари юз буриб, ҳуда-беҳуда ёпилган дарпардаларни секин кўтариб, Осиё, Европа, Америка журналистикаси тажрибаларини ўрганишга бошладик. Лекин саволлар кўп.

Мустабид тузум даврида матбуот ҳукмрон партиянинг дастёри эди. Цензура бор эди. Мустақилликка эришиб цензурадан қутулдик, аммо… Журналист шахс сифатида мавқеини бой берди. Бугун Юртбошимиз жамиятнинг энг катта иллати – коррупцияга қарши самарали кураш тизимини яратиш вазифасини қўйган. Биз бу таҳдидга матбуот орқали зарба берадиган бўлсак, жуда кўп масъул идоралар юки камайиб, ислоҳот самараси юқори бўлишига шубҳа йўқ. Бундан ташқари, бюрократ раҳбарларнинг “хўп-хўп”и ва турли кўзбўямачиликлар ўз-ўзидан камайиб кетади. Тўғри, бу иллатларга қарши курашда Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Лекин газета, телевидение, радио бу вазифани зиммасига олиши лозим. Ҳаёт талаби ва эҳтиёжини қондира олмаган матбуот нашрлари ман шу тарзда назардан қолади, бу эса журналистиканинг инқирозидан дарак.

Қудратли тизимга айланган матбуот сиёсатнинг ойнаси бўлиш билан бир қаторда, давлатнинг энг яқин кўмакчиси ҳамдир. Унга билдирилган ишонч, таъбир жоиз бўлса, отанинг фарзандга суянишидай гап. Холис, ҳаққоний тизим жамият ҳаётига ғов бўлаётган барча тўсиқларни нафақат олиб ташлайди, балки жамият аъзоларининг бир маслак ва ғоя атрофида уюшишини ҳам таъминлайди. Лекин ўтган йиллар давомида айрим хусусий газета-журналлар миллий ахлоқ ва турмуш тарзимизга зид йўналишни танлагани замирида истеъмолчининг тарбия топмаган майллари, табиати, энг муҳими маънавий даражаси ётибди. Агар бизда шахс фазилатлари ва фикр эгалари тарбияланганида эди, миллий ахлоқ кушандаси бўлган бундай корчаллонлари етишиб чиқмаган бўларди.

Мутараққий жамиятлар ниманинг ҳисобига ривожланган десангиз, ҳамма бирдан чувуллаб иқтисодий ислоҳотлар ҳисобига-да, дея сизни мот қилишга тушиб кетади. Бир ўйлаб кўрайлик. Ростдан шундаймикан? Қолоқ Малайзияни Осиёнинг манаман деган давлатига айлантирган Махатхир Муҳаммад “Келажакка йўл” асарида Фитрат ўгитларини такрорлаганини сезиш қийин эмас. Яъни она халқи малайнингдавлатнинг ҳақиқий эгаси бўлишини ният қилганини айтиб ўтади. Чунки ҳинд, хитой корчаллонлари зулми остида эзилиб ётган шўрлик малайларнинг ҳақ-ҳуқуқи ниҳоятда чекланган бўлиб, барча соҳаларни назорат қилиб турган икки халққа дастёрлик қилиб кун кўрарди, холос. Махатхир Муҳаммад она халқига мустақил яшаш, мустақил тафаккур қилиш ва шу йўл билан тадбиркорлик, ишлаб чиқаришни тасарруф этиш имкониятини яратиб беради. Малайзия давлати учун Махатхир Муҳаммаддан улуғ одам йўқ!

КЕТМОН ЗЎРМИ Ё ҚАЛАМ?!

Қўлига қалам тутган ҳамкасблар ҳеч бўлмаганда Абдулла Қодирийнинг журналистик фаолиятини бир кўздан кечирсалар ёмон бўлмас эди. Улуғ адибимиз сўзни қадрлашни, уни пайкон-ўқ каби ишлатишни “Туркистон” газетаси ва “Муштум” журналида ишлаб юрган чоғларида ўзлаштирган. Исбот сифатида мумтоз ёзувчининг “Мочалов”, “Лайли ва мажнун”, “Давосиз дардлар”, “Оғзингга қараб гапир!”“Ҳуқуқ” каби ҳангома ва фельетонларини эслаш кифоя.

Абдулла Қодирий яшаган даврдан буёғига ҳам салкам бир аср ўтди. Журналистикада журъатнинг, ҳақиқатгўйликнинг қадри вақт билан, давр билан ўлчанмаслигига юқорида келтирилган асарлар мисол бўла олади. Қодирий қаламидан чиққан бу асарлар биз ўрганиб қолгандек қулоч-қулоч эмас. Қисқа, ихчам, аммо мантиқ, далил ва фикр кучли. Сўзни калтакдек тусма-таваккал сермаш йўқ. Мўлжал аниқ олинган. Буям бир ибрат бизга. Шундан келиб чиқадики, жамиятнинг бугунги ривожи ва келажаги мустақил фикр эгаси бўлган онгли шахслар қўлида экан. Дунёнинг асоси тўрт унсур бўлгани каби, миллий тараққиёт негизи–ФИКР. Миллий журналистикамиз ана шу эзгу мақсадни шиор қилиб олиши лозим. Фикрсизлик бошланган жойда таназзулга йўл очилади. Фикрсиз, ўзгалар кўзи билан яшайдиган одамдан хавфли душман йўқ. Мутараққий мамлакатлар ана шу ички душманни маҳв этиш йўлидан борган. Бунда мамлакат нуфуси қанча экани аҳамиятсиз. Бир эътибор қилинг, аҳолиси Ўзбекистоннинг бир вилоятига тенг мамлакатлар дунёнинг манаман деган соҳиби қудратлари билан теппа-тенг алоқа қилмоқда. Бунга нима сабаб бўлиши мумкин? БМТга аъзолик дейсизми? Бу ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар жуда кам бўлса керак. Гап бунда эмас. Асосий сабаб, бундай давлатлардаги ҳар бир фуқаро ШАХС эканида! Унинг сўзи, овози, имзоси борлигида! У давлати билан фахрланади, сиёсатга онгли муносабат билдиради. Сайлов ва референдумларда иштирок этиб, худди оилавий муаммоси ҳал этилаётгандек куйиб-ёнади. Аслида, бундай ғоялар бизга мутлақо бегона эмас. Абу Наср Форобий бобомиз “Фозил одамлар шаҳри” асарида худди мана шундай жамиятлар ҳақида ёзган эди. Худога шукрки, ана ўшандай жамиятлар йўлини тутмоқдамиз. Очиқ, шаффоф, содда, самимий муносабатлар. Шахс ва жамият, давлат ва фуқаро муносабатлари фақат матбуот орқали ўзининг моҳиятини намоён этади. Бошқа воститалар ўрни ва аҳамиятни заррача камситмаган ҳолда айтиш ўринлики, матбуот энг самарали ва таъсирчан йўлдир. Унинг тезкорлиги масаласига келсак, газеталаримиз электрон воситаларга ўрнини бўшатиб берди. Ҳар дақиқада янги бир хабарни узатиб турган ҳаво-эфирнинг ошиғи олчи! Лекин матбуотчиларимиз қўл кўтариб майдонни тарк этишларига ҳожат йўқ. Газета ўлмайди. Энди у шунчаки бир хабаркаш, жарчи эмас, суҳбатдошга айлансагина яшаб қолади. Гапи маъноли, суҳбати ширин одамни кўнгил тусагани каби, фикр-ғоя берадиган ҳар битта нашрнинг ўрни ўзгармасдир.

Бас, шундай экан, бугун мустақил фикр эгаларини тарбиялаш матбуотимизнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак. Бу тарбияни телевидение ё радио берадими, сариқ-суруқ матбуот берадими – аҳамияти йўқ! Халқимиз буни жуда ҳам оддий қилиб “Яхши сўз билан илон инидан чиқади” дейди. Биз ҳинду афсунгари эмасмизки сурнай чалиб илон ўйнатадиган. Зиммамизда СЎЗ билан сеҳрлаш, сўз қудрати билан одамларни эзгуликка тортиш имконияти бор. Минг оҳанжама қилиб, шоирона сўзлар тизган билан унинг ғози бўлмаса, замирида данакдек фикр жой олмаган бўлса, дўкон-дастмояни йиғиштириб, қаламни кетмонга алмаштирайлик!

Шундай деб ёздим-у, бободеҳқондай кетмон чопиш ҳам бир санъат эканини, унга ҳам маҳорат лозимлигини англаб, ўйланиб қолдим. Отамерос кетмонни кўтариб юрган деҳқон ҳам дунёни ўз фикри билан қабул қилади. Аммо шахсий мулоҳазаси йўқ, фикрига эга бўлмаган журналист эртаю кеч далада юрган деҳқондан беҳ эмас.

Бугунги матбуотни сўзбозликдан, сўзфурушликдан қутқариш вазифаси турибди. Чунки биз жуда азиз, қадрли нарсаларни ҳам арзон баҳода сотишга кўникиб қолдик. Жумладан, сўзни ҳам. Субутнинг кетгани, лафзсизликнинг фазилатга айланиб бораётгани муқаддимасиана шу сўзфурушликдир.

Нафсиламрини айтганда, касб-коримизу масъулиятимиз ҳақидаги мулоҳазалар ҳеч қачон тугамайди. Икки қутб, икки томон, икки манфаат орасида баъзан даллол, баъзан ҳакам, баъзан воситачи ролида намоён бўлаётган учинчи одам – матбуотга айтмоқчи бўлган гапларимиз кўп. Аммо, ҳозирча, устоз Абдулла Орипов сатрларини эслатиш билан сўзимизга якун ясаймиз:

“Қўлларим кўксимда, бетинч, бетоқат,

Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.

У – менми, у – сенми, ким бўлма, фақат,

Сенга инсоф берсин, Учинчи Одам!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1