1

Ака 16 ёшга тўлмаган синглисини ўлдириб қўйди

ЖИНОЯТ 03.11.2018, 09:44
Ака 16 ёшга тўлмаган синглисини ўлдириб қўйди

Қишнинг қаҳратони бироз бўшашган, атрофни баҳордан дарак берувчи ажиб бир тароват эгаллаган палла. Бундай кезларда қизлар эгнидаги ки­йимлар ўзгариб, гўзал ҳамда нафисроқ либослар танлашга тушишади. Кўнгилларга ҳам баҳорий кайфият таъсир қилмай қолмайди.

Ўспирин йигитлар ҳам баҳор яқинлашиши билан бироз ўзгариб қолишади. Тез-тез ойна ёнига боришлар, сирли жилмайишлар…

Негадир шу тобда Боир (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га бу каби хуш кайфият бегона. Дилига чироқ ёқсанг, ёришмайди.

Ҳаммаси ўтган куни ўртоғи Нодир билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин бошланди.

— Боир, синглингдаги ўзгаришларни сезасанми ҳеч? — сўраб қолди дабдурустдан Нодир. Боир унинг нима демоқчилигини дарров тушунди. Аммо ўзини билмаганликка солди.

— Қанақа ўзгаришларни? — сўради ранги ўчиб. Нодирнинг тили тутилди. Бироқ дўстининг ўзига тикилиб турганини кўр­ди-ю, «Нима бўлса бўлди», дегандек сўзида давом этди.

— Юриш-туришида, демоқчиман-да… Йигитлар билан кўп гаплашадиган, ўзига ортиқча оро берадиган бўлиб қолган…

Боир буни аввалроқ сезган, бир неча марта синглиси Диларони тартибга чақирган. Аммо фойдаси бўлмаган кўринади. Йўқса, Нодир бўлар-бўлмас гапни гап деб кўтариб юрадиган бола эмас. Диларо билганидан қолмаган кўринади. «Менга биров хўжайинлик қилмасин!», деяётганди беор қиз.

Шундай бўлса-да, Боирнинг йигитлик ғурури йўл қўймади. Буни дўстига сездирмади.

— Гапингни ўйлаб гапир, Нодир! Диларонинг эркалиги бор, бироқ чегарадан чиқмайди…

— Бўлса бордир… — дўстини хафа қилмаслик учун чайналди Нодир. — Ҳар ҳолда, бегона эмасман, уни тергаб тур. Кечқурун маҳалла бошида бир йигит билан турганини ўзим кўрдим… Ўз кўзим билан…

Боирга шу гапнинг ўзи етарли бўлди. У бошини хам қилганча уйига кириб кетди. Нодир эса унинг ортидан қараб қолди: «Нотўғри гапирдим шекилли, дили оғриди. Отасининг касалвандлигидан сиқилиб юрганди бечора… Бу гапим ортиқча бўлди-ёв…»

Дам ўтмай яна дадиллашди: «Тўғри қилдим! Мен айтмасам, у эътибор қаратмаса, ёшгина қиз йўлидан адашади. Оиланинг шаънини букади… Тўғри қилдим!..»

У шундай деганча тез-тез юриб, қоронғулик қўйнига сингиб кетди.

Боир эса бу пайтда айвон лабига ўтириб олиб ўй сурарди: «Диларо қачон бунчалик ўзгариб кетди? Илгари бунақа эмасди-ку?! Нима деса, гап қайтармай бажарарди. Ҳозир эса у бутунлай бошқа қизга айланиб қолган. Ота-онасини умуман менсимайди. Ўзини ака ўрнида кўрмайди. Доим нимадандир баҳона топиб, жанжал қилгани қилган. Дадасининг ногиронлигини неча қайталаб юзига солмади, дейсиз… Онасини гапиргани қўй­майди, дарров оғзига уради. Сўроқсиз кўчага чиқиб кетаверади, пулни ҳам индамай олиб ишлатиб юборади. Биров бир нима деса, дарров «ўзимни ўлдираман», дея қўрқитишга тушади. Буни шундоқ қолдириб бўлмайди. Уни яхшилаб тартибга чақириш керак. Акс ҳолда…»

У бу ёғини ўйлагиси келмади. Аввал ота-онаси ухлаётган уйга, сўнгра синглиси ётган хонага бир қараб қўйди-ю, ўзи ҳам ухлаш учун укаси Муроднинг ёнига кирди.

Уйқудан уйғонганида ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Нонушта қилгач, ўзи таълим оладиган коллежга кетди. Тушда уйига келганида онасининг бир аҳволда ўтирганини кўриб, юраги увишди.

— Диларо яна мактабга бормабди, ўқитувчиси қидириб келди… Муродга берган пулимни ҳам олиб чиқиб кетибди…

Боир шалвираганча ўтириб қолди. Қаерда юрган экан, бу орсиз қиз?

У онасини ортиқ ташвишга солгиси келмадими, ўрнидан туриб унга тасалли беришга тушди:

— Бирорта ўртоғиникида бўлса керак, ойи… Сиз ишга бораверинг, уни ўзим топиб, тартибга чақириб қўяман!..

Шундай деганча синглисини излашга кетди. Онаси эса ишга — тикувчилик цехига жўнади.

Аввал шаҳар марказидаги истироҳат боғига борди. У ердан топа олмагач, яна уйига келди. Бу орада онаси унга қўнғироқ қилиб, Диларо у ишлайдиган цехга келганини айт­ди. Синглиси баъзи-баъзида онасига ёрдамлашгани ўша ерга бориб турарди.

Боир ўзини чалғитиш учун бироз телевизор кўрган бўл­ди. Бироқ миясида турфа ўй-хаёллар чарх урар, синглисининг орсизлиги, андишасизлигидан тобора ғазаби тошарди.

Узоқ кутиб ўтира олмади. Шаҳд билан онаси ишлайдиган тикувчилик цехига кириб борди.

— Уйга юр, сенда гапим бор!

Салима опа Боирнинг важоҳатидан қўрқиб ўртага тушди:

— Кечқурун уйга борганимизда гаплашасан у билан. Ҳозир сен кетавергин, ўғ­лим!..

Бироқ Боир шу тобда гапга кўнадиган аҳволда эмасди.

— Ёнини олавериб уни шу аҳволга солдингиз, ойи! Бўл­ди, сиз аралашманг, у билан ўзим гаплашаман энди! Ўқи­тувчиси ҳам сўраяпти уни!

Салима опа унинг ёлғонига ишонди. Кўнгли нотинч эса-да, ноилож уларнинг уйга кетишига рози бўлди.

Диларо йўлда кета туриб қайсарларча депсиниб акасига дўқ урди:

— Мен барибир ўз билганимдан қолмайман. Кўрасиз, уйдан кетиб қоламан!

Боирнинг бу гапдан баттар жаҳли чиқса-да, кўчада эканликлари сабабли ўзини босишга мажбур бўлди. Бироқ уйга кирар-кирмас синглисини қисди-бастига олишга тушди:

— Мактабга бормай қаерда юргандинг, ифлос?! Қачонгача юзимизни ерга қаратасан?

У шу тобда Диларонинг: «Ака, кечиринг, мен ақлсизлик қилдим. Энди айтганингиздан чиқмайман», дейишидан умид­вор эди. Бироқ синглиси бунинг аксини гапирди:

— Менга хўжайин эмассан, сени акам демайман! Ота-онам ҳам менга ёт! Билиб қўй, мен ўз билганимча яшайман. Ҳаётимга аралашманглар! Акс ҳолда, сени ҳам дадамга ўх­шаб кўчага чиқолмайдиган қилиб қўяман!

Боир бир дам карахт аҳволда синглисига термулиб турди. Диларо бир гапдан қолай демас, акасининг ғурурини топтаётганини англамай, оғзига келганини қайтармасди. Боир уни титраб-қақшаб кузатар экан, синглиси аллақачон ўзгариб кетганини, энди уни тўғри йўлга солиб бўлмаслигини ўйлаб, шаҳд билан бурилди-да, ошхона томон югурди. Токчада турган ошпичоқни олиб, яна шундай важоҳатда ортига қайтди.

Диларо унинг авзойи бузуқлигини шундагина сезди. Чунки қўлида пичоқ ялтираб турарди.

— Кўчада беҳаёларча юрганингни кўриб, қаддимиз букилгандан кўра, сени ўлдириб қўя қолганим яхши! — Боир шундай дея синглиси томон юра бошлади. Диларо эса унинг раҳмини келтириш учун ерга чўккалаб ялинишга тушди:

— Ака, бўлди, энди айтганингни қиламан, мени кечир! Бошқа бунақа бесўроқ кўчага чиқмайман!

Диларо қанчалик ялиниб-ёлвормасин, Боирнинг унга раҳми келмади. Жаҳл аллақачон унинг ақлини ўз измига солиб бўлган, нима қилаётганини англамас, қилмиши оқи­бати ҳақида ўйлайдиган ҳоли ҳам йўқ эди.

У жазавага тушганча қўлидаги пичоқни синглисининг кўксига қайта-қайта санчаверди…

Ўша он навниҳол қизгинанинг кўкси алвон рангга кириб, ерга жонсиз йиқилди. Ваҳший қиёфадаги Боир эса телбаларча ташқарига йўналди:

— Мен синглимни ўлдириб қўйдим!

У тинимсиз йиғлар, дам ўзини, дам бир сўздан қолмай, уни қуюшқондан чиқарган синг­лисини, бешафқат тақдирни қарғар, телбалардек айтиб бўзларди…

Судда Боирнинг оила аъзолари Диларонинг кўпдан буён хулқ-атвори бутунлай салбий томонга ўзгариб кетгани, ҳеч кимга қулоқ солмай қўйгани, ана шу андишасизлиги акасини мана шу боши берк кўчага киришга мажбур қилганини айтиб, унга қонуний енгиллик сўрашди. Ака бечора эса бир сўз айтарга ҳоли йўқ ўтирарди…

"Huquq" нашрининг ёзишича, у жиноий жавобгарликка тортилди. Бироқ кўнгилларга афсус ва надомат чўкди. Ахир, ҳали 16 ёшга тўлиб-тўлмаган қизчанинг умри бевақт хазон бўлди. 18 ёшли ўсмир йигит эса балоғат бекатида ёрқин кунларга эмас, қоронғу зулмат — сим­тўрлар ортидаги рутубатли кунлар билан рўбарў келди.

Сўзимиз бошида бежизга фарзандлар тарбияси борасида фикр юритмадик. Аслида Боир ҳамда Диларонинг ота-онаси вақтида уларнинг тарбияси билан шуғулланишганида, уларнинг орзу-ўйлари билан қизиққанларида бу фожиа юз бермасмиди?! Ахир ниҳолни эккач, уни яхши парвариш қилинмаса, эътибор қаратилмаса, қинғир-қийшиқ ўсишини неча бор кузатганмиз. Боир ҳам, Диларо ҳам бола эди, навниҳол эди…

Маҳалла-кўй, қариндошлар ҳам оиладаги бу бетартибликни аввалдан билишган, аммо сезмагандек юраверишган. Ана шу бепарволик ҳам бугун қимматга тушди. Ё бўлмаса, Диларо таълим олаётган мактабдаги педагоглар, психолог вақтида унинг руҳий ҳолатини ўрганиб, тўғри йўлга бошлай олганларида, бугун акаси қў­лини ўз синглисининг қонига бўямасмиди?!

Бежизга ушбу жиноят тафсилотини баён этмадик. Ҳаётда учрайдиган ҳар бир яхши ва ёмон ҳолатлар инсон учун мактаб бўлиши, ундан ўзи учун хулоса, сабоқ чиқара билиши даркор. Зеро, касаллик билан курашгандан кўра, унинг олдини олиш афзал бўлганидек, бу каби кўнгилсизликлар рўй бермаслиги учун ҳамма биргаликда иш олиб боргани маъқул.

Жасур МАМАДАЛИЕВ,

Наманган вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори

Нилуфар НИЁЗОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1