1

Яхшилик қилиш осон: қаршилик болалар энди янги уйга эга бўлди

ЖАМИЯТ 24.12.2018, 21:29
Яхшилик қилиш осон: қаршилик болалар энди янги уйга эга бўлди

Қарши шаҳридаги ногирон болаларга мўлжалланган «Мурувват» интернат уйнинг жажжи тарбияланувчиларига яшаш ва ривожланиш учун ажойиб шарт-шароитлар яратилди. 2018 йил 23 декабрь куни капитал реконструкциядан сўнг ушбу уйнинг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди.

Мазкур хайрия лойиҳаси «Газпромбанк» акциядорлик жамияти, «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамияти томонидан «Ривожланиш стратегияси» маркази ва бошқа ҳамкорлар кўмагида амалга оширилди.

Интернат уй 1976 йилда қурилган. 2002 йилда унинг қўшимча бинолари қурилган, 2012 йилда эса капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу йилнинг апрелида замонавий стандартлар, биринчи навбатда, санитария меъёрлари талабларига жавоб берувчи комплексни ташкил қилиш мақсадида Қаршидаги ногирон болалар учун мўлжалланган интернат уйни капитал реконструкция қилиш ишлари бошланган.



Реконструкция давомида бир неча корпуслар бузиб ташланди, янги ошхона ва бош корпусни ошхона блоки билан боғловчи янги бинолар қурилди. Болалар ва ходимлар қулайлиги учун касалхона лифти ўрнатилди, барча палаталарда ҳавони кондиционерлаш ва шамоллатиш тизимлари монтаж қилинди.

Шунингдек, қуввати ва тежамкорлиги билан ажралиб турувчи қозонхона ўрнатилди. Зарур нормативларга мос равишда ҳудудга канализация тармоғи тортилди, ўт ўчириш бўйича 100 тонна сув сиғимига эга янги тизим ўрнатилди.


«Мурувват» интернат уйи янги мебель билан жиҳозланди ва ён-атрофдаги ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди. Капитал харажатларнинг умумий суммаси 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади.

Мазкур интернат уйининг очилиши маросимида сўзга чиққан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев шуни таъкидладики, ҳудуддаги ижтимоий соҳа муассасалари мамлакат раҳбарияти ва шахсан Ўзбекистон Президентининг доимий ғамхўрлиги ва эътибори туфайли мутлақо янги, муносиб шарт-шароитларга эга бўлмоқда. Шунингдек, ҳоким интернат уйнинг янги қиёфага эга бўлиши учун маблағ киритишдан ташқари, астойдил қайғурган ҳомийларга ўз миннатдорлигини билдирди. «Бемор болаларга бундай ғамхўрлик кўрсатиш ва уларга эътибор қаратиш - улкан ва хайрли иш», - деди ҳоким.


Қарши шаҳри «Мурувват» интернат уйининг директори Рўзиқул Хўжаев ўз интерюсида таъкидлаганидек, энди нафақат болалар, балки ходимлар ҳам болаларни мослаштириш бўйича ишларни амалга ошириш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун ажойиб шарт-шароитларга эга бўлди. Ушбу комплекс инновацион услубларни қўллаш борасида ҳам янги имкониятларга йўл очди. Интернат уйнинг тарбияланувчиларига иккита пони от совға қилинди, болалар бундан беҳад хурсанд. Болаларни от устида соғломлаштириш мақсадида сайр қилдириш ва жониворлар билан мулоқот қилиш йўли билан реабилитация қилиш «иппотерапия» деб аталади. Бу усул ўзининг таъсирчанлигини исботлади ва болаларда муҳим туйғуларни ривожлантириш, ташқи муҳитга тезроқ мослаштириш имконини беради.


Бинолар комплекси қурилишида ташкилотчилар томонидан жониворларни сақлаш учун жойлар ҳам кўзда тутилган. Айни чоғда пони отлари Қарши иқлимига мослашиш жараёнидан ўтмоқда.

Интернат уйнинг директори таъкидлаганидек, янги бино 300 нафар болага мўлжалланган ва ҳозирги пайтда у ерда 286 нафар бола истиқомат қилади. «Икки йил аввал барча муаммоларимиз кескинлашиб кетди, болаларнинг турмуши, ходимларнинг фаолияти учун нормал шарт-шароитлар йўқ эди, канализация ва иссиқлик таъминотида камчиликлар мавжуд эди, - деб эслайди Рўзиқул Хўжаев. Аммо бугунги кунда бу ерда янги шамоллатиш тизими, кондиционерлар ўрнатилган, иссиқ пол ётқизилган, замонавий жиҳозларга эга янги ошхона қурилган. Буларнинг барчаси болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан бирга, муносиб шароитларда ишлаш имконини беради. Биз мамлакатимиз Президентидан ушбу янги йил туҳфаси учун беҳад миннатдормиз».


Шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан имконияти чекланган болалар учун салмоқли маблағлар сарфланмоқда. 300 нафар бола учун нормативда қарийб 300 мутахассис кўзда тутилган. Шундан 27 тиббиёт ходими, 75 тарбиячи, 50 хўжалик ходими, энагалар. Ушбу муассасага уч ёшдан келиб тушадиган болалар билан ўқув ишлари олиб борилади, тиббий хизматлар кўрсатилади. Комиссия томонидан танлаб олинган айрим болалар билан ўқитувчилар якка тартибда шуғулланади. Ҳозирги пайтда бунинг учун алоҳида синфхоналар ташкил қилинган, демак, бундай болаларнинг мослашуви яхшироқ кечади.

Мажмуанинг тантанали очилиши маросимида ҳомийлик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев сўзга чиқди.

«Ўзбекистонда Омбудсман институти фаолиятининг йўналишларидан бири – Қаршидаги ногирон болалар учун мўлжалланган интернат уйи ҳолатини мониторинг қилишни ташкил этади. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Барча ислоҳотларнинг мазмуни ва асосини инсон ҳуқуқлари ва, шу жумладан, болалар ҳуқуқлари ташкил этади. Ушбу интернат уйда яратилган шарт-шароитлар бошқа вилоятлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши керак. Бундан ташқари, бу давлат тузилмалари ва ижтимоий масъул бизнеснинг самарали ҳамкорлигига яққол мисол бўла олади. Бундай ҳамкорлик – болаларимиз манфаатларига йўналтирилган!», - деб таъкидлали Улуғбек Муҳаммадиев.


«Ривожланиш стратегияси» марказининг директори Акмал Бурхонов ҳам ушбу ижобий тажрибани оммалаштириш мақсадга мувофиқ ва ниҳоятда долзарб эканлигига ишончи комиллигини билдирди. Унинг таъкидлашича, марказ мутахассислари мунтазам равишда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида, шу жумладан, ижтимоий соҳада ислоҳотлар амалга оширилишини мониторинг қилиб боради. Бундай ишлар натижасида ҳукуматга муайян таклифлар киритилган.

«Шуниси қувонарлики, мамлакат раҳбарияти ва қатор вилоятлар ҳокимлари томонидан уларда имконияти чекланган шахслар истиқомат қиладиган ва даволанадиган ихтисослаштирилган муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ва бугунги кунда биз ушбу ишларнинг самарасига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қарши шаҳридаги ушбу интернат уй мутлақо янги қиёфага эга бўлди. Бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилган, натижалари тўлиқ халқаро стандартларга жавоб беради. Болаларнинг нормал турмуш кечириши учун барча шарт-шароитлар яратилган, шу жумладан, замонавий жиҳозлар етказиб берилган ва фойдаланилмоқда. Умид қиламизки, бу иш тобора кенгайиб боради, мамлакатимиздаги бундай муассасаларга эътиборни кучайтириш лозим. Мазкур лойиҳа бошқа муассасалар, идоралар, бизнес жамиятлари ва фуқароларимиз учун ўрнак бўлади, яъни сайʼ-ҳаракатларни бирлаштириш орқали шундай натижаларга эришиш мумкинлигини исботлайди», - деди А.Бурхонов.




Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1