1

Наманган вилояти ҳокими тадбиркорларга мурожаат билан чиқди

ИҚТИСОДИЁТ 22.11.2019, 17:07
Теглар: Наманган, ҳоким, мурожаат
Наманган вилояти ҳокими тадбиркорларга мурожаат билан чиқди

Наманган шаҳар ҳокимлигида Наманган вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳоким тадбиркорларга мурожаат этиб, ўз фаолиятидаги барча муаммоларда ҳокимликка бемалол мурожаат қилишлари мумкинлигини, келгусида уларни қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилишини таъкидлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ходимлари хабар берди.

Эндиликда ҳалол ишлаган тадбиркорни ҳеч бир давлат органи текширмайди, ҳар қандай муносабат тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади. Хатога йўл қўйган тақдирда ҳам жазо эмас, тузатишга кўмаклашиш принципи қўлланилади. Бундан буён ҳокимлар Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бош вазир қабулхонасининг жойлардаги вакиллари билан кунлик учрашув ўтказадилар, ҳар бир қилинган мурожаатни ҳал этиш бўйича тезкор кўмак берадилар, - деди вилоят ҳокими.

Халқни ҳам, давлатни ҳам боқадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси экани давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг асосий талаби ҳисобланади. Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмагани, жойларда ҳокимликлар, давлат органлари идоралари томонидан иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига баъзи ҳолатларда етарли эътибор берилмаётгани эътироф этилди.Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хомашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилаётгани тилга олинди.

Хайрулло Бозоров ўз мурожаатномасида дастлаб Наманган вилоятида сўнгги уч йилда эришилган натижалар ҳамда иқтисодий-инвестицион кўрсаткичларни таҳлил қилди. Таъкидланишича 2019 йил 10 ойлиги давомида 3,8 трлн.сўмдан ортиқ кредитлар ажратилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,6 мартага ортган. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида янги қувватларни фойдаланишга топшириш натижасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Кичик бизнес вилоят ялпи ички маҳсулотининг қарийб 80 фоизини, саноат маҳсулоти ҳажмининг 76 фоизини, чакана савдо айланмасининг 88 фоизини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини ташкил этмоқда. Маълумотларга кўра жорий йилнинг 9 ойи давомида саноат корхоналари томонидан 6 трлн. 385 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ҳамда 4 трлн. 100 млрд. сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилган. 

Статистикага кўра 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят бўйича жами 91 та лойиҳада 224,1 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилган. 2020 йигача вилоятга жалб этиладиган хорижий инвестиция ҳажмини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда. Ҳоким 2019-2022 йилларда 114,2 млн. AҚШ доллари миқдорида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини таъкидлади. 

Хайрулло Бозоров, бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкинлигини, бунинг учун тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш ҳар бир раҳбар, ҳар бир идора фаолиятининг асосий қоидасига айланиши лозимлигини айтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1