1

“Соҳадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ қайтадан кўриб чиқилди”

ЖАМИЯТ 16.12.2019, 14:29
“Соҳадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ қайтадан кўриб чиқилди”

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида маҳаллий ва хорижий ОАВ иштирокида пресс-тур ўтказилди...

Пресс-тур сафаридаги сўнгги манзил Бухоро вилояти бўлди. Пресс-турнинг мантиқий ниҳояси сифатида пресс-конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ахборот–сиёсат бошқармасининг етакчи мутахассиси Бохир Тошхўжаев ҳам сўзга чиқди.  

– Конституциявий ҳуқуқий мазмунга эга мустақиллик, қонунийлик тамойилларидан ташкил топган демократик давлатларда судлов тизимидаги ошкоралик бевосита мустаҳкам қонуний база ва пойдеворга эга сўз ва ахборот эркинлиги билан чамбарчас боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Яъни, сўз эркинлиги қанчалик йўл очилар экан, бу бўғинда судлов алоҳида қолиб кетиши деярли имконсиз. Бу эркинлик биргаликда ўсиб боради. Шунинг учун бир–биридан ажратиш нотўғри. Мамлакатда сўз эркинлиги, унинг қонуний базасини шакллантирмай туриб, судловларнинг очиқлигини эркин кўрсатиб бериш мушкул. 

Хабарингиз бор, 2019 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди, ҳали 1 йил ҳам тўлгани йўқ. Шунга қарамай, ташкилотимиз Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашда мустаҳкам қонуний база ишлаб чиқиш учун жуда катта эътибор қаратяпти. Аввало, соҳадаги қонун ҳужжатлари тўлиқ қайтадан кўриб чиқилди. Бор эътибор сўз эркинлигини таъминлашга қаратилди. Сўз эркинлигига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ўрганилди. Натижада Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Бу қандай қонун лойиҳаси?” деган савол туғилиши мумкин? Хабарингиз бор, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунларимиз бор. Улар мазмунан бир–бирига яқин қонунлар. 

Мазкур қонунларни бирлаштирган ҳолда кўпгина талаблар қайтадан кўриб чиқилиб, янги мезонлар белгиланди. Масалан, янги лойиҳамизга кўра, 

  • ОАВнинг ташкилотларга бўлган оғзаки сўрови 1 соатда кўриб чиқиб, жавоб берилиши керак бўлади. Аввал бундай имконият бўлмаган. 
  • Ташкилот масъуллари билан интервью ташкил қилиш сўрови 3 кун муддатда кўриб чиқилади. 
  • Ёзма мурожаатлар 5 кун муддатда ўрганилиши белгиланмоқда. 

Чунки замон тезкорликни талаб қиляпти. Мазкур янги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиш жараёнидамиз. 

Яна бир масала, ахборот соҳасидаги қонунчилигимиз тарихида телерадиоэшиттириш тармоғини жамоатчилик кенгаши томонидан тартибга солишни назарда тутган телерадиоэшиттириш ҳақидаги янги Қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Ўйлайманки, бу лойиҳа ҳам сўз эркинлигига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшса ажабмас. 

Ахборот эркинлиги сари яна бир муҳим катта қадамлардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ давлат органлари очиқлигини таъминлаш ҳамда ОАВ билан ишлашда матбуот котибларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларнинг ўрни ва ролини ошириш бўлди. Эндиликда республика бўйича янгидан тайинланган 400га яқин матбуот котиблари давлат органлари рахбарларининг ахборот сиёсати бўйича маслахатчиси ҳисобланиб, ҳуқуқий мақоми рахбар ўринбосарлари мақомига тенглаштирилди. Авваллари мавқеи юқори бўлмагани учун ахборот олишда тўсиққа дуч келарди. Ҳуқуқий мақоми ошгач, уларнинг ваколатлари кенгайди. 

Бевосита суд органларини ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги ҳолати бўйича агентлигимиз ва Олий суд қатор ишларни ташкиллаштиришни режалаштиряпти. Бунинг учун қўшма қарор шаклидаги ҳужжат тайёрлашимиз керак бўлади. Унинг асоси шундан иборат бўладики, журналист фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ва қатор процессуал кодекслардаги талаблар кўриб чиқилади. Мақсад –журналистларнинг очиқ суд мажлисларидаги иштирокини таъминлаш. Аслида ҳам қонунларимизда журналистлар учун тўсиқ йўқ. Фақатгина ёпиқ ва оилавий муносабатлар тартибга солингани учун фуқаролик ишларидаги суд мажлислари борасида чекловлар бўлиши мумкин. Журналистларимизнинг суд мажлисларида иштирок этиш учун керак бўлса, яна-да кенг шароит яратиш ишлари ташкиллаштирилмоқда. 

Қисқаси, судларимизнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда ОАВ билан мустаҳкам алоқа ўрнатишда қатор вазифаларни амалга оширишда зарур ишлар белигилаб олинди. 

Қуйидагилар шулар жумласидан:

  • Судларнинг матбуот котиблари ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
  • Ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш;
  • Ахборотларни пресс–релиз, бюллитен, ахборотнома шаклида тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил қилиш;
  • Суд мажлислари ва бошқа ахборотларни суднинг расмий веб–сайтига тезкор жойлаштириш ва янгиликларни ўз вақтида янгилаб бориш;
  • Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларини ривожлантириш;
  • Ахборот майдонини таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш;
  • Интернет тармоғида янгиликларни тарқатиш бўйича мунтазам комплекс ишларини ташкил этиш;
  • Суд фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолатини ҳамда миллий ва хорижий ОАВлар ёндашувини таҳлил қилиш, улар тўғрисида суд рахбариятини доимий бохабар қилиб бориш...

Ўйлайманки, суд органи ОАВ учун доим очиқ бўлади ва очиқлик сари ташлаган қадамларини янада катталаштиради. Муҳими, халқ учун очиқ ташкилотга айланади. 

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Бухоро вилояти

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1