1

Сувни ҳам, пулни ҳам тежайлик

ЖАМИЯТ 04.02.2020, 19:09
Сувни ҳам, пулни ҳам тежайлик

Сўнгги пайтларда коммунал тўлов нархларининг ошиб кетаётганлиги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Лекин Марказий Осиё давлатлари ичида биргина совуқ сув учун энг арзон тарифлар бизнинг юртимизда эканлигини, йиллар давомида соҳа эътиборсиз қолдирилиш оқибатида моддий-техник базаси эскириб, дебиторлик қарзига кириб кетганлиги ҳақида биласизми?

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Алипаша Аҳмедов мавзуга шундай изоҳ беради:

- Сир эмас, кўп йиллар давомида сув таъминоти соҳасида пасайтирилган тариф сиёсати юритилган. Лекин бугунги кунга келиб, бу тизим сув таъминоти корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, ичимлик сувининг исроф бўлишига олиб келяпти. Ичимлик суви тарифлари электр энергияси учун нархлар ошиши ва инфляция даражасини эътиборга олган ҳолда оширилаётган бўлса-да, сувни ишлаб чиқариш ҳамда етказиб беришга сарфланган харажатлар ўзини қопламайди. Масалан, республика бўйича ўртача 1 м3 тоза ичимлик сувини ишлаб чиқариш учун 1100 сўм харажат қилинади, аҳолига эса ўртача республикамиз бўйича 800 сўмдан етказиляпти, 1 литр сувга ҳисоблаганда бу кўрсатгич 0,8 сўмни (80 тийинни) ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикасида 2185 сўм сарф қилинса, аҳолига 1000 сўмдан, Навоийда 1602 сўм сарф қилиниб, аҳолига 1100 сўмдан, Тошкент вилоятида 1103 сўм сарф қилинади ва аҳолига 650 сўмдан сотилади.Жаҳон банки маълумотларга кўра, республикамизда ичимлик суви тарифи энг паст даражада экан. Бу кўрсаткични пойтахтлар мисолида кўрадиган бўлсак, Қозоғистонда 1 м3 сув - 0,12 доллар (ёки 1176 сўм), Қирғизистонда - 0,09 доллар (882 сўм), Тожикистонда - 0,05 доллар (490 сўм), Ўзбекистонда - 0,03 доллар (310 сўм)ни ташкил этади. Бундан ташқари, бугунги кундаги тарифларни шакллантиришда соҳани модернизация қилишга кетган харажатлар ҳисобга олинмаяпти. Тарифларни белгилашда юзага келган бундай ҳолат соҳага сармоялар, жумладан, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жалб этилишига, сув таъминоти корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ичимлик суви таъминоти корхоналари фаолиятини самарали йўлга қўйишлари учун ўз маблағларига эга эмас. 2020 йил 1 январь ҳолатига сув таъминоти корхоналарининг жами дебитор қарздорлиги – 411,6 млрд.сўм бўлиб, шундан аҳоли 326,3 млрд.сўм ва юридик ташкилотлари 85,3 млрд.сўмни ташкил этади. Натижада ҳозирги кунда 27 минг километр ёки 38 фоиз сув тармоқлари авария ҳолатида, 2 мингта ёки 20 фоиз сув насослари ишдан чиққан. Ўзбекистондаги шаҳарларнинг фақат 79 тасида (57 фоиз) канализация тизими мавжуд, унинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож. Тариф сиёсатини шакллантириш масалаларида жаҳон тажрибаси ва Жаҳон банки тавсияларини ўрганиб чиқдик. Хулоса шуки, тарифлар эркин бозор иқтисодиёти талаблари асосида шакллантирилмагунча соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Яъни тарифларни хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш ва модернизация харажатларини ҳисобга олган ҳолда белгилаш принципига ўтишимиз лозим.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1