1

Сенаторлар янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунни маъқулладилар

СИЁСАТ 28.02.2020, 11:20
Сенаторлар янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунни маъқулладилар

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси иши давом этмоқда. Сенаторлар мажлис кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишга киришдилар.

Сенат аъзолари янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”гиЎзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 24 январь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида муҳим қадам қўйиш ва мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақомини олмаган юртдошларимиз муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этди. 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда бериш таклиф этилди. Бу 50 мингга яқин юртдошларимизнинг ҳаётидаги энг жиддий муаммо ҳисобланади.

Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилинганлиги ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйганлиги таъкидланди. Қонунда фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Қонун билан мустаҳкамланаётган янги нормалар ҳақида сўз борганда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгилаб қўйилганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, туғилган жойи ёки ота-онасининг фуқаролиги бўйича болаларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини белгилаш тартиби мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари назарда тутилган.

Сўзга чиққанлар Қонун қабул қилиниши билан соҳага доир қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хилда бўлиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиниши таъминланишига хизмат қилишини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1