1

Давлат идораларида ресурслар етишмаслиги давлат хизматлари сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда

ЖАМИЯТ 02.03.2020, 19:09
Теглар: давлат хизматлари, идоралар
Давлат идораларида ресурслар етишмаслиги давлат хизматлари сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда

Бугунги кунда, Давлат хизматлари марказларида фуқаролар ҳамда тадбиркорларга идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали “ягона дарча” тамойили асосида маълумотнома, рухсатнома ва лицензиялар бериш, жумладан, экология ва қишлоқ хўжалиги, архитектура ва қурилиш, муҳандислик-коммуникация, кадастр ва бошқа соҳаларда 130 дан ортиқ хизмат турлари бўйича давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. 

Аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 2017 йилда 12 мингтани ташкил этган бўлса, 2019 йилда 13 миллионга яқин хизматлар кўрсатилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи М.Маҳкамбоев "Даракчи"га маълум қилди.

Шундай бўлсада, айрим давлат идораларида ахборот тизимлари, ресурслари етарли даражада эмаслиги, маълумотлар базалари идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилинмаганлиги давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Жумладан, айрим давлат идораларида ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологиялари етарли даражада жорий қилинмаганлиги, қоғозбозлик юқорилиги ҳамда давлат хизматидан фойдаланиш қийинлиги, шаффоф эмаслиги натижасида аҳолининг ушбу давлат идоралари фаолиятидан қониқиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Мазкур ҳолатларга барҳам бериш, хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди. Хусусан:

нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш; 

дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини амалга оширишга лицензия бериш;

турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш;

алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш;

риэлторлик фаолиятини олиб бориш учун лицензия бериш;

ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш;

давлат ўрмон фонди ерларига кирмайдиган захира ерларида пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш учун рухсатнома бериш каби бир қатор функция ва ваколатлар тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди айрим функция ва ваколатлари чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 
31 январдаги ПФ-5930-сон “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 17-бандига мувофиқ 2020 йил 1 апрелдан 10 турдаги давлат хизматлари Тошкент шаҳрида фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилиши белгиланди. 

2021 йил 1 январдан бошлаб эса давлат хизматларини аҳоли гавжум бўлган ва жамоат жойларида (диний муассасалар, аэропортлар, вокзаллар, метро бекатлари, савдо-кўнгилочар комплекслар) ўрнатиладиган интерактив инфокиосклар орқали ўзига ўзи хизмат қилиш тамойили асосида хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларнинг давлат хизматлари кўрсатилиши учун маълумотлар рақамлаштирилмаганлиги ҳамда ахборот тизими тўлиқ ишлаб чиқилмаганлиги ёки давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилинмаганлиги ва бошқа камчиликлар мавжудлиги сабабли мазкур Фармон билан “Йўл харитаси” тасдиқланиб давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича 2020 йилда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини юқори поғоналарга олиб чиқиш, энг асосийси аҳолига қулай шарт-шароит ва янада енгилликлар яратишдир.

Бунинг учун барча давлат идоралари ходимлари фаол хизмат кўрсатиши ва ўз ишига виждонан ёндашиши зарур.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1