1

Жиноятчилик қайси қатламда кўплиги аниқ бўлди ва бунга айбдорлар ҳам...

ЖАМИЯТ 09.03.2020, 17:59
Жиноятчилик қайси қатламда кўплиги аниқ бўлди ва бунга айбдорлар ҳам...

“Биргина 2019 йилда умумий жиноятлар қарийб 3 мингтага ёки 6 фоизга камайган”, “Мавжуд 9.116 та маҳалладан 3.074 таси ёки ҳар учинчисида жиноят қайд этилмаган”, аммо “51 та туман ва шаҳарда қотиллик жинояти кўпайган”, “32 нафар маҳалла раиси, 16 нафар посбон жиноятларга қўл урган”...

Бу рақамлар Бош прокуратурада Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди. Тизимда ана шундай ютуқлар билан бирга дилни хира қилувчи аниқ фактлар ҳам борлиги соҳадаги ислоҳотларга соя солаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош прокурори Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ эълон қилган таҳлиллар натижасига кўра, 2019 йилда жиноятлар сони Бухоро, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятива Тошкент шаҳрида юқорилигича қолган. Бошқа таҳлил натижалари ҳам шу жамият аъзоси бўлган исталган кишини ўйга толдириши шубҳасиз...

                                  "51 ТА ТУМАН ВА ШАҲАРДА ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТИ КЎПАЙГАН"

— Таҳлилларга кўра:

  • Қотиллик жинояти Тошкент, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида, 
  • Оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, 
  • Номусга тегиш Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Қашқадарёда, 
  • Босқинчилик Сирдарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида сезиларли даражада ошган.

Профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида 51 та туман ва шаҳарларда қотиллик жинояти кўпайган.

Ушбу жиноятларнинг 28 фоизи: 

  • эр-хотин, 
  • ака-ука,   
  • ота-ўғиллар ўртасида юз берган.

                                       ИЛГАРИ СУДЛАНГАНЛАРНИНГ ТАКРОР ЖИНОЯТЛАРИ

— Фарғона ва Тошкент вилоятларида илгари судланган шахслар томонидан Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида маст ҳолда жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайган.

Ички ишлар вазирлигида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишга масъул  Пробация хизматига юклатилган вазифалар етарли даражада бажарилмаган.

Мисол учун...

— Муқаддам гиёҳвандлик моддасини ўтказиш жинояти учун судланиб, Гулис­тон шаҳар ИИБ пробация хизматида жазо ўтаётган Б. жиноий шериклари билан фуқаро М.нинг уйига бостириб кириб, 90 млн. сўмлик тилла буюмларини қўлга киритган.

Оғир тан жароҳати етказиш жинояти учун судланиб, Жиззах шаҳар ИИБ пробация хизматида ҳисобда турган Т. жиноий шериклари билан ниқобда фуқаро А.нинг уйига бостириб кирган. Вояга етмаган фарзандини қўл ва оёқларини боғлаб, 250 млн. сўм пули ва 32 млн. сўмлик тилла буюмларини эгаллаган.

                       "32 НАФАРМАҲАЛЛА РАИСИ, 16 НАФАР ПОСБОН ЖИНОЯТЛАРГА ҚЎЛ УРГАН"

— Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда давлат бошқарув идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ўтган йилда мамлакатдаги қарийб 
67 фоиз маҳаллаларда жиноят содир этилган, 1 797 тасида жиноятлар ошган. Содир этилган жиноятларни маҳаллада муҳокама қилиш ва сабабларини бартараф этиш маҳалла раисларидан фаолликни талаб қилади. 

2019 йилда 32 нафар маҳалла раиси, 16 нафар посбон ва котиблар турли жиноятларга қўл урган.

 

                                "210 НАФАР ЎҚУВЧИЛАР СОВУҚҚУРОЛ ОЛИБ ЮРГАНИ АНИҚЛАНГАН"

— Хотин-қизлар ҳуқуқбу­зарликлар профилактикасини ташкил этиш борасидаги фаолият ҳам кутилган самарани бергани йўқ.

Аёллар томонидан: 

  • 11 та босқинчилик, 
  • 38 та қотиллик, 
  • 75 та оғир тан жароҳати етказиш, 
  • 484 та ўғрилик, 
  • 202 та гиёҳванд моддалар муомаласи билан боғлиқ жиноятларга қўл урилган.

 

Мисол учун...

— Косон туманида яшовчи, оғир аҳволдаги, кам таъминланган 25 ёшли З. ўзининг янги туғилган чақалоғини онаси билан бирга 5 млн. сўмга сотаётганда ушланди. З. ҳам, унинг онаси ҳам кам таъминланган, кўп йиллардан буён ишсиз бўлса-да, уларни иш билан таъминлаш, ҳаёт тарзини ўрганиш чоралари кўрилмаган. Тергов давомида З. фарзанди оғир шароитда вояга етишини хоҳламаганлиги сабабли уни сотишга қарор қилганлигини кўрсатган.

Бу муаммоларни ҳал этишда хотин-қизлар қўмиталари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам етарли ташаб­бус кўрсатмаган. Хотин-қизлар қўмиталари, “Маҳалла”, “Нуроний” тузилмалари, “Оила” илмий-амалий маркази фаолиятидаги камчиликларни ҳисобга олиб, 18 февраль куни Давлатимиз раҳбари янги Фармонга имзо чекдилар.

Мазкур Фармонга кўра, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади. Маҳалла ва оила­ни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

 

                                                   ЁШЛАР ЖИНОЯТЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШДА ДАВОМАТ МУҲИМ

— Мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар ошган.

Мисол учун...

— Яшнобод туманида мактаб ўқувчиси Ш. ўзаро жанжал оқибатида таниши Х.ни ўлдириб, жасадини ҳовлидаги қудуққа ташлаб юборган. Воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг турмуш ўртоғи Х. ва унинг дугонаси К.ни ҳам ўлдириш мақсадида ҳаётига суиқасд қилган. Ш. 7 ой давомида дарсга қатнашмай, марҳум Х.нинг уйида ишлаб келган бўлса-да, синф журналларида “сабабли дарс қолдирувчи” сифатида қайд этиб келинган.

Ангрен шаҳридаги мактаб ўқувчиси Ж. таниши С.нинг 42 млн. сўмлик тилла буюмларини қўлга киритиш учун уни пичоқ билан қасддан ўлдирган.

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давомат муҳим аҳамият касб этади.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган давомат тадбирида 2019 йил 9-14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар мактабларида 4 215 нафар, 11-27 ноябрь кунлари Қашқадарёда 1 057 нафар ўқувчилар дарсларга сабабсиз қатнашмаганлиги аниқланган.

                                                                  СОВУҚ ҚУРОЛЛАР ОЛИБ ЮРИШ КЎПАЙГАН

— Биргина 2019 йилда таълим муассасаларида 210 нафар ўқувчилар совуқ қурол олиб юрганлиги аниқланган. Ўтган йилда ёшлар томонидан пичоқдан қурол сифатида фойдаланиб, 346 та жиноят содир этилган. Булар асосан, қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик ва безорилик жиноятларидир. Уларнинг аксарияти Сурхондарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Мисол учун...

— Қўқон шаҳридаги мактаб ўқувчиси О. ўзаро келиб чиққан жанжал оқибатида таниши 
Й.нинг қорин қисмига пичоқ уриб, оғир жароҳат етказган.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларга таълим-тарбия бериш, маънавий-ахлоқий тадбирлар самарадорлигини ошириш зарур.

Ёшлар ижтимоий тармоқлар ва бошқа омиллар таъсирида, миллий қадрият ва анъаналарга ёт ғояларга берилаётганлиги, экстремистик ва террористик оқимларга қўшилиб қолаётганлиги барчани ташвишга солиши керак.

Мисол учун...

Хусусан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 23 ёшли Т. ижтимоий тармоқлар орқали жиҳодга даъват этувчи маърузаларни тинг­лаб, Суриядаги террорчилик гуруҳига бориб қўшилиш учун чиқиб кетаётганда ушланган.

Хулоса ўрнида...

Қайд этилган таҳлиллардан англаш мумкинки, тизимда жиноятни ҳисобга қўйиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятидаги камчиликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айрим ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатларига ўз вақтида чек қўйилмаган. Оқибатда ҳар қанча тизимда ислоҳотлар жорий қилинмасин, уларга соя солувчи ҳолатлар содир этиляпти. Шу маънода йиғилиш якунида раҳбарлар олдига қўйилган аниқ вазифаларга панжа орасидан қараш эмас, масъулият ва виждон билан ёндашиш зарур. Акс ҳолда бундай таҳлилларда ижобий натижалар кўпайишига умид қилиш амримаҳол бўлиб қолади. Шу ўринда қайд этиш керакки, давлат раҳбари Фармони билан тузилган янги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги айни юқорида санаб ўтилган камчилик­лар бартараф этилишида асосий ваколатли тузилма сифатида масъуллигини астойдил ҳис этиши зарур. Чунки унинг таркибида қайд этилган ҳолатлар учун масъул органларнинг бирлашган тузилмаси шакл­ланди. Демак, ке­йинги таҳлил даврида ижобий натижалар айни вазирликнинг фаолияти самарасида кўринишига умид қиламиз. Дарвоқе, йиғилиш якунида санаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича қабул қилинган қарор ҳам қоғозда эмас, амалда ўз ифодасини топишига ишонамиз.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1