1

ЎзМТДП: "Дўконлар номи нега ўзга тилда ёхуд она тилимизга ҳурмат шуми?!"

ЖАМИЯТ 13.03.2020, 09:45
ЎзМТДП: "Дўконлар номи нега ўзга тилда ёхуд она тилимизга ҳурмат шуми?!"

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон она тилимизда тўғри ёзолмаяпмиз, эплаб гапиролмаяпмиз. Айниқса, Тошкент кўчаларини айланиб, ҳақиқатан ҳам ўзингизни гўё Москва ёки Европа шаҳарларида юргандек ҳис қиласиз. Чорак асрдан буён ўзбек тилига бўлган эътиборни кучайтириш, тил меъёрларига амал қилишимиз лозимлиги ҳақида кўп ва хўп гапириб келяпмиз, сийқаси чиққунча ёздик, ҳамон ёзаяпмиз, лекин натижаси эски тос, эски ҳаммом.

Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демокартик партияси дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларида жойлашган жамоат жойлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, бозорларда “Давлат тили ҳақида”, “Реклама тўғрисида” ва “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлар нормаларининг қўлланилиши даражасини ўрганди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Марказий ва Тошкент шаҳар кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳ пойтахтимизнинг турли ҳудудларида ўрганиш олиб борди ва ва бу борадаги аҳвол тасаввуримиздагиданда ёмон экан, деган хулосага келинди.

Аниқланганидек, хизмат кўрсатиш ва савдо шахобчалари пештоқига ёзилган лавҳалар, эълон ва нархномаларнинг 70-80 фоизи рус ва бошқа тилларда ёзилган. Ўзбек тилида битилганлари эса атиги 15-20 фоизни ташкил қилади, холос. Аралаш тилларда ёзилганлари ҳам кўп. “Оpen”, “close”, “sale”, “market”, “boutique”, “Tort city”, “Sity”, “balansirovka”, “parfum” каби одамнинг энсасини қотирадиган сўзлар ҳар қадамда учрайди. Айримлари шунчалик хатоликлар билан ёзилганки, ўқиган одамда буни ёзган шахс мактаб кўрмаган бўлса керак, деган тасаввур пайдо бўлади.

— Чилонзор туманининг Қатортол ва Чилонзор кўчаларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари пештоқидаги хатоликларга асосан хусусий тадбиркорлар томонидан йўл қўйилган, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Аъзамжон Тўлабоев. — Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши, эълон қилиниши ва бошқа тилларда таржимаси берилиши кўрсатилган бўлса-да, бу талабга умуман риоя қилинмаган. Ҳамма билганича ва ўзи хоҳлаган тилда, ёзувда ёзаверган. Менимча, тадбиркорлар учун давлат тилидан бошқа тилларда реклама бериш ёки пешлавҳаларни тайёрлаш — бизнес муваффақиятининг калитига айланган. Яъни, «Қайси тилда ёзсанг ёз, фақат ўзбек тилида ёзма» қабилида иш тутилган.

Майли, хусусий тадбиркорларни қўйиб турайлик, давлат муассасаларида ҳам “Давлат тили ҳақида”ги ва “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунларга амал қилмаяпти. Мактабгача таълим ташкилотларида ҳам лотин, ҳам крилл алифбосидан фойдаланиляпти, деворларга осилган эълон ва лавҳаларда кўплаб грамматик хатоликларга йўл қўйилган. Жамоат транспортларидаги ёзувлар ҳам лотин, ҳам кириллда бўлиб, сўзларни хато ёзиш одатий ҳолга айланган.

— Тил ва ёзувимизнинг бундай аҳволга келиб қолганининг асосий сабаби, қонунбузарларни жазолайдиган, назорат қиладиган ташкилотнинг йўқлигида деб биламан, — дейди Олий Мажлис Қонучилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Абумалик Акрамов.  — Масалан, йўл қоидасини бузсангиз, ДАН ходими тезда жаримага тортади. Солиқларни ўз вақтида тўламасангиз, мажбурий ижро бюроси дарров эшигингизни тақиллатади. Лекин қонун йўли билан тартибга солинган Она тилимиз меъёрларини бузсангиз, ҳеч ким сизни безовта қилмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 42-моддасида Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмаганларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача бўлган миқдорда жарима солиниши кўрсатиб ўтилган бўлса-да, унинг ижроси билан ҳеч ким шуғулланмаган. Шу сабаб, ҳамма билган куйини чалмоқда.

— “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида реклама тарқатувчилар реклама учун ажратилган эфир вақти, нашр ёки реклама майдони умумий йиллик ҳажмининг 5 фоизидан кам бўлмаган ҳажмда ижтимоий рекламали ахборотни жойлаштириши шартлиги белгиланган, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Муборак Аҳмедова. — Лекин шаҳар кўчаларини айланиб, ижтимоий рекаламаларга деярли кўзимиз тушмади. Борлари ҳам ижтимоий рекламаларнинг атиги 1-2 фоизни ташкил қилади, холос.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг давлат тилининг қўлланилиши бўйича назорат-таҳлил тадбири юзасидан олиб борилган дастлабки ўрганишлардан қуйидаги хулосага келинди.

“Давлат тили ҳақида”, “Реклама тўғрисида” ва “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлар нормаларини танқидий таҳлилдан ўтказиш зарур. Тил нормалари билан боғлиқ қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ва ўзбек тилини ўрганиш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозим.


ЎзМТДП Ахброт хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1