1

"Қуришга эмас, бузишга уста бўлиб кетяпмиз". Ёхуд Китоб шаҳрига кираверишдаги машҳур «Анор» нега бузиб ташланди?

ЖАМИЯТ 18.03.2020, 13:03
"Қуришга эмас, бузишга уста бўлиб кетяпмиз". Ёхуд Китоб шаҳрига кираверишдаги машҳур «Анор» нега бузиб ташланди?

 Ўтган йили халқаро М39 йўлининг Китоб тумани марказига элтувчи йўл билан кесишмасида улкан анор композицияси барпо этилган эди. Китобда етиштириладиган машҳур Варганза анорларига аталган бу ёдгорлик шошилинч равишда бузилгани аҳолида «Ўзи ўтган йили қурилган эди-ку, жуда чиройли турганди, нега бузилади?» деган ҳақли саволларни келтириб чиқарган. Энди бу ерда анор рамзи ўрнида бир уюм тупроқ қолган.

"kun.uz"га кўра,  Китоб туман ҳокимлиги вакилларидан бири ҳолатга телефонда қисқача изоҳ берган: «Вилоят ҳокими буйруғи билан бузилган!»

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эса анор рамзи бузилмагани, балки бошқа, мос жойга кўчирилганини маълум қилган.

Китоб туман ҳокимлиги қурилиш бўйича мутахассисининг айтишича эса мазкур ҳудудда кейинги бир йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони ошиб кетгани, кўчанинг бу қисми кенгайтирилиб, ободонлаштирилиши муносабати билан анор рамзи бошқа жойга — анор етиштириш билан қадимдан машҳур бўлган Варганза массивига кўчирилади.

Ҳокимлик мутасаддилари томонидан ушбу қурилиш учун ўтган йили қанча маблағ сарфлангани, бир йил ўтиб уни бузиш учун яна қанча пул кетгани тўғрисида маълумот берилмаган.

Кўчирилиш сабаби халққа тушунтирилмагани ортидан эса аҳолида турли саволлар пайдо бўляпти. Шунингдек, анйи пайтда ушбу масала кенг муҳокама қилина бошланди. Хусусан, Холис фикрчи блогер ҳам айни ҳолатга муносабат билдирди:

"Қурилиш ишларида пала-партишлик кўпайиб кетган. Қур, буз, буз, қур... Ўтган йили қурилган нарсалар, бу йил йўқ. Ўрни-туби билан олиб ташланяпти. Ҳайрон қоласан, бузилар экан, пул сарфлаб қуришга бало бормиди? Халқаро М39 йўлининг Китоб тумани марказига элтувчи йўл билан кесишмасида анор композицияси бузиб ташлангани яраларни янгилаб қўйди.  

Кўрсатилган сабабни қаранг: мазкур ҳудудда кейинги бир йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони ошиб кетгани учун кўчанинг бу қисми кенгайтирилиб, ободонлаштирилиши муносабати билан композиция кўчирилади. Ол-а! Бу жой азалдан айланма йўлга дахл қилмайдиган ўртадаги бўш жой-ку?! Илгари бу ерда глобус ва унинг устида, адашмасам, китоб билан каптарлар рамзи туширилган композиция бўларди. Эскириб, ҳилвираб турган бу матоҳлар ўрнига анор рамзи туширилгани ҳаммани хурсанд қилганди. Буям узоққа чўзилмади.  

Майли, мақсад эзгу экан, аварияларнинг олдини олишмоқчи бўлишяпти. Лекин бу бузмакорлик ортидан қанча жой бўшайди? Ҳеч қанча. Назаримизда, “Қур, буз, буз, қур...” усули орқасидан яхшигина пул қилинмоқда. Айниқса, йўлсозликда. Эсласангиз, Тошкент кўчалари ҳали темир тўсиқлар билан ажратилди, ҳали олиб ташланди... Шундоқ ҳам қиммат металлар қаерга кетди? Қанча маблағ сарфланди? Унинг манбаси қаерда? Бунинг ҳисобини ҳеч кимга бермайди.  

Шу бузишга сарфланган пулларни йўлларни таъмирлашга сарфланса, авариялар анча қисқарарди. Гапнинг дангали, қуришга эмас, бузишга, пул қилишга уста бўлиб кетяпмиз", — дейилади мулоҳазада.

Биз ҳам, юқорида таъкидлангани каби мақсад эзгу экан, мутасаддиларни қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ, бир неча ўн йиллардан буён турган айлананинг хавфи наҳотки энди кашф этилди. Ёхуд ўтган йили қураётганлар нега бу ҳақда ўйлаб кўрмаган, ҳисоблашмаган. Бюджетдан сарф этилган ушбу маблағларга бошқа муҳим ишларни ва лойиҳаларни амалга ошириш мумкин эди, балки... 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1