АсосийJamiyat

“UzAutoMotors” илтимоси қаноатлантирилди: машиналарнинг нархи нега юқори эканлиги ёпиқ судда муҳокама қилинади

'“UzAutoMotors” илтимоси қаноатлантирилди: машиналарнинг нархи нега юқори эканлиги ёпиқ судда муҳокама қилинади'ning rasmi

Хабарингиз бор, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишни 19 август куни кўриб чиқилган эди.

Қўзғатилган ишнинг кўриб чиқилишида компаниядан бирор вакил қатнашмагач,  иш охирида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилганди.

Шундан сўнг "UzAvto Motors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган эди

2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг ишига оид қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган .

9 октябрь куни бўлиб ўтган суд ишида "UzAvto Motors” АЖ “махфий” грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўраганди.

Бугун, 16 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Бу ҳақда Олий суд Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.

Бугун суд ўз ишини очиқ суд мажлисида давом эттириб, дастлаб аризачи “UzAutoMotors” АЖ вакили томонидан фикр билдирилди, яъни жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган маълумотномани шакллантиришда нархлар нотўғри киритилганлиги, яъни мисол учун “Равон” русумли автомашинанинг бошқа давлатлардаги савдо мажмуаларида 2015-2016 йиллардаги нархлари интернет тармоғидан асос сифатида олинганлигини ҳамда МҚКҚ ҳузурида 3 та Махсус комиссия фаолият кўрсатсада ушбу масала фаолият доирасига кирмайдиган Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилганлигини билдирилди.

Ушбу ҳолатга жавобан МҚКҚ вакиллари томонидан ўз эътирозларини билдириб, автомашиналарнинг нархи ҳақиқатдан ҳам интернет тармоқлари орқали олинганлиги, шунингдек, ҳозирги кундаги нархлар ҳам ўрганилганлиги, бугунги кунда ҳам мазкур нархларни солиштириб кўрилиши мумкинлиги маълум қилинди.

МҚКҚда ҳақиқатдан ҳам 3 та Махсус комиссия мавжудлиги ва амалдаги Низом талабига биноан ўз фаолиятини бошлаган комиссия бошқа комиссия фаолиятига боғлиқ масала кўрилганида ҳам ушбу ишни кўришни бошлаган Комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланганлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, тарафлар томонидан ариза юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганидан сўнг, суд “UzAutoMotors”акциядорлик жамияти томонидан келтирилган, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тан нархи шакллантирилиши методикасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани муҳокамасига ўтди.

Мазкур илтимоснома тарафлар ўртасида муҳокама қилинганидан сўнг, суд маслаҳатхонадан чиқиб, суд ажримини ўқиб эшиттирди.

Ушбу ажримга кўра, суд мажлисининг МҚКҚ томонидан ўтказилган текширишда жамиятда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тан нархи юқори баҳоланганлиги тўғрисида кўрсатилган ҳолатларни муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказиш белгиланди.

Ёпиқ суд мажлисида суд муҳокамаси ўрнатилган тартибда давом этди ва тарафларнинг барча важлари тингланди.

Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 23 октябрь куни соат 10.00 да ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар