Ташкент +4° Fri 15:01
Долзарб мавзулар Фото

Башорат: Асад

Теглар:
Добавлено: 15.01.2019, 11:35

Эътибор марказида бўласиз! (23 июль – 23 август)

Умумий башорат

“Асад”лар 2019 йил нафақат яқинлари ва дўстлари, балки янги танишлар эътибор марказида бўлади. “Тўнғиз йили”да аксарият инсонларни раҳбарлик лавозими кутмоқда. 2019 йилда иш режаларингизни аниқ режалаштиришга ва қолган вақтингизни яқинларингиз даврасида ўтказишга ҳаракат қилинг. Тез-тез дам олиб туришни ҳам унутманг. Иш фаолиятини бошқа шаҳарда олиб бориш омад олиб келади.

Оила қуришга улгурмаганлар, ниҳоят, янги йилда бахтини топади. Демак, “Асад”лар йил бошиданоқ тўйга ҳаракатларини бошлаши керак.

“Ит йили”ни шоду хуррамликда ўтказган “Асад”лар, “Тўнғиз йили”да бошқаларга эмас, ўз кучларига таяниб иш кўришлари керак.

2019 йилда бошингиздаги “тож”ни ечиб, бошқаларга паст назар билан қарашни бас қилишингиз тавсия этилади. Ана шундагина ишларингиз ўнгидан келишига шубҳа йўқ.

Февраль ойида қолиб кетган ишларни ва муаммоларни ҳал этиш билан банд бўласиз. Шунингдек, ҳамкорлар билан муносабатларни тиклашга ҳам вақт топинг.

Хизмат жойингизда жамоа билан муносабатлар қил устида туради. Шунинг учун бошлиқлар назарига тушган ходимлардан ўрнак олишга тўғри келади. Акс ҳолда, ишларингиз юқорига эмас, пастга шўнғиши мумкин.

Ўз иқтидорингизни ижодий соҳада ҳам намоён қилинг. “Тўнғиз йили”да турли соҳаларда, жумладан, санъат, сиёсат, таълим ва савдо-сотиқда омадингиз кулади.

Баҳор — муҳаббат палласи. Севги сизни ҳам нишонга олиши мумкин. Бироқ ортиқча рашк ва ўзига ишониш бу борада омадсизликка ҳам олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Агар жуфтингизни қўлдан бой бермасангиз, ёз фасли тўй ўтказиш учун энг қулай фурсатдир. Фақат тўй маросимини дабдабали ўтказишга ҳожат йўқ. Юлдузлар камтарона ва ортиқча харажатларсиз ташкиллаштиришни маслаҳат беришмоқда.

Оилали “Асад”лар учун 2019 йил эҳтиросларга бой бўлади. Бироқ қариндошлар билан тез-тез муам­молар юзага келиб туради. Агар ҳали фарзанд кўрмаган бўлса “Тўнғиз йили”да авлодингиз давомчиси ҳақида ўйлаб кўришга тўғри келади. Ёзда маиший муаммолар ҳам юзага келади.

Ҳа, айтганча, “Тўнғиз йили”да ўз гардеробингизни ҳам ўзгартиринг. Янги услубдаги кийимлар ва соч турмаги ҳар жабҳада асқатади.

Юлдузлар 2019 йилда кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишни ва табиат қўйнида дам олишни маслаҳат бермоқда.

Кузга келиб қаттиқ толиқасиз. Ахир ярим йил давомида тинимсиз ишладингиз. Агар имкони бўлса, таътилга чиқинг ва саёҳатга отланинг. Қаерга боришни ўзингиз танланг. Энг асосийси, иссиқроқ мамлакат бўлсин.

Меҳнатларингиз самарасини беради. Йил якунида бажарган ишларингиздан кўнглингиз шод бўлиши кутилмоқда.

ШАХСИЙ ҲАЁТ

Ҳали оила қурмаганлар севги-муҳаббат борасида жиддий ёндашиб, ўзига мос умр йўлдошни топиши керак. Бу борада юлдузлар кишиларнинг ташқи кўринишига эмас, балки уларнинг билими ва тарбиясига аҳамият қаратишни маслаҳат беришмоқда.

Оила сиз учун жуда қадрли, буни биламиз. Шунинг учун юлдузлар оилали бурж эгалари бола тарбиясига, оиладаги муҳитни яхшилашга кўпроқ эътибор беришлари кераклиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

“Тўнғиз йили”да турмушида жуда катта ўзгаришлар кутилмоқда. Фарзанд дунёга келиши, янги уйга кўчиш, уйни таъмирлаш, янги маиший техника харид қилиш... Шунга яраша ишлаб катта даромадга эга бўлишингиз кутилмоқда. Кредит олиш ҳақида ўйлаб юрганлар эса 2019 йилда буни унутишлари керак. Ўз кучингизга ишонганингиз сизга кўпроқ омад келтиради.

САЛОМАТЛИК

2019 йилда саломатлик издан чиқади. Гастрит, апатия, руҳий зўриқишлар ва шамоллаш сизга хавф солиши мумкин. Агар соғлиғингизни ўз вақтида назорат қилиб юрсангиз, касалликлар жиддий асоратларга олиб келмайди.

Овқатланиш тартибига эътибор беринг. Таомномангиз витаминга бой бўлиши муҳим. Уқалаш муолажалари ва нафас олиш машқлари ҳам саломатлигингизни яхшилайди.Қиш мавсумида томоғингизни асрашга ҳаракат қилинг. Чунки 2019 йил ангина ва бронхит билан оғриб қолиш хавфи бор.

КАРЬЕРА

Агар “Асад”­лар­ “Тўнғиз йили”да яхшигина даро­мадга эга бўлишни истасалар, шахсий бизнесни йўлга қўйишларига тўғри келади. Юлдузлар бирор маҳсулотга пул тикиб, фойдасини ортиғи билан олишингизни башорат қилишмоқда.

Харид борасида тежамкорроқ ва камтарроқ бўлинг. Бойлик ҳам бир синов. Ушбу синовдан яхши ўтиш ўз қўлингизда. Топган пулларингизни ақл билан сарфлашга, бир қисмини жамғариб қўйишга ўрганиш фойдадан холи эмас. Хайрли ишларга кўпроқ бош қўшинг. Саховатпеша кишиларга омад доим кулиб боққан. Ишонинг қилган яхшиликларингиз ўзингизга, албатта, қайтади.

Қўшимча иш билан шуғулланган “Асад”лар декабрь ойида автомашинага ёки янги уй-жойга эга бўлишлари мумкин.

АЁЛ "АСАД"ЛАР

Январь ойидан июлга қадар аёл “Асад”ларни бироз нохуш кайфият чулғаб олади. Чунки иш юзасидан бир қанча муаммоларни ҳал этишга тўғри келади. Нима бўлганда ҳам ҳамкасбларингиз ва раҳбарият билан илиқ муносабатларни сақлаб қолинг. Асаббузарликлар саломатлигингизга ҳам таъсир қилади. Иш сизни шу даражада қаттиқ толиқтириб қўядики, кейин саломатлигингизни тиклашга узоқ вақт талаб қилиниши мумкин. Ошқозон-ичак касалликлари билан оғриш хавфи ҳам бор. Шунинг учун ўз вақтида ухлаш ва яхши овқатланиш бу йилги асосий талабдир.

Июль ойида хизматда кўплаб муваффақиятларга эришасиз. Кузда эса доимо шуғулланиб келган ишингиз сермаҳсул бўлиб, барча амалга оширган лойиҳаларингиз даромад олиб келади. Хизмат жойингизда ўсиш кузатилади.

Оилали аёл “Асад”ларнинг оиласида қувончли дамлар кўп бўлади. Бу асосан октябрь ойидан ­декабрь ойигача энг юқори чўққига етади.

ЭРКАК "АСАД"ЛАР

“Тўнғиз йили” эркак “Асад”лар учун бироз зерикарли бўлиши мумкин. Йил давомида қувватсизлик ва ҳорғинлик сизни қуршаб олади. Агар уларнинг чангалидан қочиб қутула олсангиз ва олға интилишда давом этсангиз, иш борасида катта муваффақиятларга эришасиз.Даромадингиз ҳам ортади. Олдинда сизни фойдали таклифлар ва ажойиб лойиҳалар кутмоқда.

Шахсий бизнесни йўлга қўйиш ниятида бўлганлар ишни бошласа ҳам бўлади. Бироқ фойдаси ҳақида ўйлашга шошманг. Даромад келиши учун бироз вақт талаб қилинади.

Иш ривожланиб турган бир вақтда, оилангизда аёлингиз билан муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бесабаб рашк қилиш, қўполлик қилиш каби одатларингизни йиғиштиринг. Уйингиз бекасига ва фарзандларингизга хушмуомала бўлишга ҳаракат қилинг. Ана шунда, ҳаммаси яна изига тушиб кетади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии