1

Тикувчиликни билмасдан ҳам тикувчиликда ишлаб даромад қилиш мумкин...

ЖАМИЯТ 01.09.2020, 12:16
Тикувчиликни билмасдан ҳам тикувчиликда ишлаб даромад қилиш мумкин...

Сарлавҳамиз кўпчиликни ўйга толдириб қўйиши тайин. Ҳатто муаллифни эсидан оғганга ҳам чиқарадиганлар топилади. Лекин бу факт! Мақоламизни ўқисангиз айнан шундай юртдошларимиз ҳам борлигига амин бўласиз.

Хўш, бунга қандай эришилади?

Касб билиш инсонни бой қилади. Ҳунарли ҳеч қаерда хор бўлмайди. Аммо баъзи инсонлар борки, тақдир тақозоси билан ёки хоҳишсиз равишда касб-ҳунар ўрганишга интилмайди. Натижада эса ҳаракатсизлик ёки омадсизлик важиданми ёрдамга муҳтож аҳоли сафига қўшилиб қолишади. Тўғри, мамлакатимизда кам таъминланганлар ижтимоий ҳимояси таъминотига президент ва ҳукумат даражасида катта эътибор қаратиляпти. Лекин тарқатилаётган пуллар сарфланади, берилаётган ёрдамлар эса истеъмол қилинади. Ижтимоий ёрдамлардан умидвор бўлиб қолсак, боқимандалик кўпайиб кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар билан камбағаллик даражасини қисқартириш, эҳтиёжмандларни “темир дафтар”га киргизиш ва уларни доимий даромад манбаига эга бўлишида кўмаклашиб, рўйхатдан чиқариш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудлари мутасаддилари ўз иқтисодий ва ижтимоий имкониятларидан келиб чиқиб ёндашишмоқда. Бу ёндашувлар қанчалик самарали? Фаол ҳаёт тарзида танаффус юзага келиб, даромадсиз қолган аҳолига турли йўллар билан даромад топишларида руҳий мотивациялар бериш, ҳаётга, фаровонликка интилиш уйғотиш, шу билан бирга даромад топишларига кўмаклашиш муҳим саналади. Уларни ҳудуд талаби ва имкониятидан келиб чиқиб касбга йўналтириш, қисқа муддатда ўқитиш, даромад манбалари топишда кўмаклашиш, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали бугун камбағалликка қарши курашиш чоралари кўрилмоқда. Буларни амалга оширишда эса тадбиркорлик субъектларининг аҳамияти катта. Тадбиркорлар турли лойиҳаларни ишга туширса, ишчи ўринлари яратилади. Табиийки, ҳар бир раҳбар ўз қўл остида малакали ишчилар ишлашини хоҳлайди. Малака эса вақтлар ўтиб шаклланади. Бироқ шундай тадбиркорлар борки, малакасиз ишсизга ҳам иш бериб, уларни даромад қилишга қизиқтириб қўяди. 

400 кишини ишли қилган кичик қишлоқнинг катта лойиҳаси

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманига қилган ташрифимиз давомида туманда жойлашган “Тошработ текстил” МЧЖда бўлиб, у ерда ҳатто тикувчиликдан хабари йўқ бўлган аёллар ҳам ишлаб даромад топаётганликларининг гувоҳи бўлдик.

Гулмеҳра Худойбердиева, ишчи:

Мен ушбу корхонада ип тозаловчи бўлиб ишлайман. Олдин ҳеч қаерда ишламаганман. Маҳалла “темир дафтар”ида рўйхатда турганим учун менга шу ишни тавсия қилишди. Тикувчилик қўлимдан келмайди. Вазифам – корхонамизда ишлаб чиқарилган тайёр кийим-кечак маҳсулотлари чокларида ортиқча чиқиб қолган ипларидан тозалаш. Ойлик маошим 1 млн. 250 минг сўм. Бундан ташқари тушлик ва автобус ҳам корхона ҳисобидан. Биргина муаммомиз даромад эди. Мана энди хурсандмиз! Турмуш ўртоғим ҳам мавсумий иш билан таъминланган. 2 нафар фарзандим бор. Турли ёрдам пулларини ҳам олиб турибмиз.

Аҳамиятлиси, “Тошработ текстил” МЧЖ 2018 йилда ишга тушган бўлиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи корхона қурилиши тамал тошини қўйган. Кичик қишлоқда ташкил этилган 400 ишчи ўрнига эга катта корхонада яқин ҳудудлардан келувчи хотин-қизлар меҳнат қилаётган бўлиб, шундан 138 таси “темир дафтар”га киритилган оилалар аъзоларидир.

Улуғбек Тўрақулов, “Тошработ текстил” МЧЖ бош директори:

Корхонамизда маҳсулотлар 100 фоизли пахта хом-ашёларидан ишлаб чиқарилади. Асосан 14 ёшгача бўлган болалар кийим-кечаклари бўлган маҳсулотларимизнинг 90 фоизи Россия ва Италия давлатларига экспорт қилинади. Йиллик экспорт миқдори 3 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Ишчилармиз тоифаларига қараб 1 млн. 250 минг сўмдан 3 миллионгача ойлик маоши, тушлик ва автобуслар билан таъминланади. Тоифалари ошгани сайин ойлик ҳам шунга яраша кўтарилиб боради. 

Бугун аҳолига давлатнинг муносабати ўзгарган. Илгарилари ҳатто туман ҳокимини ҳам танимасдик. Ҳозир эса у хоҳ ҳоким бўлсин, прокурор ёки ички ишлар бошлиғи ўзлари уйма-уй юриб, аҳоли ҳолидан хабар оляпти. Уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш учун имкон қадар ҳаракат қилишяпти.

Қизилтепага қайтсак, 400 ўринли ишнинг ташкил қилиниши кичик ҳудуд учун яхши кўрсаткич. Айниқса, тадбиркор корхона фаолиятини яна ҳам кенгайтираман деб турса. Муҳими, корхона учун доимий буюрма бор. 400 та оиланинг қозони қайнаб туради...

Сардорбек Раҳмонқулов 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1