Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги “Дўстлик” (Бобур) маданият ва истироҳат боғининг қайта реконструкция қилиниши ва паркга атрационлар жойлаштирилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси хабар берди.
Мазкур ҳолат аҳолининг эътироз ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бугун шаҳар марказларида яшил боғларни барпо этиш ҳаётий зарурат ва дунё трендига айланган. Атрационли кўнгилочар парклар эса асосан шаҳарлар ташқарисида жойлаштирилади.
Қонунчилигимиз талабига кўра шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак.
Шуларни инобатга олган ҳолда мутасаддилар мазкур боғдаги дарахт ва яшилликни сақлаб қолишлари, атрационлар ўрнатилмаслиги ва боғни реконструкция қилиш лойиҳасини жамоатчиликка тақдимот қилишлари лозим.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳар қандай қурилиш ва реконструкция ишлари атроф-муҳитга ва дарахтларга зарар етказмаслик, яшил ҳудудлар камайишига йўл қўймаслик ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблайди ҳамда фуқароларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровини юборади.