1

Президент Қоракўл Халқаро математика мактабини барча мактабларлар учун андоза ва ўрнак қилиб кўрсатди

СИЁСАТ 01.10.2020, 00:26
Президент Қоракўл Халқаро математика мактабини барча мактабларлар учун андоза ва ўрнак қилиб кўрсатди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь ўқитувчилар кунига бағишланган байрам тадбиридаги нутқида Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабига ҳам алоҳида тўхталиб, унинг таълим методикасини барча учун ўрнак қилиб кўрсатди. 

“Ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти”

“Ҳурматли дўстлар!

“Оққан дарё – оқаверади”, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосларимиз бор. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ. 

Бу фикрларга бир мисол келтирмоқчиман.

Биласизлар, Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди.

Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти. 

Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик”.

“Қоракўл мактаби биз учун замонавий мактабнинг ҳақиқий андозаси эмасми?”

“Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди.

Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!

Бундай улкан натижага эришиш учун албатта ўзига хос ўқитиш тизими бўлиши керак. Айни вақтда бундай ютуқлар замирида инсоннинг ўз касбига, Ватанига меҳри ва садоқати, юксак масъулият туйғуси мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Мана шу мактабда Тўхтамурод ака бошчилигида ҳар бир ўқитувчи шогирдларини ўз боласидай кўрган, бу ерда чинакам ижодий мусобақа муҳити шаклланган ва бу ишлар бугун ўзининг муносиб натижасини бермоқда.

Моҳир педагог Тўхтамурод Жумаев таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирландилар. 

Фурсатдан фойдаланиб, Тўхтамурод акани ва мукофотга сазовор бўлган барча ўқитувчи ва мураббийларимизни ўз номимдан, халқимиз номидан самимий муборакбод этаман”.

Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев Қоракўл тажрибасининг бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйилмаганлиги юзасидан мутасаддиларни танқид қилди:

“Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, шу ўринда савол туғилади: Қоракўл мактаби биз учун замонавий мактабнинг ҳақиқий андозаси эмасми? Нима учун Халқ таълими вазирлиги унинг ноёб тажрибасини етарлича оммалаштирмаяпти? Нима учун бошқа мактаб директорлари бу таълим даргоҳидан ибрат олмаяпти? Халқ таълими вазири Ш.Шерматов нега уч йилдан буён бу жиддий масалага етарлича эътибор бермаяпти? 

Афсуски, ҳаммамиз “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деб, бепарво бўлиб юрибмиз. 

Нима учун бошқа вилоятларда, дейлик, Андижонда, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ёки Қаршида, Жиззах ва Сирдарёда бундай мактаблар йўқ? 

Ваҳоланки, бугунги кунда бизга мана шундай юзлаб мактаблар,
ўз касбининг чинакам устаси ва фидойиси бўлган минглаб мураббийлар сув билан ҳаводай зарур. 

Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш чораларини кўриши зарур.

Президентнинг ҳар бир ҳудуддаги вакиллари, ҳар бир вилоят ва туманнинг етакчилари – бу ҳокимлар. Маъмун академиясининг бешиги, Муҳаммад Хоразмий юрти бўлган Хоразм, Мирзо Улуғбек камолга етган Самарқанд, дунёга Бобур Мирзони берган Андижон, Аҳмад Фарғоний ватани бўлган Фарғона вилоятларининг ҳокимлари бугун бу оқсоқлик ва бепарволик тўғрисида нима дейдилар? 

Ўзингиз раҳбарлик қилаётган вилоятларда мана шундай намунали мактаблар ташкил этиш учун сизларга олти ой муҳлат берамиз. 

Албатта, янги мактабларни қуриш, чиройли қилиб жиҳозлаш, безаш мумкин, лекин уларни замонавий маъно-мазмун, илм-маърифат, тарбия билан тўлдириш қўлимиздан келадими? 

Бу долзарб масала устида ҳокимлар билан Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирликлар ва идоралар раҳбарлари биргаликда жиддий ишлашлари талаб этилади”, – деди Президент.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1