1

Сирдарё вилоятида туман ҳокимлиги судда ютқазди

ЖАМИЯТ 08.10.2020, 14:58
Сирдарё вилоятида туман ҳокимлиги судда ютқазди

Гулистон туманига кетаверишда йўл бўйида жойлашган  тўйхонани кўпчилик эслайди. 2013 йилдан то 2019 йилга қадар ушбу тўйхона негадир ишламай турди. Ўтган-кетганлар тадбиркор шунча қурилиш-таъмир ишларини бажарибдию, негадир тўйхонани ишлата олмапди, деган хаёлга борарди. 

Ҳаммаси фуқаро Замира Шарипованинг турмуш ўртоғи Муҳсин Шариповга нисбатан 2012 йил декабр ойида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси, 3-қисми, “а,в” бандлари, 205-моддаси, 2 –қисми, “а,в” бандлари, 243-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши билан бошланган эди. 

Ушбу жиноят иши кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги “Амнистия тўғрисида”ги қарорига асосан ҳаракатдан тўхтатилган бўлса-да, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2013 йил 12 апрел кунги ажримига кўра, М.Шариповнинг турмуш ўртоғи З.Шариповага тегишли бўлган мулк, яъни, 569 256 840 сўмга баҳоланган “чойхона-тўйхона” биноси жиноий даромадлар легаллаштирилган ҳолда қўлга киритилган, деб топилиб, давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.

Мулкнинг 2008 йилда хусусийлаштириб олингани, унинг жиноят ишига алоқаси йўқлиги тўғрисидаги З.Шарипованинг шикояти 2017 йил 18 майда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация судлов инстанциясида кўрилиб, биринчи инстанция суд ажрими ўзгаришсиз қолдирилди. Ушбу иш Ўзбекистон Республикаси Олий Суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2018 йил 21 июнда кўрилиб, суд қарорлари яна ўзгаришсиз қолдирилади.

Аммо, шикоятчилар ўз мулкларини қайтариб олиш учун, ҳаракатни тўхтатмайдилар. Жиноят иши Олий суд раисининг назорат тартибидаги протестига асосан Раёсатда кўрилиб чиқилади.  

Раёсатнинг 2019 йил 26 сентябрдаги ажримига асосан М.Шариповга нисбатан очилган жиноят иши умумий қоидалар бўйича дастлабки тергов ишини юритиш учун қайтарилган, Тошкент шаҳар Юнусобод туман прокуратурасининг 2019 йил 4 ноябрдаги ажримига асосан М.Шариповга нисбатан бўлган жиноят иши М.Шариповнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Жиноят Процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинган ва унга реабилитация тадбиқ этилиши белгиланган.

Энг қизиғи, тадбиркор З.Шариповага тегишли мулк – “чойхона-тўйхона” биноси 2018 йил 15 октябрдаги Гулистон туман Мажбурий ижро бюроси ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган далолатномага асосан, 566 106 146 сўмга баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги 5552-сонли Фармонини асос қилган ҳолда, туман ҳокимининг 2018 йил 20 октябрдаги 2849-сонли қарори билан туман ҳокимлиги балансига олинган,  сўнгра Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сирдарё вилоят бошқармасининг кимошди савдоси орқали 2018 йил 7 декабр куни тадбиркор Усманов И.И.га 569 256 840 сўмга сотиб юборилган.

Шикоятчи, тадбиркор З.Шарипова ўзига тегишли мулк 2008 йилда “Темур тонги Юлдузи” хусусий корхонасига берилганлиги, бинодан 2013 йилга қадар бўлган даврда тадбиркорлик объекти сифатида фойдаланиб, йиллик соф фойда 16 138 919 сўмни ташкил қилганлигини, бироқ, 2013 йилда бинога таъқиқ қўйилиб, 2019 йилга қадар олиши мумкин бўлган 251 млн сўмдан зиёд сўмни даромад сифатида олиш имкониятидан маҳрум қилинганини, тадбиркорлик корхонаси “синиб”, маънавий зарар кўрганлигини айтиб, туман ҳокимлиги ва туман молия бўлимидан 100 млн сўм маънавий зарар, бинонинг ҳозирги бозор нархи – 901 919 899 сўмни ташкил қилиши, бой берилган даромад 251 547 073 сўмни ҳам ундириб беришларини сўраб, Гулистон туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Даъвогар Гулистон туман адлия бўлими тадбиркор Шарипова З. манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига киритган даъво ариза кўриб чиқилди.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганлигига қарамасдан Гулистон туман ҳокимлиги масъул вакиллари судда иштирок этишмади. Суд фуқаролик ишини Фуқаролик процессуал кодексининг 220-моддасига асосан Гулистон туман ҳокимлиги иштирокисиз кўриб чиқишни лозим деб топди. Суд тарафларнинг иш бўйича берган тушунтиришларини тинглаб, адвокатнинг музокара сўзи ва прокурор ёрдамчисининг аризани қаноатлаштириш ҳақидаги фикрини эшитиб, даъвони қаноатлантиришни лозим деб топди.

Судда юқоридаги фактлар инобатга олинди. Фуқаро З.Шариповага унинг мулкининг бозор нархидаги қиймати - 901 919 899 сўм, 5 млн сўм маънавий зарар ҳамда бой берилган даромад 251 547 073 сўмни ундириш туман ҳокимлиги ва туман молия бўлимидан ундириш белгиланди. Туман молия бўлимига айбдор шахслардан етказилган зарарни регресс тартибида ундириш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ва ниҳоят ҳақ жойига қарор топди. Шу ўринда бир гап, давлатимиз томонидан чиқарилаётган қонунчилик тадбиркор ва фуқароларнинг мол-мулкини ҳимояси учун ўйлаб пухта қабул қилинган ҳужжатлардир, фақат уни тўлиқ ўрганиш, ундан ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда тўғри фойдаланиш зарур. Ўз ҳуқуқини яхши билган қоқилмайди.

Олимжон Бозоров,
Гулистон туман адлия бўлими бошлиғи

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1