1

Ўзбекистонда энг кўп ойлик иш ҳақи қанча? Уни кимлар олади? Энг ками-чи?

ЖАМИЯТ 06.11.2020, 19:22
Ўзбекистонда энг кўп ойлик иш ҳақи қанча? Уни кимлар олади? Энг ками-чи?

Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида юридик шахсларда ишловчи ходимларнинг 41,5 фоизига 1,3 млн. сўмдан 2 млн. сўмгача, 17,5 фоизига 679,3 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача, 15,4 фоизига 2 млн сўмдан 2,7 млн. сўмгача ўртача ойлик иш ҳақи миқдори ҳисобланганлиги кузатилган. Айнан шу маълумот чиқиши билан ижтимоий тармоқларда гўёки ойлик иш ҳақлари 700 минг сўмга ошгандек талқин қилиниб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. “700 минг сўмни қаердан олишганига ҳайронман, бу кўрсаткичлар ходимларнинг айнан шу миқдорлар оралиғида иш ҳақи олишади, деган мақсадда берилганку”, - дея юқоридаги статистикага саҳифамиз эксперти Давлат статистика қўмитаси Демография ва меҳнат статистикаси бошкармаси бошлиғи Зойир ЮЛДОШЕВ ўз муносабатини билдирди. Бундан ташқари ўртача ойлик иш ҳақининг қандай аниқланиши, ўтган ойларда соҳалар, ҳудудлар кесимида ойлик маошлар динамикаси қандай бўлганлиги, энг кам ва энг кўп ойлик маошлар оладиганлар ҳақида ҳам бизга маълумот бериб ўтди. 

ИШ ҲАҚИ СТАТИСТИКАСИ ҚАНДАЙ ЮРИТИЛАДИ?

— Бунинг учун аввало номинал (ўртача) ҳисобланган иш ҳақи ҳақида тушунтириш беришимиз лозим. Номинал ҳисобланган иш ҳақи – бу маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи пул қийматидаги меҳнат ҳақидан иборат. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичи юридик шахслар томонидан тақдим этилган статистик ҳисоботлар асосида йиллик ва чораклик (кичик тадбиркорлик субъектлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарисиз) даврийликда шакллантирилади ва эълон қилиб борилади. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичи халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ, ишлаб чиқилган услубият асосида ходимларга ҳисобланган жами меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ходимлар сонига ва ишлаган ойлар сонига бўлиш орқали ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичи корхона ва ташкилотларнинг масъул шахслари томонидан тасдиқланиб электрон шаклда статистика идораларига тақдим этилган маълумотлар асосида шакллантирилади. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ҳар бир корхона ёки ташкилотларнинг фаолият тури, хусусиятлари, даромадлари билан бирга уларда ишловчи ходимларнинг тоифалари, меҳнат шароитларидан келиб чиқиб бир биридан фарқ қилиши мумкин.

МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШНИНГ ЭНГ КАМ МИҚДОРИДАН ҲАМ КАМ ОЙЛИК ОЛАДИГАНЛАР БОР

— Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини 679 330 сўм деб оладиган бўлсак, бу миқдордан ҳам кам миқдорда иш ҳақи ҳисобланган ходимларнинг республикадаги умумий улуши 0,6 фоиз бўлиб, улар корхона ва ташкилотларда тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқ бўлмаган иш тартибида ишлаши кузатилган.

ЭНГ КЎП ОЙЛИК МИҚДОРИ ҚАНЧА?

— 2020 йил январь-сентябрь ойларида корхона ва ташкилотларда ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори 34,5 млн. сўмни ташкил этганлиги кузатилди. Бу миқдор нефт-газ тармоғига тегишли.

ЎРТАЧА ОЙЛИК-ЧИ?

— Ўртача ойлик иш ҳақига келсак, у иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳар хил миқдорларни ташкил этади. Хусусан, иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи (ҳозирда 2 млн. 577 минг сўм)га нисбатан солиштирилганда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 30,2 фоизга, таълим соҳасида 24,7 фоизга пастлиги шунингдек, молия ва суғурта соҳасидаги иш ҳақи ўртача республика даражасидан 25,0 фоизга, ахборот ва алоқа соҳаси эса 67,4 фоизга юқори эканлиги кузатилди.

ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ БЎЙИЧА ЎРТАЧА ОЙЛИК ИШ ҲАҚИ ЎСГАН

— Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 2019 йилнинг мос даврига нисбатан ўсганлиги кузатилди. Жумладан, молия ва суғурта соҳасида 31,8 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 20,0 фоиз, ташиш ва сақлаш соҳасида 17,2 фоиз, қурилишда 16,3 фоиз, савдода 11,5 фоиз, бошқа фаолият турларида 11,2 фоиз, таълимда 10,8 фоиз, саноатда 10,7 фоиз, ахборот ва алоқа соҳасида 8,0 фоиз сезиларли ўсиш кузатилди.

ЛЕКИН ИШ ҲАҚИ ЎСИШ СУРЪАТЛАРИ ПАСАЙГАН

— Пандемия ўртача ойлик иш ҳақи ўсишига ўз таъсирини кўрсатди. Бу йил январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақининг ўсиш суръатлари ўтган йиллардаги ўсиш суръатларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлиги кузатилди.

ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ЭНГ КЎП ВА ЭНГ КАМ МАОШ ОЛАДИГАН ҲУДУДЛАР

— Таълим соҳасидаги ўртача иш ҳақи 2020 йилнинг январь-сентябрь даврида 
1,9 млн. сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,8 фоизга ўсганлигини кузатиш мумкин. Ўз ўрнида охирги 3 ойда, яъни июль ойида 1,7 млн. сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга ошган), август ойида 1,7 млн. сўмни (0,8 фоизга ошган) ва сентябрь ойида 2,1 млн. сўмни (0,2 фоизга ошган) ташкил этганлигини кўрсатмоқда. Ушбу соҳада республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (41,7 фоиз), Сирдарё (4,0 фоиз) ҳамда Тошкент (0,4 фоиз) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, республиканинг қолган ҳудудларида таълим соҳасидаги ўртача ойлик иш ҳақи республикадаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлганлиги кузатилди. Хусусан, Қашқадарё вилояти (89,7 фоиз), Фарғона вилояти (90,5 фоиз), Хоразм вилояти (91,8 фоиз), Сурхондарё вилояти (95,1 фоиз) ва Самарқанд вилояти (96,6 фоиз) шулар жумласидандир. Таълимнинг барча босқичлари ўртасида юқори иш ҳақи кўрсаткичи олий таълим соҳасида кузатилди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича эса ўртача ойлик иш ҳақи 1,7 млн.сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 20,0 фоизга ошди.

 

Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1