1

Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш масалалари кўриб чиқилди

СИЁСАТ 26.01.2021, 22:05
Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш масалалари кўриб чиқилди

Бугун, 26 январь куни Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихановнинг БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан учрашуви бўлиб ўтди ва унда Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш йўллари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида режалаштирилган 1 359 та инвестиция лойиҳасидан 705 таси ишга туширилди, натижада 4500 га яқин иш ўринлари яратилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ қиймати 1 трлн. 209 млрд. сўмлик жами 2 788 та лойиҳа ва объектни амалга ошириш ҳамда 1 млрд. доллардан зиёд хорижий грантлар ва инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган.

Олий Мажлис Сенати, хусусан, парламентнинг юқори палатасида ташкил этилган Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширмоқда. БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска парламент назорати соҳасида Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликни, БРМ доирасида белгиланган дастурларни амалга ошириш, шунингдек, экологик фожиадан энг кўп зарар кўрган Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича келишилган биргаликдаги тадбирларни ишлаб чиқишни асосий фаолият йўналишлари сифатида қайд этди.

Учрашув доирасида БМТТДнинг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, сўнгги ўн йил ичида БМТТД аҳолига мақсадли ёрдам кўрсатиш ва унинг эҳтиёжларини қондириш ҳамда маҳаллий иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ томонидан қатор лойиҳалар ва қўшма дастурлар амалга оширилди (асосий инфратузилмалардан фойдаланиш, иш билан таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича мослашувчан чора-тадбирларни қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалигининг илғор тажрибаларидан фойдаланиш масалаларида фермерларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дарахтзорлар яратиш). Бундан ташқари, БМТТД ҳукуматга БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фондини ташкил этишда ёрдам берди.

Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммонинг мураккаблиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон томони ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини билдирди. Ўз навбатида, БМТТД Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) бирлаштириш ташаббуси доирасида ўз йўналишларини ҳам белгилаб олгани қайд этилди.

М. Димовска давлатимизнинг Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра ушбу минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш учун ечим топиш ва аниқлашда ёрдам кўрсатиш, тизимли инновацион ёндашув ва янги молиявий воситаларни тарғиб қилиш, шунингдек инновациялар ва технологиялар зонаси сифатида Оролбўйи минтақаси бўйича экологик Концепция ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш йўлида БМТТД имкониятлар изламоқда.

Томонлар минтақани, шу жумладан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни биргаликда амалга оширишга, ушбу йўналишдаги халқаро мулоқотни кучайтиришга, “яшил” иқтисодиётни амалга оширишда самарали ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1