1

“Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

СИЁСАТ 27.01.2021, 19:08
“Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Бугун, 27 январь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзусида видеоконференцалоқа шаклида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Йиғилишда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси аъзолари, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси – ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори раҳбарлигидаги делегация, БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари, Европа иттифоқи, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари, АҚШ, Германия, Швейцария ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси Х. Коллер ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари кириш сўзи билан чиқиш қилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ва муносиб иш ўринларини яратишга қаратилган миллий бандлик дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда Давлат меҳнат инспекциясини институционал ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва бу борада мавсумий ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга урғу берилди.

Тадбир давомида иштирокчилар мамлакатимизда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилинди.
Қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор иш ўринларини ташкил этиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ қилиш бўйича кўрилаётган чораларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, шунингдек, ХМТ томонидан 2020 йилда пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан Ўзбекистон 2020 йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаётганлиги тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолишини, мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф этилишида сезиларли натижаларга эришилганлиги ҳамда фуқароларни мажбурий меҳнатга тизимли жалб этиш ҳолатлари қайд этилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.

Ушбу натижаларга эришишда давлат раҳбарининг кучли сиёсий иродаси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича кескин чораларнинг кўрилганлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, пахта хом ашёси учун давлат буюртмасининг бекор қилиниши муҳим ўрин тутганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, асосий омиллардан бири сифатида терилган пахта хом ашёси учун тўлов миқдорларининг оширилиши, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшиланганлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, 2020 йилда мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ходимлар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият, хусусан, Жахон банки, Европа иттифоқи, “Коттон кампейн” халқаро коалицияси, «Хьюман Райтс Вотч» халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари, АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари томонидан юқори баҳоланди.

Давра суҳбати давомида экспертлар томонидан мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бирга фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бутунлай бартараф этиш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти ва тегишли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари билан яқин ҳамкорликни давом эттириш, давра суҳбати давомида билдирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган мониторинг ишларини давом эттириш, 2021 йилдан бошлаб иқтисодиётнинг бошқа соҳаларда ҳам фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини кенг жалб этган ҳолда мониторинг ўтказилишини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1