1

Евроосиё иттифоқидаги кузатувчилик мақоми Ўзбекистонга қандай мажбуриятларни юклайди?

СИЁСАТ 04.02.2021, 01:10
Евроосиё иттифоқидаги кузатувчилик мақоми Ўзбекистонга қандай мажбуриятларни юклайди?

Бу саволнинг жавоби халқ орасида, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб, турлича талқин қилинмоқда. Аслида-чи? Бу мажбуриятлар нималардан иборат? ЕОИИга эҳтимолий аъзолик шароитида божхона маъмурчилигидаги ўзгаришлар қандай ва бу ўзгаришларнинг аҳамияти нималардан иборат? Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари 
М. Алиходжаев ўз мулоҳазаларини билдирди.

МАЖБУРИЯТЛАР

— 2020 йил 11 декабрда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирокидаги Евроосиё иқтисодий Олий кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ЕОИИ тўғрисидаги Шартномага мувофиқ кузатувчи давлат мақомига эга бўлган давлат ўзининг доимий вакилини Евроосиё иқтисодий комиссияси қароргоҳига юборади. Кузатувчи давлатнинг ЕОИИдаги вакиллари ушбу ташкилот органлари йиғилишларида иштирок этиши ҳамда мазкур органлар томонидан қабул қилинадиган, махфий бўлмаган ҳужжатларни кўриб чиқиши мумкин бўлади.

Экспертнинг таъкидлашича, ЕОИИга кузатувчи бўлган мамлакатлар ҳамда аъзо мамлакатлар ушбу ташкилот манфаатларига зид қарор қабул қилмасликлари кузатувчи давлатга юкланадиган ягона мажбурият ҳисобланади. Кузатувчи давлат мақоми Ўзбекистон Республикасига бундан бошқа мажбуриятларни юкламайди.

БОЖХОНА ТАРТИБИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?

— Ўз навбатида ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми Ўзбекистон Республикаси учун божхона тартиб-тамойилларида ўзгаришларга олиб келмайди. Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасида Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган стандартлари ва тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш, улар учун маъмурий тўсиқларни камайтириш мақсадида соҳада хавфларни бошқариш, ваколатли иқтисодий оператор, божхона аудити, электрон божхона расмийлаштируви ва “Ягона дарча” автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил) қўшилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган Киото конвенциясининг асосий мақсади божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш орқали ташқи савдо субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг ушбу Конвенцияга қўшилиши халқаро рейтингларда Ўзбекистон мавқеини ошишига, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу Конвенция жаҳондаги давлатлар учун норасмий божхона кодекси ҳисобланади. Унинг қоидалари божхона тартиботларини бирхиллаштиришга ва олдиндан башорат қилиш мумкинлигига қаратилган. Ўзбекистон Республикаси ва ЕОИИ божхона кодекслари ҳамда ушбу иттифоққа аъзо давлатларнинг божхона қонунчилигининг асосий нормалари айнан Киото конвенцияси асосида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги ҳозирги мақоми эса ушбу ташкилотни ичкаридан ўрганиб чиқиш, шунингдек, ҳеч қанақа мажбуриятларни олмай туриб, унга аъзоликнинг ҳар бир соҳа ва йўналишда келтириб чиқарадиган ижобий ва салбий томонларини ҳисоблаб чиқиш имконини беради, дейди экспертимиз.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирилиши ва жаҳон бозорига интеграциялашуви ишлаб чиқарилаётган товарларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий давлатлар орқали товарларни транзит олиб ўтилишида қулайликлар яратилишига олиб келади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1