1

Давлат дастурининг қайси бандлари бажарилмади?

ЖАМИЯТ 05.03.2021, 20:56
Давлат дастурининг қайси бандлари бажарилмади?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  матбуот хизматининг маълум қилишича, Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси бўйича онлайн мониторинг олиб бориш мақсадида махсус платформа (jamoatchilik.uz)ни ишга туширган эди. Давлат дастури доирасида жорий йилнинг февраль ойида 7 та банд бўйича вазифалар ижроси кўзда тутилган. 


Мониторинг давомида Давлат дастурининг 8 та банди ижроси таъминланганлиги маълум бўлган. Шундан, 5 та банд муддатидан аввал бажарилган. 


Шунингдек, февраль ойида бажарилиши лозим бўлган айрим бандлар бўйича ижро муддатларига амал қилинмаган. 


Жумладан, 73-банд юзасидан Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион марказини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ўз вақтида қабул қилиш учун киритилмаган. 


151-банд бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари, стартап ва ғояларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳа ўз вақтида қабул қилиш учун киритилмаган.


184-бандда кўзда тутилган аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари бажарилмади. Бунда, кафолатланган пакетга киритиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш назарда тутилган. 


218-банд бўйича Маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича дастур қабул қилинмаган.


Бугунги кунгача юқоридаги тўртта банд ижросига масъул вазирлик, идоралар томонидан ижро муддати кечиктирилгани ёки қўшимча ишланиши белгилангани ҳақида жамоатчиликка тушунтириш берилмади.


Қайд этилишича, Давлат дастурлари ижросини мониторинг қилиш жараёнида ижро интизомига оид қатор камчиликлар ўтган йиллар мобайнида ҳам кузатиб келинди. Давлат идораларида ижро интизоми пастлиги танқид қилинди. Жорий йилнинг 10 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида масъул ижрочилар — Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва тармоқлар раҳбарлари, ҳокимлар ва сектор бошлиқлари зиммасига тегишли ҳар бир кўрсаткичга эришиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилиши таъкидланди. 

 

Эслатиб ўтилишича, 2021 йил 18 январ куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. 3 февраль куни Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони имзоланди.


Жорий йилги Давлат дастури 273 банддан иборат. Унда белгиланган чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1