АсосийDunyo
2866

Ҳатто норозилик намойишларига сабаб бўлаётган масала

'Ҳатто норозилик намойишларига сабаб бўлаётган масала'ning rasmi

Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси жорий йилнинг 13 май куни “Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи - охирги ўқишда маъқуллади. Депутатларнинг айтишича, лойиҳа “яшин тезлигида” қабул қилинган - уни кўриб чиқишга бир дақиқа ҳам кетмаган. 
Мухолиф сиёсий фракция депутати Хатия Деканоидзенинг айтишича, мухолифат ушбу йиғилишда иштирок эта олмаган. 

“Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирса, даромадининг 20 фоиздан кўпроғи хориждан молиялаштириладиган ноҳукумат ташкилотларнинг “хорижий таъсир остидаги агент” сифатида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади. 

Таъкидлаш керак, шунга ўхшаш қонун (121-Федерал Қонун) 2012 йил 20 июлда Россия Давлат думаси томонидан қабул қилинган бўлиб, у “Нотижорат ташкилотлар ҳақида”ги қонунга айрим тузатишлар киритишни назарда тутади. Тузатишларга кўра, “хорижий агентлар” Россия Адлия вазирлигида махсус рўйхатдан ўтиши ва ОАВларда материал эълон қилганида “Материал хорижий агент томонидан чоп этилди” деган изоҳ қўшган ҳолда ўз мақомини кўрсатишга мажбур. Шунингдек, улар фаолиятига бошқа чекловлар ва камситишлар ҳам татбиқ этилиши мумкин. 2017 йил 25 ноябрда эса Россияда айрим ОАВларга ҳам шундай мақом бериш кўзда тутувчи 327-Федерал Қонун қабул қилинган. 

Мазкур қонунларга кўра, Россия Адлия вазирлиги хорижий шахслар ёки ташкилотлар томонидан бевосита ёки Россия юридик шахслари воситасида молиялаштириладиган ёки мол-мулк оладиган ҳар қандай ОАВни “хорижий агент ОАВ” деб эълон қилиши мумкин. Бундай “хорижий агентлар” улар зиммасига юклатилган мажбуриятларга кўра, нотижорат-хорижий агентларга тенглаштирилган.

Энди эса Грузияда худди шундай вазият юзага келди. Россияда президентнинг ўзи бундай қонунни ёқлаган (эҳтимол ташаббускори ҳам) бўлса, парламентар бошқарув шаклига ўтган Грузияда парламент ушбу мунозарали қонун ижодкори ҳамда ҳомийси сифатида майдонга чиқди. Шу боис бу қонун ижодкорлари Россия ҳукуматининг таъсирида ёхуд улардан илҳомланган тарзда бунга қўл урди, деган тахминлар мавжуд.

Қонун лойиҳаси нега мунозарага сабаб бўляпти?

Гап шундаки, парламентдаги ҳукмрон сиёсий куч - “Грузия орзуси” партияси тақдим этган қонун лойиҳасига Грузия президенти ва халқи қарши чиқмоқда. У либерал ва демократик ислоҳотларни ортга қайтаришидан хавотир олишмоқда.

Ғарб давлатлари раҳбарлари ҳам бу қонуннинг қабул қилинишини маъқулламаган. Масалан, Европа кенгаши вакили “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Грузияни Европа Иттифоқидан узоқлаштиради” деган. 

Грузияда ушбу қонун қабул қилинишига қарши аҳоли бир неча кундан бери норозилик намойишларини тўхтатгани йўқ. Полиция намойишчиларга қарши куч ишлатмоқда, сув пуркаш ва кўздан ёш оқизувчи газлар ишга солинмоқда. Кўплаб намойишчилар қўлга олиниб, маъмурий баённомалар тузилган. 

“Грузия орзуси” нимани хоҳлаяпти?

2012 йилда Грузия президенти Михаил Саакашвили бошлиқ ҳукмрон партияни янги сиёсий куч – “Грузия орзуси” партияси ҳокимиятдан тушириб юборди. 
Аввалига “Грузия орзуси” партияси сўл, ғарбга мойил ҳаракат сифатида ўзини намоён қилган бўлса-да, 2024 йилга келиб, консерватив ҳамда популист сиёсий кучга айланди. Унинг риторикасида аксилевропа ва россияпарастлик оҳанги устун бўла бошлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси Бидзина Иванишвили асосан Россияда бизнес юритиш орқали мол-дунё тўплаган миллиардер ҳисобланади. Иванишвили Грузияда расмий давлат мансабига ўтирмаган бўлса-да, Грузия мухолифати уни Грузиянинг ҳақиқий ҳукмдори, деб ҳисоблайди. 
“Хорижий таъсирнинг шаффофлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси илк марта 2023 йилда Грузия парламентига киритилган бўлса-да, оммавий норозиликларга сабаб бўлгани боис, шу йилнинг март ойида қайтариб олинган эди.

2023 йил декабр ойида эса Грузия Европа Иттифоқи (ЕИ)га кириши учун номзод давлат мақомини олди. Бироқ ЕИ билан музокаралар давом этиши учун Грузия ҳукумати қонунчиликни турли йўналишларда либераллаштиришга қаратилган “тўққиз қадам” сиёсатини амалга ошириши лозим эди. ЕИ вакиллари “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Грузиянинг ЕИга кириши бўйича музокараларни қийинлаштириши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. 

2024 йил баҳорида эса “Грузия орзуси” “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунни яна бир бор парламентга киритди. 

Журналистларнинг айтишича, бу қонун орқали Грузия ҳукуматининг ЕИга аъзо бўлишга йўналган сиёсий курси ўзгариб кетиши мумкин. Грузия мухолифати ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунларга ўхшагани учун унга “рус қонуни” деб ном берган. 
Грузия президенти Саломе Зурабишвили Франция халқаро радиосига берган интервьюсида грузин халқини 2024 йил 26 октябрга белгиланган парламентга сайловларда “Грузия орзуси” партиясига қарши овоз бериш ва шу орқали “Европага йўналган танловлари”ни тасдиқлашга чақирди. “Бу қонун – россияча қонун ва ҳукуматимизнинг услублари ҳам россияча, ҳатто бош вазирнинг бугунги нутқи ҳам россияга монанд бўлди”, дея таъкидлаган Зурабишвили.

Нега Грузия президенти бу қонун лойиҳасига таъсир қила олмайди?

Аввало, шуни айтиш керакки, Грузия – парламентар республика. Яъни бошқарув борасидаги ваколатлар парламентга кўпроқ берилган. Президент ваколатлари чекланган. У фақат парламент қабул қилган қонунларни имзолаши ёки уларга вето қўйиши мумкин. Бу ҳолда депутатлар аввал қабул қилинган қонун лойиҳасини ҳамда президент эътирозларини яна бир бор қайта кўриб чиқишлари мумкин. Агар президент эътирозлари инобатга олинмаса ва президент иккинчи марта ҳам қонун лойиҳасини имзолмаса, парламент раиси имзолай олади. 

Бошқа давлатларнинг қонунчилигида мавжуд ҳолат – президент ва парламент келиша олмаган ҳолда парламентни тарқатиб юбориш ваколати ҳам Грузия президентида йўқ. 

Бундан ташқари, айрим давлатларда парламент икки палатали бўлади. Агар президентга ёқмайдиган қонун лойиҳаси (халқ сайлаган депутатлардан иборат) қуйи палатада маъқулланиб, (кўпинча президент тайинлайдиган сенаторлардан иборат) юқори палатага чиқарилса, сенат аъзолари бу қонунни тасдиқламасдан, орқага қайтара олади.

Грузияда эса парламент бир палатали бўлгани боис, президент бу шаклда ҳам қонун лойиҳасини бекор қила олмайди. 

Ечим нима?

Шунга қарамасдан, Зурабишвили ушбу қонун қабул қилинса, унга вето қўйишга мажбур бўлишини айтган. Ҳукумат вакиллари эса агар президент вето қўйса, “Ғарбдаги ҳамкорлар берган “мазмунли тавсия”ларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини қайта ишлашлари мумкинлиги маълум қилган.
Хуллас, Грузия президенти айни вазиятда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилинишига ҳеч қандай қаршилик қила олмайди. Ҳамма гап халқда қолган. Халқда эса ҳозирча иккита имконият бор: норозилик намойишларини тўхтатмасдан, қонунни бекор қилишларига ёки куздаги парламентга сайловларда россияпараст партияга овоз бермасдан, янги ҳукумат шаклланишига эришиш холос. Грузия халқи фақат шу воситалар билан Грузиянинг Европага йўналган демократик тараққиёт йўлини сақлаб қолиши мумкин.

                                                                                                                                                                                                                                                                         Абдуллоҳ САЙЙИД

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар