1

Қонун ҳимоясида бўлган тадбиркор қадриятларга зид тушунчани тарғиб қилгиси келиб қолса нима бўлади? – Алишер Қодиров "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг амалдаги таҳририга партиянинг эътирозларини ошкор қилди

ЖАМИЯТ 30.05.2021, 11:09
Қонун ҳимоясида бўлган тадбиркор қадриятларга зид тушунчани тарғиб қилгиси келиб қолса нима бўлади?  – Алишер Қодиров "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг амалдаги таҳририга партиянинг эътирозларини ошкор қилди

Янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг 98,4 фоиз овози билан маъқулланди. Аммо унинг баъзи бандлари муҳокамаларга сабаб бўлаётгани, хусусан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бу борада ўз эътирозларини билдирди.

“Миллий тикланиш” ДП Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров қонуннинг қабул қилиш босқичлари ҳақида тушунчалар берди ва  "Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳасига партия фракцияси ҳам қатор таклифлар тайёрлаётганини билдирди. 

" – Амалдаги таҳрирга бизнинг ҳам эътирозларимиз бор.

Қисқагина тушунтириш...

Қонун уч ўқишда қабул қилинади.  

Биринчи ўқишда “шу қонун керакми, йўқми” деган савол қўйилади. Қонуннинг моддалари муҳокама қилинмайди.  

Кўриб турганингиздек, барча фракциялар соҳада ўзгаришлар керак деб ҳисоблашди.  

Демак, соҳада ўзгариши керак бўлган масалалар бор.  

Биргина мисол, бугун бевосита даромадини белига тепадиган қонун қабул қилиш хавфи туғилганида парламентни масъулиятли овоз беришга чақираётганлар сайловлар вақтида сайловчиларни масъулият билан овоз беришга эмас, памперс сотиб олишга тарғиб қилишни маъқул кўрган эдилар. Улар қонунни бузмаганлар, ижтимоий тарғибот учун белгиланган хажмдан ортиғини, ҳатто бироз арзонроқ ҳам бермадилар, холос. Улар ҳақ эдилар. Муаммо қонунда эканлиги маълум.  

Партияларнинг молиявий бақувват эмаслиги, сайловчиларнинг 5 фоиз қисмигина партияларни молиявий қўллаб-қувватлаши,  албатта ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳаммани сифатли қонун қизиқтиради.  

Яна бир савол, қонун ҳимоясида бўлган тадбиркор қадриятларга зид тушунчани тарғиб қилгиси келиб қолса нима бўлади? Албатта буни очиқ амалга ошириш таъқиқланган, лекин бугун жамиятларга "ёпиқ мессежлар" таъсирчанроқ бўлмоқда.  

Шу сабабли, истисно ҳолларда, ҳокимият ижтимоий тарғибот хажмини орттириш ёки зарур ҳолларда рекламани чеклаш имкониятига эга бўлиши керак.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида  “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ҳамма таклифларни муҳокама қилишга тайёр, партия ғояларига зид бўлмаса, албатта кўтарамиз.

Ишламайдиган қонун ҳақида...

Қонун эҳтиёждан келиб чиқиб ташаббус қилинади ва қабул қилинади. Қонунни ишламаётганлиги уни керак эмаслигини эмас, ишлатила олмаётганини кўпроқ англатади.  

Ҳокимият учун фуқароларнинг хотиржамлиги уларни фаровонликларидан кам бўлмаган заруратдир.

Яна бир гап, бир донишманд айтган экан: бад дуо қилаётганда эҳтиёт бўлинг, улар ижобат бўлиб қолиши мумкин... ", – дейди Алишер Қодиров.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1