1

Терроризм ва экстремизмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси

ЖАМИЯТ 01.03.2022, 10:32
Терроризм ва экстремизмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси

Ўтган қисқа 5 йиллик даврда республикада инсон ҳуқуқ 
ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жамиятда сиёсий фаоллик ортиб, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган асосий мақсад  «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилгани, одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари бекор қилингани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқот фаоллашиб бораётгани, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинаётгани, оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даражада ошаётганлиги мазкур соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси ҳисобланади. 

Ҳозирги кунда ҳам халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидлари долзарб муаммо бўлиб қолмоқда ва бу ҳушёрликни кўздан қочирмасликни, ўз вақтида чора кўришни, миллионлаб инсонлар фаровонлиги учун экстремистик ғояларнинг келиб чиқиш манбаларини ўрганишни талаб этади. Шу билан бирга терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Мустақил Ўзбекистон терроризмга қарши курашнинг ўзига хос тарихига эга бўлиб, бунда мустақилликка эришгандан сўнг радикал ғояларнинг тарқалиши оғир ижтимоий-иқтисодий вазият, минтақада қўшимча беқарорлик ўчоқларининг пайдо бўлиши, ҳокимиятни дин орқали қонунийлаштириш ва мустаҳкамлашга уринишлар бўлган.

Ўзбекистонда охирги 10 йил ичида бирорта ҳам теракт содир этилмаган бўлишига қарамасдан, мамлакат фуқаролари иштирок этган Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда, шунингдек, Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг АҚШ, Швеция, Туркияда террорчилик ҳаракатларига жалб этилиши аҳолини дерадикализация қилиш муаммосига ёндашувни қайта кўриб чиқиш ва профилактика чораларининг самарадорлиги даражасини ошириш заруратини туғдирмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда асосий эътибор терроризмнинг тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитлар ва сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди. Бу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 7-февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021-йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашга ёндашувларни концептуал қайта кўриб чиқиш қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади.

Биринчидан, Мудофаа доктринаси, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши терроризмга қарши кураишиш ва профилактика соҳасидаги қонунчиликни мустаҳкамлаш имконини берди. 

Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилиш Ўзбекистонда терроризмга қарши курашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Терроризмга қарши ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралари миллий қонунчилик ва мамлакатнинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мос келади.

Давлат сиёсати террористик жиноятларни содир этишда айбдор шахсларни реабилитация қилиш масалаларига йўналтирилган. Ушбу чора-тадбирлар инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, суд жараёнининг рақобатбардошлиги, “Хабеас корпус” институти фаолиятини кенгайтириш, тергов фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш тамойилларига асосланади. Аҳолининг одил судловга ишончи ана шу тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш орқали эришилади.

Учинчидан, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб, 
ўз хатоларини англаб етган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш, нормал ҳаётга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “қора рўйхатлар” деб аталувчи рўйхатлардан тузалиш йўлига кирган шахсларни улардан чиқариш мақсадида қайта кўриб чиқилди. 
2017-йилдан буён 20 мингдан ортиқ киши бундай рўйхатлардан чиқарилди.

Президентимизнинг афв этиш ҳақидаги фармонларига асосан, инсонпарварлик тамойилига таяниб, қатъий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга ғамҳурлик кўрсатиш мақсадида, уларнинг орасида ўз қилмишидан пушаймон бўлган, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида жиноят содир этган, 1 324 нафар фуқаролар афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилди.

Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги уруш зоналарига борган фуқароларнинг ишларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонда махсус комиссия фаолият юритмоқда. Янги тартибга кўра, оғир жиноят содир этмаган ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Бу чора-тадбирлар Ўзбекистон фуқароларини Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар зоналаридан қайтариш бўйича “Меҳр” гуманитар акциясини амалга ошириш имконини берди. 2017 йилдан бери 500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари, асосан, аёллар ва болалар мамлакатга қайтди. Уларнинг жамиятга интеграциялашуви учун барча шарт-шароит яратилган: таълим, тиббий ва ижтимоий дастурлар, жумладан, уй-жой ва иш билан таъминлаш орқали фойдаланиш имконияти таъминланди.

Тўртинчидан, терроризмнинг тарқалишига ёрдам берадиган шароитларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда ёшлар ва гендер сиёсати, шунингдек, таълим, барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат, қашшоқликни камайтириш ва ижтимоий интеграция соҳалари бўйича ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни ярататмоқда.

1995 йил 31 августда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшилиш билан давлатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг умумэътироф этилган қадриятларига бўлган интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда муҳим ҳодиса бўлди.

Фармон билан жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик 
ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш ман этилди. Жиноят иши доирасида ноқонуний йўл билан олинган ҳар қандай аудио ва видео ёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.

2018 йил 4 апрелда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун масъулият кучайтирилди.

2021 йил 26 июнда Ўзбекистон Президентининг «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Қуйидагилар ушбу гуруҳларнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди:

гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (кейинги ўринларда — ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар) қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;

қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;

қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ва бошқалар.

Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинади. Бунда уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлиши ҳамда гендер тенглигини таъминлаш ҳисобга олинади.

Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этади ва уни ОАВдада эълон қилади.

2020 йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларнинг тавсияларини амалга оширишга, ушбу тавсияларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишга қаратилган миллий ҳаракатлар режаларини (“йўл хариталари”) сўзсиз амалга оширишни назарда тутади.

Миллий стратегияни амалга ошириш доирасида Адлия вазирлиги томонидан «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий, синфий ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар жамият ҳаётининг турли соҳаларида фуқароларни камситилиш юзага келишидан тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлашни назарда тутади.

Шу билан бирга вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар яқин ойларда ниҳоясига етиши кутилмоқда.

2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Қонунни тайёрлашда ушбу соҳадаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида 
ва тамойиллар инобатга олинди.

Юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат 
ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунда ҳамкорларимиз – Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик 
ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш 
ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилди. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.

Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди.

Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.

Шунингдек, Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилиАННк тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймиз, Ўзбекистон — кўп конфессияли мамлакат. Унда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади. Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жами 2318 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган. Шулардан 2127 таси исломий, 191 таси ноисломий. Булардан 2099 таси масжид ва 184 тасини черковлар ташкил этади. Уларнинг ўзаро тинч, тотув ва ҳамкор фаолият кўрсатиши Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.

Диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди. Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Умуман олганда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилиб бормоқда.

Адлия вазирлиги масъул ходими 

А.Нормўминов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1