Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш учун 2023 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган "долзарб 40 кунлик" рейд тадбирида қўлга олинган жиноят олами вакилларидан бири "Зики эски шаҳар" лақабли Л.У.га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Матбуот котиби хабар берди.
Жорий йилнинг 19 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан айбланиб судланаётган Л.У.га оид суд иши кўриб чиқилди.
Аниқланишича, 2023 йил май ойининг охирларида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Катта Оқтепа маҳалласи ҳудудидаги жарлик ёқасидан 12 дона кўкнори бошоқларини топиб, уларни келгусида ўтказиш мақсадида таниши Н.Н.га сақлаб туриш учун берган. 2023 йил 7 декабрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Н.Н.нинг Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги яшаш хонадонида тинтув ўтказилди.
Ўтказилган тинтув давомида, унинг хонадонидан гиёҳвандлик воситалари топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Судга оид кимёвий экспертизасининг 2023 йил 8 декабрдаги 3154-сонли хулосасига кўра, таркибида опий гуруҳига мансуб бўлган алколоидлар (кодеин, тебаин) мавжуд бўлган, умумий вазни 9,64 граммни ташкил қилувчи "кўкнори бошоғи" эканлиги маълум бўлган.
Суд ҳукмига кўра, Л.У. ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди ва унга 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.