1

“Менинг инсон ва ижодкор сифатидаги бахтим Ўзбекистонимнинг мустақиллигини кўрганим"

ЖАМИЯТ 21.03.2022, 14:58
“Менинг инсон ва ижодкор сифатидаги бахтим Ўзбекистонимнинг мустақиллигини кўрганим"

Абдулла Орипов ўзбекнинг рамзи бўлган ижодкор эди. Ўзининг қалбларни баҳор янглиғ яшнатгувчи бетакрор шеърияти каби гўзал Наврўз кунида таваллуд топган шоиримиздан бизга катта адабий мерос қолди. Унинг номи миллий адабиётимиз тарихи саҳифаларига оташин шеърияти билан янгича нафас, янгича руҳ олиб кирган ижодкор дея битилди. Абдулла Ориповнинг шеърлари теран фалсафийлик, шарқона донишмандлик, Ватаннинг унутилмас ўтмиши ва бугунги тақдири, халқ қисмати ҳамда келажаги учун куюнчаклик ҳислари билан йўғрилганди. Шоир “Менинг инсон ва ижодкор сифатидаги бахтим Ўзбекистонимнинг мустақиллигини кўрганим ва озод Ватанимга баҳоли қудрат хизмат қилаётганимда”, дея фахрланарди. 

"Қамроқ бўлиш насиб этган..."

Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ шоири:

— Адабиёт — абадият йўлида ёқилган чироқ. Шеърият эса шу чироқ ичра қалбларни чарақлатиб турган ёғду. Абдулла Ориповнинг бетакрор ва беназир шеъриятидан баҳраманд бўлган ҳар бир инсон ўзига завқ олади, ўзи туйган туйғулар оғушида қувонади, ўкинади, ўйлайди ва фикрлайди. Шоир учун ана шунинг ўзи катта бахт. Ватан — ўз халқининг қудрати билан улуғвор. Шукрки, устоз билан ижодий сафарларда юриб Ўзбекис­тонимизнинг барча вилоятларида, ўнлаб туманларида бўлиш, мана шу улуғворликни кўриш бахти бизга насиб этди. Абдулла Ориповнинг ижод мактаби, бу — маърифат чашмалари қуйилиб турган азим дарё. Устознинг 60, 70 йиллик қутлуғ тўйларида ёнларида ҳамроҳ бўлиш насиб этганидан беҳад бахтиёрман. У кунлар ўзбек шеъриятининг умумхалқ байрами бўлганди. Ўшал бетакрор дамларнинг ўзгача қувончи шундаки, устоз бу эъзозу эҳтиромларни ўз кўзлари билан кўрганди. Кафтларини шукрона дуоларига очганди. Абдулла Орипов ўзининг ўлмас шеърияти ила ўз халқи қалбида абадул абад барҳаёт эканлиги аён ҳақиқат. Бу шеър саодати, шоирлик саодати. Шоир ўзи айтмоқчи:

Ҳар қисматга ҳар кимнинг 

даврони сабаб бўлгай,

Шеър учун чекса шоирнинг 

армони сабаб бўлгай.

Мен фахр этсам, умримнинг 

ҳар они сабаб бўлгай,

Энг олий бахтим менинг 

онажоним — шеърият,

Топган тож-тахтим менинг 

жонажоним — шеърият!

 

"Шунчаки ёзмади..."

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— 1941 йилнинг айни кўклам 21 март куни дунёга келган шоир 2016 йилнинг кузи 5 ноябрь куни бандаликни бажо келтирди. Қарийб олтмиш йиллик замонавий ўзбек шеъриятининг бирор куни, бирор воқеа, бирор нафасини Абдулла Ориповсиз, унинг хассос шеъриятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу ўтган давр мобайнида сермаҳсуллик борасида ҳам Абдулла Ориф пешқадам десак, янглишмаймиз. Бу бежиз эмас, балки дунёни, инсон ҳаётини, ўзбек деган халқ ва Ўзбекистон дея аталувчи Ватанга дахлдор ҳар қандай катта-кичик воқеа-ҳодисани шоирона кўз, шеърият нигоҳи ила баҳоламоқ деганидир. Абдулла ака ҳеч қачон қўл учида ижод қилмади, шунчаки бир шеър ёзиб қўйиш учун қўлига қалам тутмади. Ҳар бир асарини қонидан, жонидан ўтказиб ёзди. Шу боис ҳам Абдулла Ориповнинг ижод дастгоҳида дунёга келган янги асарларни чоп этиш ҳар қандай нашр учун ҳам қувончли воқеа эди. Тирик дунёнинг ўзгармас ва мутлақ ҳақи — фонийлик. Банданинг ихтиёридан ташқаридаги ўзгармас ҳақиқат. Жами таскин тасалли эса дуоларимизда мужассам.

 

"Сўзининг устидан чиªарди..."

Ҳайдар Муҳаммад, шоир ва драматург:

— Абдулла Орипов ўзбек адабиё­тининг йирик вакилларидан бири эди. У билан Анвар Исроиловнинг хонадонида илк бора танишгандик. Ўшанда талаба Абдулла Орипов бизга ўзининг “Эман” сарлавҳали шеърини жўшқин оҳангда ўқиб берганди. Унинг шеърларидаги ўзига хос руҳият ҳаммани ҳайратга соларди. Ижодий жараёнлар танқидларсиз бўлмайди, албатта. Эсимда, Ёзувчилар уюшмасидаги ана шундай муҳокамаларнинг биридан у ҳеч қандай муносабат билдирмай, минбарда бир шеърини ўқиб чиқиб кетганди. Ана шундай ўзига хос жасорат ва жўшқинлик унга бир умрлик ҳамроҳ бўлди.                                Ўзбекистон халқ шоири, “Ўзбекис­тон Қаҳрамони” Абдулла Орипов том маънодаги ҳақиқий халқ шоири эди. Унинг шеърларидаги фалсафий сатрлар тагида миллий руҳ мужассам. Шунинг учун ҳам унинг шеърларини ўзбекнинг ғурури, санъати, маданиятини юқорига кўтаришга ҳаракат қилган асарлар дейишга, ҳақлимиз. Шоир Абдулла Орипов менинг ёдимда каттага ҳурмат, кичикка иззатли, сўзининг устидан чиқадиган инсон сифатида қолди. Охирати обод бўлсин! 

 

"Қазил-мутойибага Қам уста эдилар"

Абусаид Кўчимов, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий:

— Абдулла Орипов шеърларини суйиб ўқимаган, ёдламаган, дўстларига, таниш-билишларига, севимли ёрига тўлқинланиб, тошиб-жўшиб айтиб бермаган китобхон бормикан теварак-атрофи­мизда? Илло, шоир ижоди, ижодидаги теран фалсафа, инсон қалби манзаралари чизилган инжа тасвирлар, диёнатсизлик, хиёнат, суллоҳлик, мешчанлик, тақлидчилик каби иллатларга бўлган нафрат, бир сўз билан айтганда, Абдулла Орипов феномени (Одил Ёқубов ибораси) ҳали яна неча-неча асрлар ўзига маҳлиё этгувчи бебаҳо жавоҳирот уммони экани исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир. У билан суҳбатда бўлган ҳар қандай инсон улуғ шоир тафаккури, юксак ва бой руҳий олами, кенг дунё­қараши, чуқур илмий фалсафий фикр-мулоҳазалари, ўт-олов туйғулари олдида беихтиёр таъзимга чоғланарди. Ижодкор меҳнатига, адабиётга, ҳаётга, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга, дўстликка, оилага катта масъулият билан қараши, зукко файласуфлиги, ҳаётга чексиз мафтунлиги, ёш ижодкорларга ҳамиша фойдали маслаҳатлар бериши эса ҳавасини келтирарди. Кўринишидан доимо ўйчан, вазмин бу инсоннинг яқинлар даврасидаги қувноқ ҳазил-мутойибалари, одамгарчилиги, меҳмондўстлиги, гурунгдошлиги ҳайратга соларди...

 

Унутилмас дамлар ёди...

Рухсора Орипова, шоирнинг қизи:

— Отамнинг сўз устида катта масъулият, чуқур муҳаббат билан ишлаган кезлари биз учун бу энг қайтмас, унутилмас дамлар бўлиб қолди. Энг соғинчли, энг қадрли...

Отам ёзган ҳар бир шеърнинг ўз тарихи, таржимаи ҳоли бор. Улар ҳаёт, ижтимоий воқелик таъсирида юзага келган. Асарларининг энг саралари ҳам ушбу мўъжизакор дунё, табиат, инсонлар билан, аниқ тарихий саналар билан боғлиқдир. Бу ҳақиқатни ўзлари эътироф этиб деганди: “Қизим, менинг ҳаёт йўлимни ўрганмоқчи бўлсанг, шеър­ларимни ўқи, улар гўё мозаикага ўхшайди. Барини бирлаштирсанг, менинг ҳаёт йўлимни чизасан”.

Отам ўзбекларга хос серфарзанд оилада ўсиб улғайган. Саккиз нафар фарзанд устига икки етим болани асраб тарбия қилаётган катта оиланинг кенжа ўғил фарзанди бўлган. Шундай меҳрли оилада ўсганлари учунми, бизга ҳам жуда меҳрибон, шу билан бирга талаб­чан эдилар. Кўринишидан бепарво кўринсалар-да, ҳеч нарсани назардан қолдирмасдилар. Аммо бекорчигатанбеҳ беравериш одатлари йўқ эди-ю, вақти келганда бир оғиз сўзларидан хатоларимизни сезганларини билиб олардик. Отамнинг тарбиялари қимматини энди англаяпмиз... Улар биз билан худди катталардек гаплашар, ҳамма саволларимизга эринмай жавоб берардилар. Отамдан ҳеч қачон: “Билмайман. Менга халақит берма!” деган гапни эшитмаганмиз. Ҳайратланарли жиҳати шундаки, улардан ҳамма соҳадаги саволларимизга қаноатланарли жавоб олардик. Ҳаммамизда “Отамнинг энг яхши кўрган фарзанди менман” деган фикрни уйғота олгандилар ва биз бундан бахтиёр эдик. Олти фарзанднинг ҳар бири билан феъли, билим даражасини ҳисобга олган ҳолда суҳбатлашардилар. “Мағзи тўла бошоқнинг эгилишин кўр” каби маънога тўла ҳикматлари билан бизга камтарлик хислатини сингдиргандилар.

Замонамизнинг улуғ шоири Абдулла Орипов биз учун нафақат ота, балки беназир устоз ҳам эдилар. Шундай инсоннинг фарзанди бўлиб туғилиш Яратганнинг бизга берган энг катта инъомидир.

                                                                                                               Туҳфа Назарова тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1