1

Пластик картадаги пулларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

ЖАМИЯТ 24.03.2022, 17:34
Пластик картадаги пулларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Ахборот-коммуникация технологияларининг ҳаётимизга кенг жорий этилиши одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Яъни, бугунги кунда мобиль иловалар орқали кредит, коммунал хизматларни онлайн тўлов қилиш, кийим-кечак ва озиқ-овқатларни харид қилиш мумкин. Бу бир томондан вақтингизни тежаса, иккинчи томондан ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини оляпти. Мана шундай имкониятлардан айрим шахслар эзгу мақсад учун эмас, ғараз ва паст ниятларда фойдаланишмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов ўз фикрлари билан бўлишди.

Хусусан, электрон тўлов воситасидан ёки масофивий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб фирибгарлик, шунингдек, ушбу тизимлар орқали яширин равишда кириб ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ўғрилик жиноятлари содир этилмоқда.

Ушбу усул орқали содир этилаётан жиноятларнинг хавфли ва ачинарли томони жиноят содир этган шахс номаълум бўлиши, яъни республиканинг хоҳлаган қисмидан ёки чет элдан туриб амалга ошириши, етказилган зарарни қоплаш ва уни аниқлашда қийинчиликларни туғдирмоқда.

Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, бу каби жиноятлар сони ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2020 йилда шу мазмунда ички ишлар органларига 965 та мурожаат қилинган бўлса, 2021 йилда 1601 та мурожаат келиб тушган. Ҳали бу мурожаат қилингани. Камроқ миқдорда моддий зарар кўрган жабрланувчилар “овора бўлиб юраманми” қабилида иш тутиб шикоят қилмаганлар қанчадан қанча. Ўтган йилнинг ўзида банк пластик карточкаларидан пул маблағларини ўғрилик йўли билан фуқароларга 4 млрд. 495,5 млн. сўм зарар етказилган.

Шунингдек, банк ҳисобварағидан пул маблағларини ўғирлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Мисол учун, 2020 йил сентябрь ойида номаълум шахслар томонидан иккита банк томонидан фуқароларга очилган VISA тўлов тизимларига қилинган киберҳужум натижасида 466 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинган.

Амалиётда тўлов агрегаторларига (payme, click, oson ва бошқалар) боғланган телефон рақами ва банк пластик карточкаларидан ўғрилик фуқароларга тўловни амалга ошириш учун смс орқали юбориладиган 4 талик махсус код-рақамини ноқонуний йўл билан эгаллаб олиш билан содир бўлмоқда. Шунингдек, электрон савдо майдончалари (OLX ва бошқалар) орқали пул маблағларини ўғрилаш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Халқимиз меҳр-саҳоватга интиладиган, яхшиликни соғинадиган, бировнинг оғир кунида, бемор бўлиб қолганида кўмак беришга ошиқади. Энг ачинарлиси, ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларга эҳсон қилинган маблағларнинг ҳуқуқбузарлар томонидан фирибгарлик билан олиб қўйилиши уларнинг аҳволини янада оғирлаштирмоқда.

Маълумотлар таҳлилига кўра, мазкур жиноятларни содир этаётганларга нисбаттан қўлланилаётган жазо чоралари таъсирчан эмаслиги натижасида такроран жиноий фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу сабабли, бу каби қилмишлар учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маромига етказилмоқда.

Албатта, бу орқали ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш мақсад қилинган. Аммо, фирибгарлар домига тушиб қолмаслик, шу каби жиноятларнинг олдини олишда ҳушёрликни унутмаслик, алданмаслик, пластик карточкангиз ҳақидаги маълумотларни ҳеч кимга бермаслик энг тўғри йўл ҳисобланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1