1

"Ўлмас полк" замиридаги ўлмас наволар

ЖАМИЯТ 06.04.2022, 10:40
"Ўлмас полк" замиридаги ўлмас наволар

Мен шахсан Толстой, Пушкин, Достоевский, Грибоедов, Гоголь сингари даҳолар, буюк олимлар ва санъаткорларни дунёга келтирган буюк халқни ҳурмат қиламан. Аммо зинҳор-базинҳор Ер юзининг 15 фоизга яқин ерига тўймасдан, бошқаларни ватанига кўз тикаётган, Украинадаги қондошларини-да аёвсиз қирғин қилаётган, қадам босган жойни ўзига тегишли деб биладиган босқинчи қавмни эмас.

Бугун Георгий лентасини кўксига тақиб, “Ўлмас полк”ни шарафлаётган кимсаларни ҳам ўзбек дейишни ўзимга эп кўрмайман. Келинг, ана шу икки “нимарса” хусусида бироз тўхталиб ўтайлик.

“Георгий лентаси” нима ўзи? IV асрда яшаган насроний авлиёларидан бири номи билан аталадиган бу тасма илк бор 1856 йилда Севастополь мудофаасида қаҳрамонлик кўрсатган аскарларни руҳлантириш учун ўйлаб топилган, бир қарич латтадан ясалган мукофот. Бир пайтлар ана шу латтани кўкрагига чандиб олган Чор ҳукумати босқинчилари юртимизни босиб олгани, Туркистонни ўн йиллар давомида қонга ботирганини тарих китобларидан ўқиганман.

Георгий лентасини таққан “қаҳрамонлар” бир пайтлар Тошкентни қонга ботириб, Самарқандни тўпга тутганинин, Жиззахда асир олинган қўзғолончилардан қўрғошин ўқни қизғаниб, найза санчиб ўлдирганини, Қўқонни “ўликлар шаҳри”га айлантириб, Марғилонда исёнчилар жасадини ҳафталаб дорга осиб қўйганини, Бухорони бомбардимон қилиб, Хивада қирғин қилганини яхши биламан.

“Ўлмас полк” ҳаракати эса, Иккинчи жаҳон урушидаги совет қўшинларини шарафлаш, унда ҳалок бўлганларни ёд этиш мақсадида юзага келди. Дастлаб Россияда пайдо бўлган “Ўлмас полк” тадбирлари кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам ёйилди. Мазкур ҳаракат қоидаларига кўра, байрам кунлари Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган яқинларининг портретлари билан парадга чиқишади.. Ғалабани шарафловчи байроқларп, турли символикалар, шиорлардан фойдаланиши мумкин. “Ўлмас полк” тадбирларида реклама мақсадларида фойдаланиш тақиқланади. Айтиш жоизки, дунёнинг қаерида бўлмасин, “Ўлмас полк” тадбирлари асосан “Катта оға”нинг сиёсий босими ёки тарғиботи туфайли ўтказилмоқда ва молиялаштирилмоқда.

Бир қарашда бу ерда бирор нохушлик йўқ. Бизда ҳам икки миллионга яқин боболаримиз бу қаттол урушда қатнашишган, уларнинг учдан бир қисми қайтмаган. Бугун уларнинг номи ёд этиш ҳам миллий қадриятларимиз, ҳам давлатимиз сиёсатига зид эмас.

Аммо, марҳумларни ёд этишнинг бизда ўзига яраша удумлари, таомиллари бор. Бизда азалдан ҳеч ким ўтганларнинг руҳини шод қилиш учун унинг расмини кўтариб, кўчага югурмайди. Имкон даражасида, ортиқча исрофгарчиликсиз эҳсон бериши, уларнинг руҳига Қуръон ўқиши, қабрларини зиёрат қилиши мумкин.

“Ўлмас полк” тадбирларида эса, Георгий лентаси, СССР байроқлари, собиқ доҳийларнинг суратлари ва бошқа империалистик рамзларни ҳам кўз-кўз қилиш одатга айланган. Бир қарашда зарарсиз кўринган бу одат собиқ тузумни, қулликни қўмсаш, ёш авлодда ҳам уларга нисбатан хайрихоҳликни шакллантириш, шунингдек бугун “Катта оға”нинг ҳарбий салоҳиятини шарафлаш сингари яширин мақсадлар ҳам йўқ эмас. Бугун империалистик кучлар “Ўлмас полк” тимсолида ўзларининг ўлмас даъволари, ҳою ҳавасларини тарғиб қилаётгани аён.

Менинг назаримда яқинлашаётган байрам арафасида билиб-билмай, бизнинг ва бьошқаларнинг тупроқларида дарё-дарё қонларни тўккан босқинчилар армиясининг шон-шуҳратини кўкка кўтарадиган турли тадбирларга йўл берилмаса яхши бўларди.

Қандайдир ленталар, шиорлар, байроқ ё портретларсиз, Иккинчи Жаҳон урушида қатнашган боболаримиз руҳини дуо билан хотирлаш, тирикларни бориб зиёрат қилиш, уларнинг дуоларини олиш билан ҳам бу байрамни муносиб тарзда ўтказишимиз мумкин.

Такрор бўлса ҳам айтаман: мен шахсан Толстой, Пушкин, Достоевский, Грибоедов, Гоголь сингари даҳолар, буюк олимлар ва санъаткорларни дунёга келтирган буюк халқни ҳурмат қиламан. Аммо зинҳор-базинҳор Ер юзининг 15 фоизга яқин ерига тўймасдан, бошқаларни ватанига кўз тикаётган, Украинадаги қондошларини-да аёвсиз қирғин қилаётган, қадам босган жойни ўзига тегишли деб биладиган босқинчи қавмни эмас.

Эҳтимол кимдир 9 май куни Георгий лентасини кўксига тақиб, "Ўлмас полк" сафида бобосининг портретини кўтариб, парадга чиқишни кўзлаётгандир, лекин мен эмас...

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1