1

Президент маҳаллаларни обод, озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш масаласига ҳам тўхталди

ЖАМИЯТ 08.04.2022, 19:07
Президент маҳаллаларни обод, озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш масаласига ҳам тўхталди

Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.

Хусусан, “Пойтахт – маданият ва маърифат булоғи” лойиҳаси доирасида таниқли 400 дан зиёд маҳаллада мумтоз куй-қўшиқ ва мақом кечалари уюштирилди. Аҳоли учун 40 та спектакль, 70 дан зиёд миллий фильмлар намойиши, 20 дан ортиқ гала-концерт ташкил қилинди.

Мутасаддиларга “темир”, аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига киритилган аҳолини театрлар, музей ва концертларга бепул чипталар билан таъминлаш амалиётини йўлга қўйиш топширилди.

“Маҳаллада дув-дув гaп” лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 56 нафар фарзандининг суннат тўйлари ўтказиб берилгани халқимизга хос меҳр-оқибат ва мурувватнинг яна бир намунаси бўлди.

Ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар пойтахтимиз аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотиб, жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланаётганини ҳисобга олиб, бу ишлар кўламини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўтган йили янги “маҳаллабай” тизимини жорий қилиш мақсадида Тошкент шаҳрининг барча туманлари ва маҳаллаларига масъуллар бириктирилган эди.

Энди улар туман ва маҳаллаларни ривожлантириш бўйича барча масалалар билан шуғулланиш, жумладан ободончилик, озодалик ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби вазифалар ижросида маҳаллий ҳокимият органларига кўмаклашади. Жумладан:

- маҳаллаларда таниқли санъаткорлар, ижодкорлар ва спортчилар иштирокида концерт, адабий ва ижодий учрашувларни ташкил этиш;

- ҳар ойда камида 10 та эҳтиёжманд нуронийларни Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказларига саёҳатга олиб боришни уюштириш;

- ҳар йили камида 10 нафар эҳтиёжманд нуронийни санаторийда даволанишини таъминлашда туман раҳбарларига амалий ёрдам берилади.

Бундан ташқари, раҳбарлар ҳар бир маҳаллада кўчалар ва ариқлар бўйлари, кўп қаватли уйлар атрофига мевали ва манзарали дарахтлар, терак қаламчалари ва гул кўчатлари экишни ташкил этиши зарур.

"Яна бир масала – биз ўтган йили пойтахтдаги 579 та маҳалланинг ҳар бирига 2 млрд сўмдан, жами 1 трлн 158 млрд сўм маблағ ажратиб, ички йўлларни қуриш-таъмирлаш бўйича катта кўламдаги ишларни амалга оширдик.

Бу чора жуда яхши самара берганини ҳисобга олиб, жорий йилда ҳам ҳар бир маҳаллага республика бюджетидан 1 млрд сўмдан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан яна 1 млрд сўмдан ажратилади ва ички йўллар яхшиланади", деди Президент.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри бюджетининг прогноздан юқори тушуми ҳисобидан 200 млрд сўм маблағ маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.

“Тошкент шаҳри маҳаллаларини обод ва кўкаламзор қилиш ишлари, авваламбор, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, уларни рози қилишга йўналтирилган”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1