1

Икки хонанданинг ҳаёт, қўшиқ, оила ва болалар ҳақидаги 10 фарқли қараши

ШОУ-БИЗНЕС 14.01.2017, 12:32
Теглар: Хонанда, Шоу-бизнес
Икки хонанданинг ҳаёт, қўшиқ, оила ва болалар ҳақидаги 10 фарқли қараши

Лола АҲМЕДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда. 

Биринчи омад — продюссерим онам эканлиги! Чунки санъатда продессюр излаб қийналмадим, алданмадим. Кейин санъаткор ижодида биринчи ижро ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Илк қўшиғим — «Ёлғон сўзлаб...» билан элга танилдим. Давраларда шўх қўшиқлар янграб турганида, оғир бўлса ҳам, шу ашуламни куйлаб беришимни сўрашганларидан, вилоятларга хизмат сафарларига борганимизда хат ёзиб, илтимос қилишларидан билганманки, илк қадамим омадли кечган. 

Қулайликми ё гўзаллик? Охирги пайтларда оддийликни маъқул кўраяпман. Кийинишимдан тортиб ҳаёт тарзимгача. Безаклар, ҳашамдор либослар, турмаклардан чарчаганман. Айниқса, иккинчи ўғлим туғилгач, вақтимни қизғанадиган бўлдим. Кўп нарсага улгуришим, соғлигимни асрашим керак. Урфга мос кийинишни яхши кўраман-у, лекин танловга дуч келсам, қулайини танлайман. 

Бошқаларнинг фикри билан аввалари кўп ҳисоблашардим. Ҳозир ҳаётга бўлган қарашларим ўзгарган. Тўғри, элнинг назарида бўлганим учун одамларнинг фикрига қулоқ тутишим керак. Аммо кимгадир ёқиш учун ўзимга ёқмаган ишни қилишга мажбурмасман. Бора-бора ҳар бир инсоннинг ўз танловлари борлигини, ҳамма ўзи учун яшаши ва ўзи учун жавоб беришини тушуниб етаркансиз. Санъаткор бўлганимиздан кейин, яхшимизми-ёмонмизми, муҳокамага маҳкуммиз. Кимларнингдир мен ҳақимдаги салбий фикрларидан таъсирланмайман. Виждоним ва яқинларим олдида юзим ёруғлиги муҳимроқ мен учун.

Йиғлатгувчи қўшиқ. Охирги марта Шуҳрат Дарёнинг жонли ижродаги концерт дастурига тушиб йиғладим. Ҳозир аниқ номини эслолмайман, муҳаббат ҳақидаги тароналаридан биридан жуда таъсирландим. Жуда чиройли, сўзи ҳам, куйи ҳам юракка етиб борадиган қўшиқ эди. 

Муҳим вазифа — фарзандларимни соғ-омон улғайтириш. Кичкинам Муҳаммадали ҳали тўққиз ойлик. Ижодий фаолиятдан тўхтамаган бўлсам-да, барибир, эътиборимнинг катта қисми кенжатойимга қаратилган. Бирор соатга уйдан узоқлашсам, таги қуруқмикан, қорни тўқмикан, деб ўйлайвераман. Ижодда ҳам секин-секин фаоллашарман. Ҳозир болаларимнинг парвариши муҳим. Чунки улар бизнинг келажагимиз. 

Тенгдошлар. Ботир Қодиров, Алишер Файзнинг ижоди ёқади. Севара Назархонни тинглайман. Олис сафарга отланганимда йўлда Гулсанам Мамазоитованинг оғир қўшиқларини эшитаман. Узоқ йўлда билинаркан, овознинг кучи, қўшиқнинг савияси. Ҳилола Ҳамидованинг «Муҳаббат бахти» деган қўшиғини жуда яхши кўраман, мана шу қўшиқ менда булганда эди, дея ҳавас ҳам қилганмагн. «Энди мени қалбима муҳаббат ўт ёқмайди, Юрагимда бир тош бор, эримайди, оқмайди». Ҳилолага ҳам айтганман, «Шу қўшиғингиз жуда чиройли чиққан», деб. Ёшлардан Зиёданинг ижоди ёкади.

Уялиш... Сурхонча ашулам бор — «Бўз бола». Шевада куйланган, «жўқ», «энанг» деган сўзлари бор. Илк бор куйлаганимда роса уялганман ва кулиб-кулиб айтганман. Менинг йўналишиммас-да шевада куйлаш. Ҳосила опа, Маҳмуд ака айтса, завқланиб тинглардим. Яна қозоқ тилида қўшиқ куйлашга ҳам тортинганман. Тилингиз келишиб кетгунча шунақа бўлади ўзи.

Оила. Бир афоризм бор, бахт сукунатни яхши кўради, деган. Эътибор берсангиз, мен оилам ҳақида ҳадеб гапиравермайман. Кўз, назар деган гаплар бор. Доимо яхши нарсаларимни, яъни бахтимни асрашга ҳаракат қиламан. 

Болалар. Уларга авваломбор ҳавас қиламан. Чунки улар тинч ва бахтли замоннинг фарзандлари. Беғубор, беғам даврларини яшашаяпти. Менда бахтли болалик бўлмаган. Қийничилик, онамга ёрдам бериш билан болалигим ўтган. Шунгами, болаларим яхши шароитда ўсишини ва билим олишини истайман. Дадаси иккимиз доим шунга ҳаракат қиламиз. Яқинда Исломбек уйимиз ёнидаги дўкондан нон олиб чиқди. Унинг катта бўлиб қолганини кўриб, хурсандлигимдан кўзим ёшланди.

Айни пайтда... Яхши маъмурим бўлишини истаяпман. Онамни чарчатиб қўйишни хоҳламайман, авайлайман, ҳатто кичкинамга дарров энага ёлладим волидамни қийнамай деб… Беш фарзандмиз, ҳаммамиз учун ёниб-куядилар. Шун кунларда оиламизда ширин ташвишлар бошланган, яъни укамни яқинда уйлантирамиз.

Бир аёл бахтли бўлиши учун нимаики керак бўлса, шукр, ҳаммами бор менда. Тинч, осойишта юртда яшаяпмиз, шу сабаб ҳам ўзимни жудаям бахтли инсон деб ҳисоблайман! 

Гуласал АБДУЛЛАЕВА, Ниҳол мукофоти совриндори, хонанда. 

Биринчи омад — Қиз бола бўлиб дунёга келганим ва менга овоз берилгани. Биринчи қўшиғим «Жафоларинг» катта ёшдагиларга ёққан-у, аммо жуда оммалашмаган. «Кўчаларга сув сепсам» ҳам ҳамманинг эътиборига тушмади. «Тақ-туқ» эса тингловчиларга тез ёд бўлиб кетди. Сўзлари оддий, эсда қоларли бўлгани учун менимча. Энг қизиғи, ёш болалар яхши кўришади. «Болам мухлис шу қўшиққа», «Неварамга ёқади» дейишади аёллар. 

Қулайликми ё гўзаллик. Мен оддийлик тарафдориман. Аммо саҳна баланд пошна, жуда чиройли либосларни талаб қилади. Шунгами, кўчага, ўқишга киядиган кийимларимнинг оддий ва қулай бўлишига эътибор қаратаман. 

Бошқаларнинг фикри. Санъатга энди кириб келганимда, гап-сўзлардан жуда таъсирланардим. Инстаграммга расм қўйсам, ҳар доим яхши гаплар ёзишганига ўрганиб қолган эканманми, бир марта номаъқул изоҳлар қолдиришганида роса йиғлагандим. Ўшанда продюссерим Саид ака «Дарров йиғлаб, кўз ёш қилма. Кулиб, йўлингда давом этишни ўрган», деганди. Гап-сўзларни жим туриб енгишни ўрганаяпман. Бошқа масалаларда атрофимдагиларнинг фикрини тинглайман. Ўзимники тўғри деб, қайсарлик қиладиганларданмасман. Қарама-қарши фикрларни доим таҳлил қилиб, кейин бир қарорга келаман. Қолаверса, мени назорат қилиб, ҳимоя қиладиган яқинларим, устозим бор. Ижод қилиш учун пойтахтга отланганимда гап-сўзларни ўйлаб, онам бироз иккиланганди. Ўшанда дадам «Мен сенга ишонаман», дея оқ фотиҳа берган. Қаерга бормай, шу сўз қулоқларим остида ва мен бу ишончга хиёнат қилмайман. 

Йиғлатгувчи қўшиқ. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиеванинг «Она, мен келдим, дегин» қўшиғини ҳар эшитганимда йиғлаяпман. Самарқандга фестивалга борганимизда Юлдуз опа билан бир хонага жойлашдик. Кечқурун «Гуласал, бир қўшиқ ёздим, ҳали янги, эшитиб кўрасанми?» деди. Тинглаяпман-у, кўз ёшларимни тўхта олмаяпман. Онам Наманганда. Мен ўқиш, ижод билан бўлиб, тез-тез боролмайман. Соғинч ҳисси доим кўзларимга ёш қалқитади.  

Муҳим вазифа. Олдимга қўйган мақсадларим, бажаришим керак бўлган ишларим кўп. Талабалик, фарзандлик бурчларини адо қилишим керак.  Ижодимни бойитишим лозим. Ҳозир кўпроқ шунга эътибор қаратаяпман. Мен анча пишиқ ва меҳнаткаш қизман. Мактабда ўқиб юрганимда, ҳар куни ўқишдан сўнг қўшни қишлоққа мусиқа мактабига қатнардим. Пиёда 40 дақиқалик йўл эди. Тўрт йил давомида қишнинг совуғида ҳам яёв бориб-келардим. Чунки оддийгина оиланинг қизиман, йўлкирага ортиқча пул сарфлашни истамасдим. Қарорим эса қатъий эди: санъаткор бўламан! 

Тенгдошлар. Мен санъатда кенжатойман-ку! Ёш жиҳатдан ҳам, тажриба томонлама ҳам. Янги чиққанлардан Феруза опанинг «Дастингдан» таронаси жуда ёқди.   

Уялиш... «Ёргинамдан уяламан» деган эски ашулани куйлаганимда образга кириб, қиз болаларга хос андишани кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан. Чин маънода эса ота-онамнинг олдида куйлашга уяламан. Севги ҳақидаги қўшиқларни айта туриб, дадамдан жуда хижолат бўламан. Илк бор пойтахтда тўй хизматига чиққанман. Ўшанда ҳам уялиб, ҳам чўчиб, жуда ҳаяжонланганман. 

Оила. Ҳали бу ҳақда аниқ тассавурларим йўқ. Онам доим «Қиз бола нимаики ният қилса, эришади. Яхши оилам бўлсин, деб ният қилгин», дейди. Мен ҳам бунга ишонаман. Хонандалигим шахсий ҳаётимга соя солмайди. Опаларим — Гулсанам Мамазоитова, Юлдуз Турдиева, Зиёдалар билан доим биргамиз. Уларнинг санъатда ҳам, оилада ҳам бахт топганларини кўриб, «Мана, рисоладагидек оила бекаси улар, шириндан-шакар фарзандлари бор», дея хотиржам тортаман.   

Болалар. Мен доим оналар ва болаларга талпинаман. Кичкинтойлар жону дилим. Продюссерим Саид аканинг ҳовлисида яшайман. Устозим мени қизим деган. Ўқишдан ё хизматдан қайтсам, неваралари «Аммажон» дея чопқиллаб чиқиб, қучоқлаб олишади. Болажонлар билан бекинмачоқ ўйнаб, дам оламан. Эртак айтишга ҳам устаман. 

Айни пайтда... Зўр қўшиғим бўлишини истаяпман. Бир нечта янги тароналар устида иш бошлаганмиз, тезроқ шуларни куйлаб, тингловчиларга ҳавола этишга шошаяпман. 

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА

Шарҳлар

Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН... 1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари....
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1